Ўзбекистон | 14:56 / 27.04.2023
5214
2 дақиқада ўқилади

Йил охиригача Тошкент метроси яна 56 та янги вагонга эга бўлади

Россиянинг “Метровагонмаш” компанияси Тошкент метрополитени учун 2023 йилда яна 56 та вагон (14 та таркиб) етказиб бериши кутиляпти. Компания бунга қадар 2019−2021 йилларда жами 60 та вагон етказиб берган.

Фото: Kun.uz

Трансмашҳолдинг (ТМХ) таркибига кирувчи Россиянинг “Метровагонмаш” заводи 2023 йилда Тошкент метрополитени учун 56 та вагон ёки 14 та таркиб етказиб бериши керак. Бу ҳақда ТМХ бош директори Кирилл Липа маълум қилди.

“Ҳозир столимизда (Тошкент учун) 50 дан ортиқ метро вагонларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган ва амалга оширилмоқда”, – деган Липанинг “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмаси панел сессиясидаги сўзларини келтирмоқда Gazeta.uz.

Аввалроқ Kun.uz 2023 йилда Россиядан 56 та вагон олиб келиниши ҳақида метрополитен матбуот хизматига таянган ҳолда хабар берган эди. Бироқ бу поездлар қайси ойда, қанча суммага олиб келиниши очиқланмаяпти. Янги таркиблар юкламага қараб барча йўналишларга тақсимланиши айтилган.

Трансмашҳолдинг раҳбарининг сўзларига кўра, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон пойтахти метросига “Метровагонмаш”дан умумий қиймати 91,3 миллион евро бўлган 60 та вагон олиб келинган. Бу – 15 та таркибни шакллантириш имконини берган.

Етказиб бериш “ВЭБ.РФ” давлат тараққиёт корпорацияси, “Россия экспорт маркази” АЖ, Росэксимбанк кредитлари ва Ўзбекистон давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Тошкент ерусти метросининг яна 5 та бекати фойдаланишга топширилди.

Мавзуга оид