Оққўрғон воқеаси унутилмоқда. Болалар нимадан заҳарлангани ҳамон номаълум
6 ёшли Висоланинг аввалига томоғидан сув ўтмай қолган, борган сари аҳволи оғирлашиб, ўзини отишни бошлаган. Шу билан комага тушиб, икки марта юраги тўхтаб қолган, ўпкасига трубкалар уланган… Шахсан бош прокурор назорати остидаги жиноят ишини тергов қилаётган органни топиб бўлмаяпти.
Август ойининг энг мудҳиш воқеаси – оққўрғонлик боғча болаларининг заҳарланиши, десак адашмаган бўламиз. 30 нафар боланинг шифохонага ётқизилиши дастлаб шов-шув бўлиб, бош прокурор даражасида назоратга олиниши айтилган ҳолат вақт ўтиши билан барчанинг эътиборидан четда қолиб бораётгандек туюлмоқда.
Консерва маҳсулотлари бўйича 12 кунда чиқиши айтилган текширув натижалари қарийб 1 ой бўлибдики, ҳамон эълон қилингани йўқ.
Бир ўлимдан қайтган болалар
Биз Оққўрғон туманида бўлиб, дастлаб заҳарланган болаларнинг ота-оналари билан суҳбатлашдик.
“Қизим Очилқулова Мадинани 5-боғчага бериб келамиз. 10 август куни касалхонага тушдик, 13 август куни тузалиб чиқдик”, – дейди Насиба Бешимова.
“Касаллик ҳақида эшитганимдан кейин бир куни Абдуллоҳнинг томоғи қизариб, иситмалагани туфайли уни юқумли касалликлар шифохонасига ўз ихтиёрим билан олиб бордим. Фарзандим 3-4 кун ётиб, яхши бўлиб кетди. Ҳозир аломатлари йўқ”, – дейди тузалиб чиққан болалардан яна бирининг отаси Ҳасан Чинташев.
Касалликни оғир ўтказаётган болаларнинг оталари эса фарзандлари ва ўзларининг бошидан ўтган воқеаларни кенгроқ сўзлаб беришди.
“Ўғлим Афзалбекда 1 августдан бошлаб касаллик симптомлари билинди. Лекин айнан мана шу касаллик эканини билмаганмиз. 6 август куни бола билан бирга Янгийўлга бордик. Болалар бўлимига жойлаштиришди. У ерда айнан овқатдан заҳарланган деган ташхисни қўя олишмади. Ўғлимнинг ҳолати жуда хавфли кўринишга келиб қолди. Болам ўзини билмай қолди. 3,5 яшар бола “дада, мен ўламанми” деб сўраганидан сўнг ўзимни йўқотиб қўйдим.
8 август куни болани 16-шифохонага олиб бордим. Реанимацияга жойлаштиришди. 1-сонли юқумли касалликлар шифохонасидан Нилуфар опани чақиришди. У келиб, болани кўриши билан “бу ботулизм, овқатдан заҳарланган” дея ташхис қўйди.
Кейин мен вазир ўринбосари Элмира опага кирдим. У киши боламни 1-сонли юқумли касалликлар шифохонасига ўтказдирди, тўртта шифокорни бошига олиб келиб қўйди” – дейди Умид Ўсаров.
Унинг қўшимча қилишича, болага тўғри ташхис қўйилгунича орадан бир неча кун ўтиб кетган ва бой берилган фурсат туфайли боланинг аҳволи янада оғирлашган.
Айни дамда Тошкент шаҳри 1-сонли юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган 3 ёшли Шоҳжаҳон Омонқуловнинг отаси Абдузуҳур Ускановнинг фикрлари ҳам Умид Ўсаровникига ўхшаш бўлди.
“Илк белгилари 1 август куни намоён бўлган – эрталаб ўғлимни уйқудан уйғотган пайтимда кўзлари сузилган, сезгирлиги паст эди. Ойиси “уйқуга тўймаган, чарчаган бўлса керак”, деди.
Ўғлим 2 август куни боғчага бориб келганидан кейин ҳам худди шу аҳволда, қовоқлари тушган, ўзгариш йўқ эди.
3 август куни уйқудан турганимизда ҳам яна шу карахт аҳволда эди. Поликлиникага олиб бориб, шифокорга кўрсатса, шифокор “боланинг қони кам, анализ топширинглар”, дебди.
5 август куни эрталаб боламни Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасига олиб кетдим. Бораётганимизда ярим йўлда болам комага тушди” – дейди Абдузуҳур Усканов.
30 нафар бола ичида касалликни энг оғир ўтказаётгани, шубҳасиз, 6 ёшли Висола Ҳасанова ҳисобланади. Унинг отаси Шерзод Ўрозовнинг айтишича, қизи дастлаб қайт қилган. Поликлиникага олиб борилганида тўғри ташхис қўйилмаган.
“Эртаси куни эрталаб олдимга кирди. “Дада, кўзимга иккита кўриняпсиз” деди.
Юқумли касалликлар шифокорига кўрсатсак, “ошқозонида бузилиш бор, ювиш керак”, деди. Энди қизимнинг томоғидан сув ўтмай қолди, лоҳас бўлиб ётди. Борган сари аҳволи оғирлашиб, ўзини отишни бошлади. Шу билан комага тушиб қолди. Шу даврда икки марта юраги тўхтаб қолди. Ўпкасига трубкалар уланди. Худойим қизимни 2 марта қайтариб берди” – дейди Шерзод Ўрозов.
Заҳарланишга сабаб бўлган маҳсулот бўйича турли тахминлар
Болалар қайси озуқадан заҳарлангани хусусида ота-оналар ўз тахминларини билдирди.
Ҳасан Чинташев заҳарланиш мураббо ёки бошқа кўринишдаги консерва маҳсулотидан келиб чиққан, деган эҳтимолни билдирди. Умид Ўсаров эса эритилган пишлоқдан гумон қилаётганини билдирди.
“Ўғлимдан ташқари қизим ҳам ўша боғчага боради. Қизим пишлоқнинг ҳиди ёқмагани учун уни емаган, шу учун қизимда бу касаллик кузатилмади” – дея қўшимча қилди Умид Ўсаров.
Боғча мудираси билан кўришиб бўлмади
Ҳолат бўйича изоҳ олиш мақсадида Оққўрғон туманидаги 5-сонли боғча мудираси Нилуфар Мамадалиева билан боғландик. Бироқ, у мазаси йўқлигини айтиб, изоҳ беролмаслигини билдирди.
“Шаҳар бедарвоза эмас”
Шундан сўнг, маълумот олиш учун Оққўрғон туман мактабгача таълим бўлимига мурожаат қилдик. Бўлимнинг ҳисобчиси Лобар Нурбоеванинг маълум қилишича, 5-сонли боғчага консерва ва бошқа бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларини шартнома асосида “SABR SADO TIJORAT” МЧЖ етказиб келган.
“Касаллик “SABR SADO TIJORAT” МЧЖ етказиб берган маҳсулотдан чиқди, деб ўйламайман. Чунки, ҳозирги кунда Covid-19 касаллигига чалинди, деган тахминлар ҳам бор. Шаҳар бедарвоза эмас, ҳамма маҳсулотлар сертификати, маълумотномаси билан келади”, – дейди МТБ ҳисобчиси.
“Маҳсулотларни улгуржи бозордан харид қиламиз”
Биз “SABR SADO TIJORAT” МЧЖ таъсисчиси Гулжаҳон Аллабердиева билан боғландик.
Тадбиркорнинг айтишича, жамият озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланмайди, балки маҳсулотларни улгуржи бозордан харид қилиб, мактабгача таълим ташкилотларига етказиб беради. Етказиб бериладиган маҳсулотларнинг сифати ҳақидаги саволимизга у барча маҳсулотлар сертификатга эга бўлганини билдирди.
Гулжаҳон Аллабердиева консерва маҳсулотларини қайси компания ишлаб чиқаргани ҳақидаги саволимизни жавобсиз қолдирди.
Консерва маҳсулотлари санитария текширувидан ўтказилмаган
Оққўрғон туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи Бешим Бобоев боғчага етказиб берилган маҳсулотлар бўлим томонидан санитария текширувидан ўтказилмаганини маълум қилди.
“Биз 3-4та озиқ-овқатдан гумонсирадик. Биринчиси, “Повидло яблочное” ёзуви туширилган маҳсулот. Шу маҳсулотнинг кўриниши унча яхшимас эди, суюқроқ эди”, – дейди Бешим Бобоев.
Қўшимча қилинишича, ўрик ва апелсинли жем, қуюлтирилган сут ва эритилган пишлоқдан ҳам таҳлил учун намуналар олинган ва текшириш учун Тошкентга жўнатилган. Намуналар ботулизмга гумон қилиш бошланган 9 ва 10 август кунлари олинган.
“Боғчада 100тача бола бор, лекин нега 5-6таси ботулизмга гумон қилинди, деган савол туғилади. Тахминий сабаб шуки, банка очганда банканинг устки қатлами ёки унинг заҳар кўпроқ жойини еган болалар касалланган бўлиши мумкин. Бу тахмин.
Аслида, тартиб-қоида бўйича банка очилганда болалар еган маҳсулотдан бир миқдори “суточное проба” учун олиб қўйилиши керак. Лекин у олинмаган. Боғчадаги ҳамширамиз “Суточное проба” учун фақат биринчи, иккинчи ва учинчи овқатлардан намуна олиб қолган. Буларни ҳам биз анализга олдик”, – дейди бўлим бошлиғи.
Бешим Бобоев консерва маҳсулотларидан суткалик намуналар олинмагани сабабини ушбу маҳсулотлар сифатлилига ишонилгани билан изоҳлади.
“Чунки унга ишонч бўлган. Уй шароитида эмас, заводда тайёрланган бўлган. Заводда тайёрланган консерва маҳсулотларига ҳаммамиз ишонамиз, уларни уйда ҳам истеъмол қиламиз.
Балки, шу маҳсулот тайёрланаётганда заводда қандайдир технологик жараён бузилган бўлиши мумкин. Оддий мисол, банкадаги маҳсулотнинг тузи ёки шакари кам бўлса, микроб ривожланиши осонроқ бўлади.
Ўша пайтда консерва маҳсулотлари санитария текширувидан ўтмаган. Чунки, ундан ҳеч ким гумонсирамаган. Мен 40 йилдан бери ишлайман, ҳеч бундай воқеа содир бўлмаган. Аслида ҳар бир заводнинг ўзининг лабораторияси бўлади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ўша лаборатория текшириши керак”, – деди Бешим Бобоев.
Мутахассис бундан кейин шунга ўхшаш ҳолатлар такрорланмаслиги учун мактабгача таълим ташкилотларида консерва маҳсулотлари истеъмолини бутунлай тўхтатишни таклиф қилди.
“Туя гўшти еган” текширув
Гумон қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олиниб, текширувга берилганига 20 кундан ошибдики, 12 кунда чиқиши айтилган натижалардан ҳамон дарак йўқ.
Бешим Бобоевнинг сўзларидан хулоса қилиб, айнан болалар истеъмол қилган банкалардан намуна олинмаганини эътиборга олсак, бу текширувлардан бирор аҳамиятли нарса аниқланиши ҳам даргумон.
Қолаверса, болаларга едирилган консерва маҳсулотларининг санитария текширувидан ўтказилмагани ва улардан суткалик намуналар олинмагани “шаҳар бедарвоза бўлиб келгани”ни англатади.
Ота-оналар тергов суст ўтказиляпти, деб ҳисобламоқда
Умид Ўсаровнинг айтишича, болаларга ботулизм ташхиси қўйилган куни кечқурун боғча омборхонасидан айрим озиқ-овқатлар яширинча олиб чиқиб кетилган ва буни боғчага қўшни уйларда яшовчи кишилар кўрган. Шунингдек, у ҳали бирор марта терговга чақирилмаганини айтиб, бундан норозилигини билдирди.
Терговни қайси орган олиб боряпти?
Жиноят иши бўйича маълумот олиш учун Оққўрғон тумани прокуратурасига учрадик. Прокуратура ходими жиноят ишини дастлаб ўзлари қўзғатганини, бироқ ҳозирда терговни Тошкент вилояти ИИББ Тергов бошқармаси олиб бораётганини маълум қилди.
Шундан сўнг, Тошкент вилояти ИИББда бўлдик. Бош бошқарма ахборот хизмати сўровимизга асосан Тергов бошқармаси билан боғланди ҳамда жиноят иши бўйича тергов бош бошқарма эмас, вилоят прокуратураси томонидан олиб борилаётганини билдирди.
Тошкент вилоят прокуратураси ахборот хизмати ходими Арслонбек Тошпўлатов эса жиноят иши тергови вилоят прокуратурасида эмаслигини билдирди. Прокуратура расмийси тергов қайси ташкилотда эканини билиб беришини айтган бўлса-да, кейинги қўнғироқларимизни жавобсиз қолдирди.
Ушбу ҳолатда ОАВга ёлғон маълумот беришдан кимга қандай фойда борлиги ҳозирча бизга қоронғи.
Боғча тарбияланувчисининг ўлими пневмония билан ниқобланмоқдами?
Расмий дея тақдим этилган маълумотларда 5-сонли боғча тарбияланувчиси Маржона Бахтиёрова 2021 йил 2 августдан 7 августга қадар икки томонлама ўчоқли пневмония ташхиси билан даволангани, шунга қарамай, пневмония касаллиги асоратларига кўра юрак қон-томир етишмовчилиги туфайли 7 август куни вафот этгани айтилган.
Марҳумда мия шиши ҳолати кузатилгани, қолаверса унинг вафоти бошқа болалар бирин-кетин комага тушганидан кейин юз бергани эътиборга олинса, ўлимга сабаб сифатида пневмония кўрсатилаётгани шубҳаларни орттиради. Шу туфайли, кўрсатилган ўлим сабаби шубҳа остига олиниб, ҳолат яхшилаб ўрганилиши лозим.
Ура-урадан сўнг тезда унутилган жабрдийдалар
Мавзунинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, фарзандлари заҳарланган ота-оналар ўз ҳолларига ташлаб қўйилган. Болаларни даволатиш харажатлари уларнинг ота-оналари зиммасига тушмоқда.
Умид Ўсаров 1-сонли юқумли касалликлар шифохонасида айрим дорилардан ёрдам берилганини инкор этмаган ҳолда, қолган вазиятларда кўплаб дориларни ўзи сотиб олаётганини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирча 5 млн сўмга яқин харажат қилган ва ҳали бу ҳаммаси эмас. Яъни фарзанди касаллик асоратларидан тўлиқ фориғ бўлиши учун 2 йил давомида нейрохирургия марказида ҳисобга қўйилиб, даволаниб бориши лозим.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Оққўрғондаги ҳолатни тезда унутиб юборишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Тергов органлари ҳолатни атрофлича ва холисона ўрганиши лозим, соғлиқни сақлаш тизими эса савобли ишни охиригача амалга ошириши мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, боласининг изидан Тошкентга овқат ташишдан ташқари, уларга дори-дармон ҳам олиб бериш унча-мунча ота-онани чарчатиб қўйиши тайин.
Яна бир хулоса шуки, заҳарланиш ҳолатлари такрорланмаслиги учун болаларга бериладиган озуқаларнинг текширувини кучайтириш, шунингдек мактабгача таълим ташкилотларида консерва маҳсулотлари ва ботулизм хавфини пайдо қиладиган барча турдаги маҳсулотлардан бутунлай воз кечиш лозим.
Аббос Салайдинов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов
Мавзуга оид
17:20 / 17.10.2024
Тошкент вилоятида ҳожатхонага тушиб кетган қизча қутқариб қолинди
09:32 / 13.02.2024
Оққўрғонда тадбиркорнинг қарийб 700 минг доллар пулини қўлга киритган шахслар аниқланди
14:34 / 02.02.2024
Оққўрғон суди раиси “қўл учида” ёзилган ҳукм учун жаримага тортилди
13:48 / 26.01.2024