Трансафғон ва “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темирйўллари қурилиши 2024 йилдан бошланади – Илҳом Маҳкамов
Транспорт вазирининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, бу икки лойиҳа бўйича ҳамкор давлатлар билан келишувларга эришилган, темирйўл қурилиши учун барча техник ва иқтисодий асослар тайёрланган.
Тошкентда ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг биринчи транспорт форумида Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz мухбирининг икки йирик лойиҳа: “Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар” ҳамда “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темирйўллари ҳақидаги саволларга жавоб берди.
– 29 октабр куни Афғонистоннинг Кобул шаҳрида икки давлат ўртасида ҳукуматлараро йиғилиши бўлиб ўтди. Унга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилик қилди. Бу тадбирда сиз ҳам қатнашдингиз, транспорт соҳасида толиблар билан қандай келишувларга эришилди, шу ҳақда гапириб бероласизми? Билишимизча, “толибон” ҳукумати транзит тўловларини камайтириш ҳамда имтиёзли тарифлар ҳақида ҳам сўраган.
– Асосий мақсадимиз – Афғонистон орқали Покистон портларига чиқиш. Энг асосий масала – Трансафғон халқаро коридорини ривожлантириш. Президентимиз бунга 5 йилдан бери куч ишлатдилар, жуда катта шароит яратиб бердилар биз учун. Ўйлайманки, биз бунинг давомини амалий ишлар жиҳатидан амалга оширишимиз керак.
Бўлган ташриф доирасида мазкур коридордан фойдаланишда яна қўшимча қулайликлар, шароитлар яратиш бўйича келишувга эришилди ва Ўзбекистон ташувчилари ҳам шу Афғонистон ҳудудидан бемалол ўтиб, Покистон чегарасигача етиб боришга шароитларни яратиб бериш бўйича келишувга эришилди.
– “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темирйўли борасида қандай маълумотлар бера оласиз?
– Хабарингиз бор, ҳозирда асосан Қозоғистон орқали Хитойдан маҳсулотлар етиб келади. Лекин бизда Қирғизистон коридорини ривожлантириш бўйича барча ишлар амалга ошириляпти. Иркиштон чегара пости, яъни Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги чегара пости 24 соатдан ишлашдан тортиб, Қирғизистон орқали автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига барча қулайликлар яратиш ва Андижонга Қирғизистон билан Ўзбекистон чегара постига бемалол ўтиш учун шароитлар яратганмиз, бу бўйича келишувларга эришганмиз. Бугунги кунда бу коридордан 7,5 баробарга юк айланмаси амалга оширилган. Ҳозир асосий ҳаракатимиз Қирғизистон ҳудудида темирйўл қурилиш лойиҳаси. Бу бўйича 3 томонлама техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилди. Ҳозирда биз буни ким амалга ошириши бўйича музокараларни олиб боряпмиз.
– Трансафғон ва “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темирйўли лойиҳаси қачон якунланиши кутилмоқда?
– Биз барча қурилиш ишларини келгуси йили (2024 йилда) бошлашни мақсад қилиб қўйганмиз. Энди бу мураккаб нарса, чунки бир нечта мамлакатлар билан боғлиқ бўлган лойиҳалар. Ўзимизнинг ҳудудимиздаги қурилишлардан фарқ қилади. Энг асосийси йўналишлари: қаердан бошлаб қурилиши, қайси услубда қилиниши келишилган ва техник-иқтисодий асослари тайёрланган.
Темирйўл лойиҳалари нега чўзилмоқда?
Айтиш лозим, мамлакат учун стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган бу икки халқаро транспорт лойиҳаларини амалга ошириш анча йиллар олдин илгари сурилганди. Хусусан, Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўл линиясини қуриш бўйича илк музокаралар 2017 йилдан бошланганди. 2019 йилга келиб лойиҳани амалга ошириш юзасидан Хитой томони билан муҳокамалар ўтказилган. Хитойлик мутахассислар мазкур темирйўл линияси ўтиши мумкин бўлган ҳудудлар бўйича ўз таклифларини билдирганди.
Шу йил сентябр ойига келиб, лойиҳа қиймати 5–7 млрд долларга баҳоланаётгани, учта давлат бирламчи техник-иқтисодий асосларини тайёрлаб бўлгани, аммо тайёр бўлган лойиҳани ким, қандай молиялаштириши масаласи очиқ қолаётгани маълум қилинганди.
“Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар” темирйўлини қуриш эса юқорида вазир айтганидек, 5 йилдан бери сурилиб келади. Аввалроқ 600 км узунликдаги Трансафғон темирйўли қурилиши 4,8 млрд долларга баҳоланган эди. Лойиҳа “Толибон” ҳокимиятга келгач тўхтаб қолган, лекин 2022 йилнинг июлига келиб темирйўлнинг йўналиши ва техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари бошланганди.
Транспорт вазирлиги департамент раҳбари Абдусамад Мўминов Kun.uz'га берган интервюсида бугунги кунда бу йўналишда мультимодал ташувлар йўлга қўйилгани, Ўзбекистонга Афғонистон ҳудуди орқали кириб келаётган юклар ҳажми бир неча баробарга ошганини қайд этган.
“Лойиҳа бошланиш босқичида, техник-иқтисодий асосларини тайёрлашимиз учун дастлабки техник топшириқ тайёрланяпти. Бунинг учун 3 та томон лойиҳага пул жалб қилишни келишяпти”, – деганди у.
Шунингдек, Мўминов “толибон” ҳукуматини ҳеч бир давлат тан олмагани лойиҳага халқаро молия ташкилотларини жалб этишни қийинлаштираётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берганди.
“Тўғри, лойиҳа учун Жаҳон банки пул бермаслиги мумкин, аммо бошқа халқаро молия институтлари бор. Масалан, Осиё тараққиёт, Ислом тараққиёт банклари бор. Ҳозирда шулар билан ишланмоқда”, – деган эди Транспорт вазирлиги расмийси.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024