Жамият | 00:00 / 13.06.2020
12132
5 дақиқада ўқилади

Президент математика таълими сифати пасайгани кўп соҳаларда сезилганини таъкидлади — академик Шавкат Аюпов

Бугун, 12 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Олмазор туманига ташрифи доирасида Фанлар академияси Математика институтининг янгидан қурилган биносига ташриф буюрди. Давлат раҳбарига мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим вазирлари ҳамроҳлик қилди.

Математика институти директори, академик Шавкат Аюпов

Математика институти директори, академик Шавкат Аюпов Kun.uz мухбири билан суҳбатда президент ташрифи якунлари, янги бино қурилиши тарихи, математика институти олдига қўйилган вазифалар ва фан доирасида қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида маълумот берди.

Математиклар фаолияти университетлар билан бевосита боғланган

– Олдин Математика институти Академиклар шаҳарчасидаги Шарқшунослик институтининг эски биносида жойлашган эди. Математика институти фаолияти университетлар билан бевосита боғлиқ: ўқитувчилар талабаларга дарс беришади, илмий ишларига раҳбарлик қилишади. Шунинг учун ўтган йили август ойида биз институт Талабалар шаҳарчасида бўлиши таклифини давлат раҳбарига билдирган эдик. Президент бу таклифни маъқуллаш билан бирга янги бино қуриш ва барча шароитларни яратиш топшириғини бердилар.

Қисқа муддат ичида ишлар бошланиб, декабрь ойида бу ердаги янги бино қуриб битказилди. Бино лойиҳаси ва қурилиш ишлари билан танишган президент уни ўзи очиб беришини таъкидлаган эди. Давлат раҳбари ташрифини кутаётган эдик, мана янги биномиз очиб берилди.

Янги бинода 7та илмий лаборатория ва «Ёш математиклар» маркази фаолият юритади. Бинонинг турли қаватларида ахборот-ресурс маркази ва семинар хоналари, академик ва тадқиқотчилар учун кабинетлар, кутубхона, мажлислар зали, ошхона жойлашган. Хоналар энг илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган.

«Ҳудудлардаги таълимга ҳам эътибор қаратиш шарт»

– 7 май куни математика фани ривожига оид «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Унга кўра, 5та ҳудудда: Нукус, Урганч, Самарқанд, Бухоро ва Наманган шаҳарларида Математика институти филиаллари очилиши лозим. Бунинг билан ҳудудларда ҳам математика фани ва таълимини яхшилаш учун фаолият юритувчи бўлинмалар мавжуд бўлади.

7 майдаги қарор билан Ал-Хоразмий номидаги, мукофот жамғармаси 50 минг АҚШ доллари бўлган халқаро Президент мукофоти ҳам таъсис этилди. Унинг ташкилий жараёнлари Математика институтига топширилган.

Мактабдан бошлаб кучайтириладиган таълим ва амалиёт

– Аслида, математикани яхши ўзлаштириш учун болани мактаб босқичидан яхши ўқитиш керак. Мен ҳам мактаб муаллими қизиқтиргани учун фанни ўрганишга иштиёқим ортган. Тарих ёки адабиётни ўқувчи мустақил ўзлаштириши мумкин, бироқ математикага қизиқтиришда педагогларнинг ўрни катта.

Математика институтидаги тадқиқотлар амалиётга, масалан, иқтисодий соҳага деярли жорий этилмаяпти. Чунки иқтисодчиларда математикларга талаб бўлмаган.

Яна бир муаммо: математиклар иқтисод муаммосини, иқтисодчилар математика муаммосидан бехабар. Бироқ математика илк даврлариданоқ ҳаётий фан сифатида вужудга келган. Ҳар бир фаннинг математик моделлари ишлаб чиқилиши лозим.

Математик таълим сифатини яхшилаш асосий вазифа бўлмоқда

– Институтнинг бундан кейинги асосий вазифаси математик таълим салоҳиятини кўтаришдан иборат бўлмоқда. Ҳозир 90 йилларга солиштирганда ҳам математика таълими сезиларли даражада пасайган ва бу жараён давлат раҳбари назаридан четда қолмаган экан.

Президент таълим соҳаси мутасаддилари, ректор ва математик олимлар билан мулоқотда охирги йилларда математикадан билим даражаси пасайиб кетгани, ўқитувчиларга керакли эътибор, муносиб ойлик берилмагани, бунинг оқибати кўпдан-кўп соҳаларда сезилаётгани таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари математика фанини ўқитишнинг янги тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шунинг учун олдинда турган энг катта масала: мактабгача таълим, халқ таълими тизимидан бошлаб, фанни ўқитиш сифатини яхшилашдан иборат бўлмоқда. Бу эса бирданига бўлмайди, босқичма-босқич кадрлар тайёрлаш билан амалга ошади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

  • 1943 йилда ташкил этилган Математика институтида 72 нафар илмий ходим, жумладан, 5 нафар академик фаолият юритмоқда. Охирги икки йилда 11 нафар фан доктори ва 14 нафар фан номзоди тайёрланган. 422та илмий мақола (245таси чет элда), 9та монография (5таси чет элда) чоп этилган.

  • «Бу замонавий институт барча олимлар учун маърифат маркази бўлиши керак. Математика кўп фанларга йўл очади. Уни Талабалар шаҳарчасида барпо этганимиз бежиз эмас. Бу институт таълим ва илм-фан ўртасида узвийликни таъминлаши, мамлакатимиз ривожига замин яратиши керак», - деди Шавкат Мирзиёев ташриф давомида. 

  • Давлат раҳбари ташрифи давомида охирги беш-ўн йилда математика йўналиши бўйича университетларни битирган ёшларни топиб, хоҳишига қараб қайта тайёрлаб, мактабларга, фан номзодларини эса олий таълим муассасаларига ишга жалб этиш муҳимлиги таъкидлади. Математика кафедра мудирларини сайлаш тартибини жорий қилиш, кафедра мудирлари кенгаши тузиб, доимий тажриба алмашинувни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.
Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид