Жаҳон | 20:32 / 20.01.2024
21922
2 дақиқада ўқилади

Россияда полиция мигрантларни ўрдаксимон юришга мажбурлади

Инсон ҳуқуқлари бўйича маҳаллий комиссар воқеа текширилишини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги қурилиш обектларида ўтказилган рейдлар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларни мигрантларни ўрдаксимон юришга мажбурлади. Бу ҳақда «Русская Община Екатеринбург» хабар берди.

Қайд қилинишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Россия миграция қонунчилигига амал қилиниши бўйича рейд ўтказган. 17 январ куни бўлиб ўтган тадбир давомида хавфсизлик кучлари 150 кишининг ҳужжатини текширган. Улардан 8 нафари иммиграция қонунчилигини бузгани аниқланган, энди уларни депортация кутмоқда. 4 нафарига эса ҳарбий рўйхатга олиниши учун чақирув қоғози берилган.

Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мигрантларни ўрдаксимон юришга мажбурлаган. Тақдим этилган видеолавҳада бир неча нафар мигрантни ўрдаксимон ҳаракатланганини, бошқа фотосуратда уларни ерга чўкка тушиб ўтирганини кўриш мумкин.

Ушбу воқеа ошкор бўлганидан сўнг, Свердловск вилояти Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Татяна Мерзлякова рейдларни текширишини маълум қилди.

«Нима бўлганини энди ўрганаман. Бизда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мутахассис бор, лекин у ҳозиргача менга ҳеч нарса демади. Бу воқеага кўзларим ишонмаяпти. Бундай бемаъни ишлар билан шуғулланишга вақтимиз йўқ», деди Мерзлякова. Унинг таъкидлашича, бундай ҳолат Екатеринбург шаҳрига хос эмас.

Мавзуга оид