Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Энди сени ўлдирамиз». Чеченистонда ҳужумга учраган журналист ва адвокат тафсилотларни гапириб берди
Чеченистонда ҳужумга учраган Елена Милашина ва Александр Немовни Москвадаги шифохонага етказишди. «Эха Москва»нинг собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктовнинг айтишича, улар эвакуация қилинган махсус борт хусусий компания томонидан тақдим этилган.
Фото: Алексей Венедиктовнинг Telegram-канали
Милашина ва Немов чоршанбага ўтар кечаси Владикавказдан учиб кетган. Уларга шифокорлар, шунингдек Венедиктов ҳамда Милашина ишловчи «Новая газета» нашри бош муҳаррири Дмитрий Муратов ҳамроҳлик қилган.
Москвада уларни тез ёрдам машинаси кутиб олган ва Москвадаги шифохоналардан бирига олиб кетган (Венедиктов эълон қилган фотога кўра, гап Боткин шифохонаси ҳақида бормоқда).
Ҳужум 4 июл куни рўй берганди. «Калтаклаш вақтида уларга шундай дейишган: Сизни огоҳлантиргандик. Бу ердан кетинг ва ҳеч нарса ёзманг», — дейилади «Мемориал» хабарида. «Қиноқларга қарши жамоа»га кўра, ҳужумдан кейин Немов ва Милашина юра олмай қолишган, адвокатнинг оёғига пичоқ тиқиб олинган, Милашинанинг бутун танасида калтак излари қолган, сочи эса қириб олинган ва зелёнка сепилган.
Немов ва Милашина Грознийга Зарема Мусаеванинг судида иштирок этиш учун келишганди. Улар судга бора олишмади. Аэропортдан Грознийга келиш йўлида уларнинг автомобили қуролланган шахслар томонидан тўсиб чиқилган, кейин журналист ва адвокатни калтаклашган, қурол билан таҳдид қилишган, ҳужжатлар ва техникаларни тортиб олиб, йўқ қилишган.
Кремлда сешанба куни бу ҳужумни «қаттиқ чора кўришни талаб қиладиган» «жиддий ҳодиса» деб баҳолашди.
«У билан боғландик ва бир соат ичида бизда самолёт бор эди»
Журналист Милашина ва адвокат Немовни Бесландан Москвага элтган махсус борт авиация бизнеси билан шуғулланувчи хусусий компания томонидан тақдим этилган, бу ҳақда Алексей Венедиктов «Дожд»нинг эрталабки эфирида айтиб ўтган.
Журналист ва адвокатни ҳужум рўй берган Грознийдан Шимолий Осетияга тез ёрдам машинасида олиб келишган.
Венедиктовнинг сўзларига кўра, Муратов ундан эвакуацияни ташкиллаштиришда ёрдам беришни сўраган. «Мен ўзим учун ёрдам бериши мумкин бўлган 12 киши рўйхатини тузиб чиқдим», — деган Венедиктов.
Унинг сўзларига кўра, биринчи қўнғироқдаёқ унга «Россияда самолётлар билан шуғулланувчи» ва бизнес-жетлар парвозини ташкиллаштириб берувчи одам борлиги ҳақида айтишган: «Мен у билан боғландим ва бир соат ичида бизда самолёт бор эди, кейин эса тиббий гуруҳ керакми, Москвадан олиб бориш керакми, деган савол қўйилди».
Якунда жабрланувчиларга икки шифокор ҳамроҳлик қилган, чунки адвокат Немовнинг сон қисмида тиғ жароҳати бор эди.
Венедиктов самолёт берган компания номини очиқламаган. Унинг сўзларига кўра, бу «авиация хизматлари кўрсатувчи» хусусий фирмадир.
Ташув ҳақида келишгач, Венедиктов бу ташкилот раҳбарига қўнғироқ қилган ва ташув нархи қанча бўлишини сўраган: «Менга нима дейишди — Алексей Алексеевич, барчаси аллақачон ҳал қилинган».
«Мен сизга айтаман, бу мавзуда гаплашмаймиз, барчаси аллақачон ҳал қилинган», — дея компания раҳбарининг сўзларини келтирган «Эха Москва»нинг собиқ бош муҳаррири.
«Агар соғлиқни сақлаш органлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Чеченистонда ҳам, Осетияда ҳам, Москвада ҳам биз мутлақо тўлиқ, уникал, бенуқсон ёрдамга гувоҳ бўлдик, — деган Венедиктов BBC нашрига. — Грознийлик шифокорлар Александрнинг ҳам, Ленанинг ҳам ҳолатини барқарорлаштиришди, бу факт. Бунинг учун уларга улкан миннатдорчилик билдирамиз. Улар, Лена айтганидек, уларнинг атрофида гирдикапалак бўлишган».
Аэропортларда — Бесланда ҳам, Москвада ҳам — «тез ёрдам»ни трапгача ўтказишган, Венедиктов буни транспорт вазирлигининг саъй-ҳаракати деб атаган. Москвада «Внуково» билан музокаралар, Муратовнинг розилиги билан пойтахт соғлиқни сақлаш департаменти томонидан олиб борилган.
«Бармоқларимни синдирмоқчи бўлишди»
Немов ва Милашина Грознийга Чеченистон олий судининг собиқ ҳаками Сайди Янгулбаевнинг турмуш ўртоғи, 2022 йил январида Нижний Новгороддан чеченистонлик ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўғирлаб кетилган Зарема Мусаеванинг судида қатнашиш учун келишганди. Якунда адвокат Немов ўз ҳимоясидаги шахс устидан суд ҳукми ўқилган жараёнда қатнаша олмади, унинг йўқлигида Зарема Мусаевани 5,5 йил муддатга умумий тартибли колонияга қамашди.
«Қийноқларга қарши жамоа» томонидан эълон қилинган видеода Милашина ҳужум тафсилотларини гапириб берган.
«Биз келдик, мен багажни олдим, — дея эслайди журналист. — Биз 10 дақиқа кутиб турдик, такси келди – кумушранг «Приора». Унга ўтирдик, 500 метрча юрдик. Биз «Север» базасидан [Ахмат-ҳожи Қодиров номидаги 141-махсус моторлаштирилган полк] ўтдик. Шу вақтда бизни уч машина қувиб келди».
«Ҳар бир машинада камида тўрттадан одам бор эди, улар таксистни машинадан улоқтиришди ва бизнинг бошимизни пастга эгишди. Қўлимни орқага қилиб боғлашга уринишди, Сашага, афтидан, пичоқ уришганди — чунки, ундан қон оқарди. Озроқ юрдик ва машина тўхтаб қолди. Улар уни юргиза олишмади, кейин бизни қандайдир жарликка олиб тушишди ва шу ерда калтаклай бошлашди. Менимча, улар камида 10-15 киши эди. Кўпчилик эди. Кимдир сумкаларимизни тита бошлади, унда техникалар бор эди: улар [техника] паролларини айтишимизни талаб қилишди. Ноқулай вазият эди, менинг паролларим анча мураккаб эди, улар эса талаб қилишарди: „Рақамларни айт!“. Менда эса рақамлар йўқ, менинг паролим тўрт рақамли эмас. […] Улар эса буни тушуна олишмасди».
«Улар буни англаб етишганида, бу вақтда менинг сочимни қириб ташлашган ва кўзларимга зелёнка сепиб бўлишганди, мен ҳеч нарсани кўрмасдим ва парол тера олмасдим», — дея изоҳлайди Милашина.
Милашинанинг аниқлик киритишича, ҳужум қилган шахслар унинг бармоқларини синдирмаган, унда мия чайқалиши қайд этилган, синиш эса йўқ.
«Улар ўз имкониятлари ва чекловларини яхши тушунар, нима қилаётганини яхши билишарди. Уларда паролларни қўлга киритиш бўйича қатъий топшириқ бўлган, — деб ҳисоблайди журналист. — Сашани жуда қаттиқ уришарди, унга тўғридан тўғри шундай дейишди: ўзингни ҳимоя қил, бу ерда кимнидир ҳимоя қилишнинг кераги йўқ. Мени ҳам уришди, [бармоқларимни] кесиб ташлаш билан таҳдид қилишди, бармоқларимни синдирмоқчи бўлишди. Синдиришмади».
«Қийноқларга қарши жамоа» вакиллари Милашинага шундай савол беришган: «Энди нима бўлади, сен Грознийга бошқа келмайсанми?» — «Албатта, келаман. [Зарема Мусаевага чиқарилган] ҳукм устидан апелляция берилади, Саша адвокат сифатида, мен эса журналист сифатида учиб келамиз. Огоҳлантирамиз, ўнгга ёки чапга эмас, фақат судга борамиз».
Самолётда олинган видеода, Милашина ҳужум қилганлар телефонни блокировкадан чиқариш учун пичоқ билан «бармоқларини кесишни бошлашгани» ҳақида айтиб берган. Унинг сўзларига кўра, ўша паллада негадир iPhone унинг бармоқларига очилмаган.
«Жиддий мия чайқалиши бор, аммо синиш йўқ. Улар нима қилаётганини биларди ва шошиларди... Улар пулга тегишмаган, ёнимда командировка учун берилган 13 минг рубл бор эди, — деганди Милашина. — Банк карталаридан бирортасини олишмаган. Уларни бошқа ҳеч нарса қизиқтирмаган, фақат техника қизиқтирган. Бу бизнинг Чеченистондаги касбий фаолиятимиз билан боғлиқ эди».
BBC учун берган изоҳида Алексей Венедиктов ҳам ҳужум қилганларнинг асосий мақсади мобил телефонни олиб қўйиш ва очиш бўлганини тахмин қилган: «Топшириқ Милашинанинг контактларини аниқлаш бўлган, айниқса вагнерчилар ва қодировчилар ҳақидаги мақолаларидан кейин. У ерда унинг Чеченистондаги жиддий манбалари борлиги аниқ эди».
Унинг фикрича, бу ҳужумни тасодифий деб тушунтириб бўлмайди — ташкилотчилар ва ижрочилар авиачипталарни бронлаш тизимига кира олишган, улар Милашина қачон ва қайси рейс билан учишидан хабардор бўлишган, у ва адвокатга ҳужум қилинган участкада эса кузатув камералари ўчириб қўйилган бўлган.
Адвокат Немов ҳам ҳужум тафсилотлари ҳақида телефон орқали Федерал адвокатлар палатаси президенти Светлана Володинага сўзлаб берган.
«Бошқа машиналар келиб сиқиб қўйганда биз таксида аэропортдан 200 метрча узоқлашгандик. Учта машинадан ниқобдаги 10-12 киши чиқиб келди, улар ҳайдовчини таксидан чиқариб ташлашди, кейин эса биз билан 150 метр масофага ҳаракатланишди. Тўхташди, бизни судраб олиб чиқишди, йўл четига улоқтиришди ва юзимиз ва бутун танамизга оёқ ва калтаклар билан ура бошлашди. Оёғимга пичоқ билан зарба беришди… Бу ерга келмасликларинг керак эди, ўз уйларингда ишланглар, бу ерда ҳеч кимни ҳимоя қилишга ҳожат йўқ, дейишди. Гўёки мени олдинроқ „қўлга олишганида“ огоҳлантиришганини айтишди, энди эса сени ўлдирамиз дейишди», — дея ҳикоя қилган адвокат.
«Тиз чўктиришди, бошимга тўппонча тирашди. Шафқат сўраб ўтинишимни талаб қилишди. Кейин барча техникалар, телефон, ноутбукни йиғиштиришди, айтишдики — юзгача сананглар, лекин калтаклашда давом этишди, доимий равишда оёқ билан бутун тана аъзоларимга тепишди», — дея қўшимча қилган Немов.
Расмийлар нима демоқда?
Россияда инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) Татьяна Москалькова «Новая газета» билан суҳбатда сешанба куни тонгдаёқ Тергов қўмитасининг Чеченистон бўйича бошқармасидан ва республика прокуратурасидан текширув ўтказишни сўраганини айтган.
Сешанба куни кечқурун Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Чеченистон бўйича бошқарма раҳбариятига «ҳужум факти бўйича текширув ўтказиш ва ҳисобот тақдим этиш»га топшириқ бергани маълум бўлди. Чеченистон ИИВ шу куни кечқурун «Грознийнинг Ахматов районида Елена Милашина ва Александр Немовга қилинган ҳужум факти бўйича текширув ўтказилгани» ҳақида рапорт берган.
Ҳозирча жиноий иш очилгани тўғрисида хабар қилинмаган. Бир кун олдин «қатъий чоралар» зарурати ҳақида гапирган Песков чоршанба куни Кремлдагилар ҳужум юзасидан ҳамон жиноий иш очилмаганига қандай қараши ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарди: «Келинглар, шунчаки кутамиз».
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров сешанба куни ўз телеграм-каналида шундай баёнот берганди: «Шуғулланамиз. Тегишли хизматларга ҳужум қилганларнинг шахсини аниқлаш учун барча имкониятларни ишга солиш бўйича топшириқ бердим. Органлар ҳодиса ҳақида хабар келиши биланоқ ишга киришди». 2022 йил январида Қодиров ўз телеграм-каналида Милашина ва ҳуқуқ фаоли Игор Каляпин унинг учун террорчилар «ҳисобланиши» ҳақида ёзганди.
Шу билан бирга, унинг сафдошлари текширувлар якунини кутмасдан ўзига хос хулосалар чиқаришди. Хусусан, чеченлар омбудсмани, Грознийдаги шифохонага Милашина ва Немовни зиёрат қилиб келган Мансур Солтаев (расман — Москалькованинг талабига кўра), уларга қилинган ҳужумни «республикага қарши сурбетларча уюштирилган диверсия провокацияси» деб атади. Чеченистон матбуот вазири эса «НАТОнинг Вилнюсда бўлиб ўтадиган саммити арафасида мамлакатни яна бир бор обрўсизлантиришга уриниш» ва «фуқаро Мусаева устидан суд жараёнини кўпиртириб кўрсатиш» деб баҳолади.
«Новая газета» ҳодиса юзасидан берган баёнотда Милашинанинг хизмат сафари олдиндан тайёрлангани ва «таҳририятда бу сафарни хавфли эмас деб ҳисоблаш учун етарлича асослар бўлгани» қайд этилган.
«Аммо, давлат ҳарбийлашган тузилмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматлар устидан назоратни йўқотиб қўйиши билан боғлиқ вазият тобора яққол кўзга ташланмоқда», — дейилган баёнотда.
Мавзуга оид
14:47 / 12.01.2026
Украина разведкаси: Қодировнинг соғлиғи ёмонлашгани туфайли Кремл унга ворис изламоқда
19:43 / 04.01.2026
Қодиров омма олдида ҳасса тутган ҳолда кўриниш берди
02:36 / 06.12.2025
Дронлар Чеченистондаги «Грозний-Сити» комплексига ҳужум қилди
23:46 / 29.11.2025