Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланишдан шикоят қилган болалар сони қарийб 2 мингни ташкил этмоқда
СЭС масъули заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган туманларга учта аутсорcер хизмат қилгани, уларнинг барчаси кефирни битта фирмадан олгани ҳақида маълумот берди.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Тошкент вилоятининг бир неча туманидаги боғчаларда овқатдан заҳарланиш бўйича 1900 нафардан ортиқ бола шифохонага мурожаат қилган. Бу маълумотни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Kun.uz’га тасдиқлади.
Айни вақтга келиб мурожаат қилганларнинг 930 нафардан кўпроғида касаллик белгилари аниқланмагани боис уйига жавоб берилган. 941 нафар беморнинг аҳволи енгил, 22 нафарининг аҳволи ўрта даражада.
Отабековнинг таъкидлашича, Пискент, Бўка, Бекобод, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ туманларидаги беморларнинг бир қисми касалхоналарда жой етишмовчилиги сабабли Олмалиқ ва Нурафшон шаҳарларига ҳам юборилган.
Маълум қилинишича, ушбу туманларга учта аутсорcер хизмат қилган, учаласи ҳам ўша кефирни Оққўрғондаги Shark Milk Product компаниясидан олган. Мазкур компания Учтепа туманида рўйхатдан ўтган, аммо ишлаб чиқариш Оққўрғон туманида олиб борилган.
Қўмита масъули қўшимча қилишича, ҳозирда ушбу маҳсулотдан 540 та намуна олиниб, таҳлил ишлари ўтказилмоқда.
25 сентябр куни эрталаб Пискент ва Бўка туманидаги боғча тарбияланувчилари овқатдан заҳарланиб касалхонага ётқизилаётгани ҳақида дастлабки хабарлар берилганди. Хабарларда бунга сифатсиз кефир сабаб бўлгани айтилганди. Кун давомида жами 109 нафар бола касалхонага ётқизилгани, уларнинг аксарияти Оққўрғон туманидаги боғчалар тарбияланувчилари экани маълум бўлганди.
26 сентябр куни Daryo.uz Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланган боғча болалари сони 1940 нафарга етгани, заҳарланиш ҳолатлари жами етти ҳудудда, Оққўрғон (413 нафар), Бўка (537 нафар), Пискент (430 нафар), Қуйи Чирчиқ (64 нафар), Бекобод (98 нафар) туманлари ҳамда Олмалиқ (285 нафар) ва Нурафшон шаҳарларида (113 нафар) қайд этилгани ҳақида хабар берди.
Шу куни «Адолат» социал-демократик партиясининг парламентдаги фракцияси болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳолатлари юзасидан Бош прокуратурага депутатлик сўрови киритгани маълум қилинди. Партия ҳодиса сабабларини текшириш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш зарурлигини билдирган.
Мавзуга оид
16:18 / 02.12.2025
Хизмат йўқ, лекин тўлов бор: 5 та чиқинди ташиш корхонасининг қонунбузарлиги аниқланди
08:20 / 26.11.2025
Тошкент вилоятида 8,5 гектар ер учун 7,3 млн доллар талаб қилганлар қўлга олинди
15:21 / 25.11.2025
Тошкент вилоятида 12 килограмм гиёҳванд модда мусодара қилинди
20:48 / 24.11.2025