Иқтисодиёт | 12:20 / 22.04.2021
9378
9 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Изоҳланишича, мазкур қарор инфляция даражасини пасайтириш ва иқтисодиётнинг тикланиб бориши шароитида иқтисодий фаолликни кўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, ташқи бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши бўйича хатарлар фонида инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасаювчи динамикасини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинган.

Ички иқтисодий шароитлар

Расмий релизга кўра, йилнинг 1-чорагида ва апрель ойида кузатилаётган макроиқтисодий вазият пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022-2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларининг базавий сценарийсида келтирилган шартлар доирасида шаклланмоқда.

Хусусан, 2021 йилнинг февраль-март ойларида иқтисодий фаоллик кўрсаткичлари тикланишда давом этди. Товар-хомашё биржасидаги операциялар ҳажми, банклараро транзакциялар, савдо ва пуллик хизмат кўрсатишдан тушумлар ўзгаришлари асосида ҳисоблаб чиқиладиган Иқтисодий фаоллик индикаторининг барча компонентлари ҳам январь ойидаги пасайишдан сўнг март ойида сезиларли даражада тикланди.

Статқўм маълумотига кўра, 2021 йил I чорагида ЯИМ ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ҳисобда 3 фоизга ўсди.

Февраль ойидаги бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимлари иш ҳақи ҳамда стипендияларининг оширилиши, марказлашмаган манбалар ҳисобидан асосий капиталга киритилган инвестициялар ва иқтисодиётга ажратилган кредитлар ҳажмининг ўсиши иқтисодиётда ялпи талабни қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлди.

Хусусан, биринчи чорак давомида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 35,6 трлн сўмни ташкил этди. Январь-март ойларида тижорат банклари томонидан иқтисодиётга 32,9 трлн сўмлик, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11 фоиз кўп кредитлар ажратилди.

Ташқи иқтисодий шароитлар

Жаҳонда ва асосий савдо-ҳамкор давлатларда иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланиб бориши кузатилмоқда.

Жаҳонда иқтисодий фаолликнинг тикланиб бориши асосий биржа товарлари нархларини ўзгаришида ҳам ўз аксини топмоқда. Хомашё маҳсулотлари нархларидаги ўсиш динамикаси йилнинг биринчи чорагида товарлар экспорти ҳажмининг (олтин ва газни ҳисобга олмаганда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга ўсишига хизмат қилди. Бунда, рангли металлар экспорти 58 фоизга, текстил маҳсулотлари 38 фоизга ва кимё маҳсулотлари 21 фоизга ошди.

Йилнинг дастлабки уч ойида трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга ўсиб, 1,4 млрд долларни ташкил этди.

Ушбу тенденциялар, ўз навбатида ички валюта бозорининг барқарорлигига хизмат қилди ва 2021 йил 1 апрель ҳолатига миллий валюта алмашув курсининг йил бошидан девальвацияси 0,2 фоизни ташкил этди.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар

Март ойида йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этиб, январь ойидаги кўрсаткичдан 0,7 фоиз бандга пасайди.

Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг йиллик ўсиши 13,9 фоизни ташкил этиб, умумий инфляция даражасига таъсири юқорилигича (5,8 фоиз банд) сақланиб қолмоқда.

Бирламчи аҳамиятга эга асосий истеъмол товарлари нархларининг юқори суръатларда ошиши ташқи бозорларда ҳосилдорлик ва логистика билан боғлиқ сабаблар таъсирида юзага келган коньюнктура ҳамда ички бозорлардаги рақобат шароитлари ва ишлаб чиқариш ҳажмининг чеклангани каби омиллар билан изоҳланади.

Ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар нархлари ўсиши мос равишда 8,8 ва 8,4 фоизни ташкил этиб, ушбу гуруҳлар умумий инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатмоқда.

Жорий йил март ойи якунлари бўйича базавий инфляция (умумий инфляциядан мавсумий ва тартибга солинадиган нархлар чиқариб ташланган) 11,6 фоизни ташкил этди ва умумий инфляциядан бироз юқори бўлди. Бу ўз навбатида, иқтисодиётда инфляцион хатарларнинг сақланиб қолаётганидан далолат беради.

Йил бошидан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларида пасайиш тенденцияси кузатилаётган бўлса-да, жорий инфляция кўрсаткичларидан сезиларли даражада юқори шаклланмоқда.

Хусусан, март ойида келгуси 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмалари 15,5 фоизни, тадбиркорлик субъектлариники эса 15,9 фоизни ташкил этди. Умуман олганда, инфляцион кутилмалар даражасининг босқичма-босқич пасайиб, 2020 йилнинг бошидаги кўрсаткичларга яқинлашаётгани, кутилмаларда ўтган йилги пандемия билан боғлиқ оширувчи таъсирлар ролини камаяётганини билдиради. Ўз навбатида, ўсимлик ёғи ва шакар нархларида кузатилаётган жорий тенденциялар инфляцион кутилмаларни оширувчи омил бўлиши мумкин.

Пул-кредит шароитлари

2021 йилнинг январь-март ойларида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари шаклланди. Пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставкалар март ойида 14,4 фоиз ёки реал ҳисобда

3 фоизлик ижобий даражада бўлди. «Uzonia» индекси ҳам биринчи чорак давомида тўлиқ асосий ставка фоиз коридори доирасида шаклланди.

Муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларнинг 2020 йил декабрь ойидаги 14,8 фоиздан 2021 йил март ойида 17,8 фоизгача ўсиши, биринчи чоракда муддатли депозитлар ҳажмининг 10,5 фоизга, жумладан жисмоний шахсларнинг муддатли депозитларини 13,8 фоизга ошишига хизмат қилди.

Кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалар март ойида 21,4 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,4 фоиз бандга пасайган ҳолда 2020 йил декабрь ойи кўрсаткичларидан юқори даражада шаклланди.

Прогноз ва хатарлар

2021 йил якунлари бўйича ЯИМ ҳажмининг реал ўсиши базавий сценарийда келтирилган 4,5-5,5 фоиз доирасида бўлиши кутилмоқда. Бунда, биринчи чорак якунлари бўйича янгиланган прогнозлар иқтисодий ўсиш суръатлари ушбу прогноз коридорининг юқори чегарасига яқин бўлишини кўрсатмоқда.

Жорий йилда ҳам иқтисодиётни фискал рағбатлантиришнинг давом эттирилиши ва пул-кредит шароитларининг ўзгаришсиз қолиши фонида ялпи талабнинг тикланиб бориши, иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар натижасида тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинишининг жадаллашиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда асосий омиллардан бўлади.

Жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилиши кўзда тутилаётган кредитлар, ҳудудларда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилса, аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурлари доирасида йўналтириладиган маблағлар қурилиш соҳасини ва унга туташ тармоқларни рағбатлантирувчи омил бўлади.

Иқтисодиётга ажратилган кредит қўйилмалари ўсиш суръатларининг ЯИМ номинал ҳажми ўсиши даражасида бўлиши молиявий барқарорлик кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмайди.

Марказий банк ташқи бозорлар ва асосий озиқ-овқатлар таклифидаги ўзгаришларнинг йил охиригача инфляцияга таъсирларининг сақланиб қолиши ва ялпи талаб ўсишининг нархларни оширувчи хусусияти ортиб боришини инобатга олган ҳолда 2021 йил якунлари бўйича инфляциянинг 9,0-10,0 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилмоқда. Бунда, йил сўнгига қадар инфляцион жараёнлар ва кутилмалар ҳам монетар ҳам номонетар омилларнинг турли йўналишдаги таъсирлари остида шаклланади.

Аввал таъкидланганидек, жорий йил охиригача тартибга солинадиган нархлар оширилмаслиги, ўтган йилнинг апрель ойи ва октябрь ойларидаги юқори база эффекти, 2020 йилнинг IV чораги ва 2021 йилнинг I чорагида сўм алмашув курсининг нисбатан барқарор бўлганлиги келгуси чоракларда йиллик инфляция даражасини пасайтирувчи омиллардан бўлади.

Ўз навбатида, қисқа муддатли истиқболда айрим турдаги асосий озиқ-овқат нархларининг сезиларли ўсиши, бир томондан, ҳосилдорликнинг кам бўлгани ва айрим давлатлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига нисбатан киритилаётган чекловлар таъсирида ташқи бозорлардаги нархларнинг ўсиши билан изоҳланса, иккинчи томондан, ушбу маҳсулотларни импорт қилишда концентрация даражаси ва ички ишлаб чиқаришда таннарх харажатларининг нисбатан юқорилиги билан изоҳланади.  

Озиқ-овқат нархлари динамикаси бўйича хатарларнинг ошиб бориши шароитда ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш бўйича ягона давлат стратегияси, импорт бозорларини диверсификация қилиш, импортда концентрациялашув даражасини пасайтириш ва транспорт харажатларини камайтиришга қаратилган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини беради.

Шунингдек, мева, сабзавот ва озуқа-ем маҳсулотлари ҳажмларини ошириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш ва ушбу маҳсулотларни етиштириш учун зарурий ер майдонларини ҳамда сув ресурслари ажратилиши келгусида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини мувозанатлашишига хизмат қилади.

Умуман олганда, ички ва ташқи омиллар таъсирида инфляцияни оширувчи хатарларнинг кутилганидан узоқроқ муддат сақланиб қолиши жорий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2021 йил 10 июнга белгиланган.

Мавзуга оид