Ўзбекистон | 14:34 / 02.02.2024
7631
2 дақиқада ўқилади

Оққўрғон суди раиси “қўл учида” ёзилган ҳукм учун жаримага тортилди

Ўтказилган хизмат текширувида “E-XSUD” электрон базасига икки эркакнинг “жин чиқариш” пайтида 42 ёшли аёлни ўлдириб қўйиш билан боғлиқ жиноят иши ҳукмининг лойиҳа варианти киритилгани аниқланган.    

Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон тумани суди раиси Санжар Исақуловга жарима интизомий чораси қўлланди. Бу ҳақда Судялар олий кенгаши маълум қилди.  

Тошкент вилоят судлари судялари малака ҳайъати томонидан ўтказилган хизмат текширувида Р.Б. ва бошқаларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ёзилишида жиддий эътиборсизликларга йўл қўйилгани, хусусан, бепарволик оқибатида ҳукмнинг лойиҳа варинати “E-XSUD” электрон базасига киритилгани тасдиғини топган.  

Қайд этилишича, хизмат текшируви якунлари Тошкент вилояти судлари судялари малака ҳайъатида муҳокама қилинган ҳамда жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди раисига нисбатан маошининг 20 фоизи миқдорида “жарима” интизомий жазо чораси қўлланган.  

Kun.uz олдинроқ жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди раиси Санжар Исақуловнинг ҳукмида сон-саноқсиз орфографик ва грамматик хатолар, мазмун жиҳатдан телба-тескари жумлалар ишлатилиб, одам тақдирига дахлдор ҳужжатга қўл учида муносабат қилинаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. Мақолада С.Исақулов раислигида кўрилган ишлардан бири – икки эркакнинг “жин чиқариш” пайтида 42 ёшли аёлни ўлдириб қўйиши билан боғлиқ жиноят иши ҳукмидан мисоллар келтирилганди. Kun.uz мақоласидан сўнг Тошкент вилояти судлари судялари малака ҳайъати раисининг 2024 йил 24 январдаги фармойишига мувофиқ Санжар Исақуловнинг ҳукмидаги хато ва ноаниқлик ҳолатлари бўйича хизмат текшируви ўтказиш белгиланганди.  

 

Мавзуга оид