Ўзбекистон | 10:39 / 06.08.2024
21058
3 дақиқада ўқилади

Дониёр Ғаниев депутатлик фаолиятини якунлади

У бошқа ишга ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев депутатлик мандатини тугатишга, янги сайловларда номзодини илгари сурмасликка қарор қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида ёзиб қолдирди.

«Сайловчилар билдирган ишончни оқлаш, уларнинг дарду ташвишларини, муаммо ва хоҳишларини парламент минбарига олиб чиқиш, қабул қилинган қонунлар адолатли ва инсонпарвар бўлишига ҳисса қўшиш, мурожаат қилган фуқароларга ёрдам бера олиш имконияти мен учун депутатликнинг энг катта шарафи бўлди. Бундай имконият ва бахт менга насиб қилганидан ҳар доим фахрланаман», деб ёзади Дониёр Ғаниев.

Депутат инсон атрофидаги ўзгаришлар, реаллик билан ҳисоблашиши ҳамда ўз имконият ва қобилиятларини тўғри баҳолай олиши кераклигини таъкидлаган.

«Гарчи депутат сифатида самарали фаолият олиб бордим, деб ўйласам-да, бу фаолиятда давом этиш ўзим учун ҳам, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўлмаслигини тушуниб етдим. Менимча, ҳаётимда ўзгаришлар қилиш, янги челленж ва имкониятларни қарши олишнинг айни вақти», дея қайд этади у.

Шу боис, Дониёр Ғаниев депутатлик мандатини тугатишга, янги сайловларда номзодини илгари сурмасликка қарор қилган. Бундан кейинги фаолиятини у Вазирлар Маҳкамасида инвестиция йўналишида масъул ходим сифатида давом эттиради. Ғаниев депутатликдан аввал ҳам шу йўналишда фаолият юритган.

«Менга ўз вакиллигини ишонган Марғилон округи сайловчиларига, фаолиятимни эътироф этиб, қўллаб-қувватлаган жамоатчилик фаоллари, ОАВ вакиллари ва кўплаб блогер дўстларимизга билдирилган ишонч ва қўллов учун миннатдорчилик билдираман.

Шунингдек, парламент йиғилишларида ҳар доим ўз фикримни айтишга имконият яратган Қонунчилик палатаси спикерига, ялпи ва фракция йиғилишларида қўллаб-қувватлаган ҳамкасб депутатларга ҳамда қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда керак бўлса депутатлардан ҳам кўпроқ меҳнат қиладиган палата девони ходимларига ҳам алоҳида раҳмат айтаман», дейди у.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати Дониёр Ғаниев Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар, экспорт, савдо, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари котибияти Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинлангани тўғрисида хабар берган.

Мавзуга оид