Жаҳон | 17:25 / 14.02.2026
22657
6 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда тандем қулади: бу нега хавотирларга сабаб бўлмоқда?

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида Жапаров–Ташиев тандеми қандай шакллангани, улар 5 йил давомида мамлакатни қай тарзда бирга бошқаргани ва бу сиёсий иттифоқнинг парчаланиши нега хавотирли бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз юритди.

Бир неча кун олдин Қирзиғистон президенти Садир Жапаров бу давлатнинг иккинчи энг қудратли шахси – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни ишдан бўшатди. Бу пайтда Ташиев даволаниш учун Германияга кетганди.

Генерал бу қарордан бехабар бўлгани, агар олдинроқ хабари бўлганида, қўл остидаги куч ишлатар тизими ходимлари билан расман хайрлашган бўлишини айтди. Ташиев ўз баёнотининг сўнгида Қирғизистонда ҳамма конституцион тизимга мувофиқ фаолият олиб бориши ва ҳар қандай кураш фақат тизим доирасида бўлиши кераклигини урғулади. Бу билан у президент Жапаровнинг қароридан аслида норози экани, лекин сиёсий кураш тизим доирасида бўлишига шаъма қилди.

Маълумки, Садир Жапаров 2020 йилдан буён ҳокимиятда. У ҳокимиятга келиши биланоқ ўзининг дўсти, ҳамкори, сиёсий иттифоқчиси Қамчибек Ташиевни куч ишлатар тизимларнинг энг қудратлиси – Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига раис қилиб тайинлаган эди. Бу иккилик, яъни тандем мана 5 йилдирки Қирғизистонни бошқариб келаётган эди. Жапаровнинг қарори билан, энди тандем бузилди. Хўш, бу тандем қачон, қандай шаклланди? Унинг бузилиши нега кўпчиликда хавотирлар ўйғотди?

Қамчибек Ташиев – асли жалолободлик. Бу шаҳарнинг номи яқинда Манас деб ўзгартирилди. Садир Жапаров эса Иссиқкўлдан. 2005 йилдаги инқилобга қадар, бу икковлон ҳам ёқилғи бизнесида бўлишган. 2005 йил мартида Қирғизистонда инқилоб бўлган эди: президент Аскар Акаев ҳокимиятдан йиқитилиб, ўрнига Қурманбек Бакиев келган эди. 2005 йилги сайловларда Жапаров ҳам, Ташиев ҳам депутат бўлиб сайланишади. 2007 йилда Бакиев Қирғизистон парламентини тарқатиб юборади. Лекин бу икковлон кўчада қолмайди, ҳукуматга киради. Ташиев фавқулодда вазиятлар вазири бўлади, Жапаров эса бошида президентнинг давлат маслаҳатчиси, сўнгра Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг бошлиғи бўлади.

2010 йилда Қирғизистонда яна инқилоб бўлади. Бакиевлар ҳокимиятдан қувилади ва мамлакатдан қочиб кетишади. Шундан сўнг Қирғизистонда бошқарув модели ўзгартирилади: парламентар бошқарув жорий қилинади. 2010 йилги парламент сайловлари партия рўйхатлари асосида ташкил қилинади. Сайлов натижаларига кўра, энг кўп овозни миллатчи кайфиятдаги “Атажурт” партияси олади – 8,68 фоиз. Қолган партиялар бундан ҳам кам овоз олади. “Атажурт” партиясининг лидерлари айни Жапаров ва Ташиев эди. Бу партия ва унинг икки лидери ўша вақтдаги президент Алмазбек Атамбаевга мухолифат бўлишади, ҳукуматни ва президентни муттасил танқид қилишади.

2012 йилда Жапаров ва Ташиев президент Атамбаевга қарши оммавий намойишлар ташкил қилишади, ҳатто ҳукумат биносига бостириб киришга ҳам муваффақ бўлишади. Лекин бу сафар ҳокимият йиқилмайди. Жапаров ва Ташиев “давлат тўнтаришига уриниш” айби билан, 1,5 йилга қамалишади. Бироқ кўп ўтмай, озод қилинади. Шундан сўнг Садир Жапаров хорижга чиқиб кетади ва ҳокимиятни танқид қилишда давом этади.

Қамчибек Ташиев эса собиқ бош вазир Ўмурбек Бабанов билан сиёсий иттифоқ тузишга ва депутат бўлишга ҳаракат қилади. Лекин депутат бўлиб сайлана олмайди. Маълум вақтдан кейин Садир Жапаров Қирғизистонга қайтиб келганида у қамоққа олинади. Унга “одамларни асир олиш” деган айблов қўйилади ва 10 йилга қамалади.

2020 йилнинг октябр ойида Қирзиғистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлади. Сайлов натижаларидан норози бўлган қатлам “сайловлар тўлиқ сотиб олинди” деган қарашлар билан, оммавий норозиликлар ўтказишади. Намойишчилар қамоқда сақланаётган бир қанча сиёсатчиларни, уларнинг тили билан айтганда, “сиёсий маҳбуслар”ни озод қилишади. Жумладан, маҳбус Садир Жапаровни ҳам.

Бошқалар иттифоқ вв коалициялар тузишга интилаётган бир вақтда, Қамчибек Ташиев “Садир Жапаров янги президент бўлади!” дея, жамоатчиликка, депутатларга Жапаров номзодини илгари суради. Эндигина қамоқдан чиққан Жапаров президент вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланиши учун “депутатларга босим бўлган” деган фикрлар урчийди. Бошқалар эса “Жапаров сиёсий мазлум сифатида кўрилди” дея, унинг президент бўлишини асослайди. Лекин шуниси аниқки, Жапаровнинг президент бўлишида айнан Ташиевнинг роли катта.

Энди, мана бу тандемнинг қулаши Қирзиғистон учун, минтақа учун нимани англатиши мумкин? Қирзиғистон – сиёсий турбулентликларга мойил давлат. Шунинг учун бу давлатдаги ҳар қандай сиёсий воқеа – потенциал сиёсий инқироз призмаси орқали қаралади. Сиёсий инқироз эса, инқилоб ва давлат тўнтарилиши, ҳокимият алмашинуви учун потенциал катализатор сифатида кўрилади. Ташиев жуда қудратли фигура эди. У Қирғизистон милатчиларининг асосий намоёндаси эди.

Қирғизистон – охирги йилларда эркинлик, фаровонлик ва барқарорлик қадриятлари ўртасида мувозанат излаётган давлат. Қолаверса, бугун Марказий Осиёда давлат раҳбарлари ўртасида ишонч руҳияти шаклланиб улгурган. Бу – минтақанинг геосиёсий жипслигига яхши ҳамроҳ бўляпти. Энди, агар Қирғизистондаги тандем бузилиши ортида сиёсий беқарорлик бўй кўрсатса, бу минтақа учун, қўшни давлатлар учун кўплаб параметрларга кўра хавотирли ҳолат бўлиши мумкин.

Камолиддин Раббимов
Тайёрлаган Камолиддин Раббимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид