Иқтисодиёт | 13:16
869
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк 11 та тижорат банкини жаримага тортди

Фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этмагани, шунингдек инспекция ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар сабаб 11 та банк жаримага тортилди. Шунингдек, 14 банк ва 4 та тўлов ташкилоти огоҳлантирилди.

Фото: Kun.uz 

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йилнинг февраль ойидаги йиғилишларда 43 та масала кўриб чиқилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, дея хабар берди регулятор ахборот хизмати.

Маълум бўлишича, кўриб чиқилган масалаларнинг 30 таси рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишига тўғри келди. Жумладан, 3 та ҳолатда кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартишлар рўйхатдан ўтказилган, 1 та кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш, 6 та банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш, 5 та микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш, 1 та тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензияни қайта расмийлаштириш, шунингдек, 14 та тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир 13 та масала ҳам кўриб чиқилган. Уларда Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банкларида ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, банк ва тўлов ташкилотларида киберхавфсизлик талабларига риоя этиш ҳамда ташкилотларнинг молиявий хизматларини «тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.

Фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этмагани, шунингдек инспекция ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар сабаб 11 та банк жаримага тортилди.

14 банк ва 4 та тўлов ташкилоти пруденциал норматив талабларга риоя этилмаганлиги, ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари талабларига белгиланган тартибда мувофиқлаштирмаганлиги ҳамда ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, 8 та банк бўйича эҳтимолий йўқотишларнинг молиявий барқарорликка салбий таъсирини камайтириш ва макропруденциал буферлар шакллантиришни таъминлаш мақсадида акциядорларга оддий акциялар бўйича дивиденд тўлаш орқали фойдани тақсимламаслик талаби белгиланди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид