Жаҳон | 14:22 / 14.05.2026
2804
8 дақиқада ўқилади

Трамп ва Си учрашуви, Москвада ҳарбий цензура ва Флиппин Сенатида отишма – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп ва Си Пекинда учрашди

АҚШ президенти Доналд Трамп уч кунлик ташриф билан Хитойга келди. Трампга ушбу сафарда Оқ уй расмийларидан ташқари йирик бизнес вакиллари, жумладан, Илон Маск ва Nvidia раҳбари Женсен Хуанг каби ўнлаб техно-гигантлар раҳбарлари ҳамроҳлик қилмоқда. Бу — АҚШ президентининг 2017 йилдан бери Хитойга илк ташрифидир.

Таҳлилчиларга кўра, 2017 йилдаги ташрифдан бери кучлар динамикаси ўзгарган: аввал Хитой АҚШни ўзининг ўсиб бораётган нуфузига ишонтиришга ҳаракат қилган. Ҳозирга келиб АҚШнинг ўзи Хитойнинг «супердавлат мақоми»ни тан олмоқда.

14 май куни илк учрашувлар бошланди. Пекиндаги муҳташам Халқ йиғинлари саройида Хитой етакчиси Си Жинпинг фахрий қоровул билан Трампни тантанали кутиб олди. Трамп эса уни «буюк лидер» дея эътироф этди.

«Сиз буюк лидерсиз, баъзан бу гапим одамларга ёқмайди, лекин мен буни барибир айтаман. Баъзилар бунинг тарихдаги энг йирик саммит бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Хитой ҳамда АҚШ ўртасидаги муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам яхши бўлади», деди Трамп.

Си эса саммитни очаркан, Хитой–АҚШ барқарор муносабатлари бутун дунё учун фойдали эканини таъкидлади: «Биз ҳамкорлик қилсак, ҳар икки томон фойда кўради; қарама-қаршиликка киришсак, ҳар икки томон зарар кўради», деди Си.

Хитой ОАВларига кўра, бир кун олдин иқтисодий ва савдо гуруҳлари ўтказган тайёргарлик музокаралари «мувозанатли ва ижобий натижа» билан якунланган. Мақсад — ўтган октябрда эришилган савдо сулҳини сақлаб қолиш ва келажакдаги инвестициялар учун механизмлар яратиш.

Учрашувда асосий келишув нуқталари турлича. АҚШнинг мақсади: Boeing самолётлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва энергия манбаларини сотиш орқали савдо тақчиллигини камайтириш.

Хитойнинг мақсади эса чиплар ва илғор яримўтказгичлар ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олишга қўйилган чекловларни юмшатиш. Нодир ер элементлари етказиб беришни барқарорлаштириш ва AI бўйича мулоқот икки томон учун ҳам муҳим.

Бундан ташқари, Эрон ва Тайван масаласи ҳам бор. Трамп Хитойни Эронни келишувга кўндиришга ундаши кутилмоқда. Си Жинпинг учун эса асосий масала — Тайван. Хитой АҚШнинг ушбу оролга 14 миллиард долларлик қурол сотиш режасига кескин қаршилик билдирмоқда.

Исроил яна Ливанга зарба берди

Чоршанба куни Исроилнинг Ливандаги автомобилларга берган бир қатор зарбалари оқибатида 12 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. Ушбу ҳодисалар «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўртасидаги тўқнашувлар давом этаётган, аммо АҚШ воситачилигида сулҳ тузилган кунларда рўй бермоқда.

Ливандаги хавфсизлик манбаларига кўра, Исроилнинг чоршанба кунги ҳужумлари жанубдан анча узоқда — Байрут жанубидаги автомагистралда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига берилган учта дрон зарбасини ҳам ўз ичига олган.

Ушбу зарбалар оқибатида саккиз киши, жумладан, икки нафар бола ҳалок бўлган. Бошқа зарбалар Байрут чеккасидаги Сидон шаҳри ва Тир туманида 4 кишининг ўлимига сабаб бўлган.

Исроил ҳарбийлари ушбу зарбалар бўйича изоҳ бермади. «Ҳизбуллоҳ» эса жанубдаги Исроил кучларига қарши янги ҳужумлар, жумладан, камикадзе-дронлар ёрдамида бир неча бор зарба берилганини эълон қилди.

Шунингдек, «Ҳизбуллоҳ» ўзининг элита «Разван» кучлари қўмондони — Аҳмед Али Балут ўтган ҳафта Байрут чеккасида Исроил зарбаси натижасида ҳалок бўлганини тасдиқлади. Балут — уруш бошланганидан бери ўлдирилган «Ҳизбуллоҳ»нинг энг юқори мартабали вакилидир.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 2 мартдан бери 2 882 киши ҳалок бўлган, уларнинг 587 нафари аёллар, тиббиёт ходимлари ва болалардир. Исроил томони эса Жанубий Ливанда 17 нафар аскари ҳалок бўлганини билдирди.

Филиппин Сенатида отишма

Филиппин Сенати биноси ичида нуфузли сенаторни ҳибсга олиш машмашаси давом этаётганда ўқ овозлари эшитилди. Гувоҳларнинг хабар беришича, чоршанба куни бир неча бор ўқ узилган, қуролланган ходимлар бино бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда журналистлар ва бошқалар яширинишга мажбур бўлган.

Аввалроқ мажмуага камуфляж кийган 10 дан ортиқ аскар кирган, уларнинг баъзилари штурм милтиқлари билан қуролланганди. Бироқ ўқларни ким отгани ёки қўшинлар нима учун сафарбар қилингани номаълумлигича қолмоқда.

Ушбу воқеа собиқ президент Родриго Дутертенинг гиёҳвандликка қарши урушидаги асосий шахслардан бири бўлган сенатор Роналд дела Роса билан боғлиқ. 2016-2018 йилларда миллий полиция бошлиғи бўлган Дела Роса Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олиш ордерига дуч келмоқда.

Инсон ҳуқуқлари кузатувчиларининг айтишича, «Тош» лақаби билан танилган ушбу шахс операциялар давомида минглаб одамлар ўлимига сабабчи бўлган. Уларнинг аксарияти гиёҳванд модда истеъмолчилари ва қуйи даражадаги сотувчилар бўлган.

У ноқонуний қотилликларга алоқадорлигини инкор этади. Сенатдаги кабинетида бошпана топган Дела Роса айни вақтда тарафдорларини — ўзининг Ҳаагага топширилишига йўл қўймаслик учун сафарбар бўлишга чақирган. Бунинг ортидан тўқнашувлар юз бермоқда.

Филиппин собиқ президент Родриго Дутерте аллақачон Нидерландияда суд жараёнларини кутмоқда. Унинг вице-президент бўлган қизи ҳам мамлакатда импечментга дуч келган.

Москвада ҳарбий цензура

Москва аксилтеррор комиссияси ҳокимият органлари, ОАВ, фавқулодда хизматлар ва фуқароларга шаҳар ҳудудидаги терактлар ҳамда дрон ҳужумлари оқибатлари ҳақида материаллар эълон қилишни тақиқлади.

Россия пойтахти мэриясига кўра, тақиқ дарҳол кучга киради ва уни бекор қилиш тўғрисида «алоҳида қарор қабул қилинмагунча» амал қилади. Расмий асос сифатида фейк маълумотлар тарқалишига қарши кураш кўрсатилган.

Тақиқ остига — терактлар, дронлар ва бошқа зарба бериш воситалари қўлланган ҳужумлар, шунингдек, фуқаролар ҳаёти ёки мол-мулкка, критик объектларга етказилган зарар ҳақидаги ҳар қандай маълумотлар тушади.

Чекловлар Россия Мудофаа вазирлиги, Москва мэри ва ҳукуматининг расмий манбаларига тааллуқли эмас.

Тақиқни бузганлик учун 3 мингдан 200 минг рублгача жарима белгиланган. Маҳаллий нашрларга кўра, Украина дронлари ҳужуми оқибатлари акс этган фото ва видеоларни эълон қилишга қўйилган тақиқлар аллақачон Россия бўйлаб 30 та ҳудудда амал қилмоқда.

Францияда катта кема карантинга олинди

Чоршанба куни Франция расмийлари бортида 1700 дан ортиқ йўловчи ва экипаж аъзоси бўлган Британия круиз кемасини тўхтатди. Бунга бортда кекса ёшли кишининг вафот этгани ва ўнлаб одамларнинг ошқозон касаллигига чалингани сабаб бўлди.

«Ambition» кемаси 14 кечалик саёҳатнинг ярмида эди. Режага кўра, кема Испания шимоли ва Франциянинг Атлантика соҳиллари бўйлаб сайр қилиши ва тўхташи керак эди.

Сешанба оқшомида кема Бордога етиб келганида, ошқозон вируси аллақачон тарқалиб бўлганди. Кема оператори тарқалишнинг олдини олиш учун санитария ва профилактика протоколлари дарҳол жорий этилганини маълум қилди.

Расмийлар ўта юқумли гастроэнтерит шакли — норовирус эҳтимолини истисно қилишди. Бироқ йўловчилар касалланишига нима сабаб бўлганини аниқлаш учун қўшимча тестлар давом этмоқда. Расмийларнинг сўзларига кўра, озиқ-овқатдан заҳарланиш эҳтимоли ҳали инкор этилмаган.

Круиз кемаларида ошқозон вируси тарқалиши ноодатий ҳол эмас. Ўтган йили бундай кемаларда 23 га яқин ошқозон-ичак касалликлари тарқалиши қайд этилганди.

Франция расмийлари Бордода тўхтаб турган кема ва ҳантавирус тарқалиши ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини айтмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид