Жаҳон | 02:36
376
2 дақиқада ўқилади

Дронлар Чеченистондаги «Грозний-Сити» комплексига ҳужум қилди

Бинолардан бирида ёнғин юзага келган.

Фото: Видеодан кадр

Украинлар дрони 5 декабр тонгида Чеченистон пойтахтидаги «Грозний-Сити» комплекси минораларидан бирига ҳужум қилган. Бу ҳақда биринчи бўлим чечен мухолифатининг NYISO телеграм-канали хабар тарқатди, кейинроқ бу маълумотни RT давлат каналининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси тасдиқлади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеоларга кўра, зарба бинонинг тахминан 28 қаватига тўғри келган. Портлаш тўлқини бир неча қаватлар фасадини вайрон қилган, бинода ёнғин бошланган.

Расмийлар ҳодиса юзасидан изоҳ бермади. Жабрланганлар ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Зарбага учраган осмонўпар бинода Чеченистон хавфсизлик хизмати, ҳудудий туризм вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ҳамда «Единая Россия» партиясининг сайлов комиссияси ва қабулхонаси жойлашган.

«Грозний-Сити»га зарба оқибатлари

Шунингдек, ушбу бинодан бир неча ўн метр масофада Федерал хавфсизлик хизматининг ҳудудий бошқармаси офиси бор. Украинадаги мониторинг каналлар айнан шу бошқарма дрон нишони бўлганини, аммо у радиоэлектрон кураш воситалари таъсирида нишондан оғиб кетганини тахмин қилишган.

«Грозний-сити» комплекси 2011 йилда очилган. Ҳозирда у жами еттита осмонўпар бинодан иборат. Октябр ойида комплекс 500 рубллик янги банкнот учун рамз танлаш масаласида юзага келган можаро марказида қолганди. «Грозний-Сити» Элбрус чўққиси билан биргаликда овоз бериш жараёнида етакчилик қилган, Чеченистон расмийлари купюрада осмонўпар бинолар комплекси тасвири туширилиши учун қаттиқ уринганди. Якунда Россия Марказий банки катта миқдордаги сохтагарчиликларни сабаб қилиб, овоз бериш жараёнини бекор қилганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид