Ўзбекистон | 22:11 / 13.12.2022
39678
4 дақиқада ўқилади

Блогер Олимжон Ҳайдаров 21 млн сўм жаримага тортилди

Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров митинглар ўтказиш тартибини бузиш ва ёлғон ахборот тарқатишда айбланиб, БҲМнинг 70 баравари миқдорида жаримага тортилди.

Сурат Олимжон Ҳайдаровнинг Facebook саҳифасидан олинди.

Бугун, 13 декабр куни Фарғона вилоятида, жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судида блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Олимжон Ҳайдаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 1-қисми ва 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланди.

Суд қарори билан блогер юқоридаги моддаларда назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга бир неча ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўллаш тартибида БҲМнинг 70 баравари – 21 млн сўм миқдорида жарима жазоси белгиланди.

Kun.uz мухбири билан гаплашган Олимжон Ҳайдаров суд ҳукмидан норози эканини билдириб, юқори турувчи судга аппеляция шикояти беришини маълум қилди.

Ўтган ҳафталарда ҳаво ҳарорати совиб кетгач, хонадонлар ва ижтимоий объектларга устуворлик бериш мақсадида саноат корхоналари табиий газдан узилган эди. Ҳайдаров Ўзбекистон туманидаги корхоналар газдан узилиши оқибатида “10 минглаб аҳоли” ишсиз қолаётгани, улар қаторида бўлган “Албус” гипс заводи ишчилари газ улаб берилишини сўраб, кўчага чиқишаётгани ҳақида 6 декабр куни видео тарқатган.

Фарғона вилояти ИИБ 13 декабр куни суд ҳукми бўйича қуйидагича изоҳни эълон қилди.

“Ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув ишлари давомида жорий йилнинг 11 декабрь куни фуқаролар А.Т., Д.Н., У.Т. ва О.С.лар ариза билан мурожаат қилиб, унда жорий йилнинг 4-6 декабрь кунлари улар ишлаб келаётган завод ҳудудига ўзини блогер-журналист Олимжон Хайдаров деб таништирган фуқаро келиб, завод газ тармоғидан узилганлиги сабабли, тез орада ёпилиб фаолияти тўхтатилиши, оқибатда ишчилар ишсиз ва маошсиз қолишлиги ҳақида айтиб, уларга заводда тўпланиб, норозилик намойишини уюштириб, бу ҳақда видео мурожаат қилишларини, шундагина завод қайтиб газ тармоғига уланиши мумкинлигини ва бу борада у ёрдам бера олишини билдирган.

Бундан ташқари, иш материалларидан маълум бўлдики, О.Ҳайдаров намойишни қай тарзда видеога олишни ўргатганлигини, айрим иштирокчилар томонидан етарли даражада яхши гапира олмаганлиги, шунинг учун бошқалар гапириши кераклигини айтиб, намойиш қилганларни агрессив гапиришга ундаган, қайта дубллар орқали ушбу намойишни олдиндан режалаштиришда иштирок этган.

Жорий йилнинг 6 декабрь куни эса бевосита ўзи иштирок этмаса-да, намойишни тасвирга олиш бўйича мутахассис билан гаплашиб, унинг ишларини ташкиллаштирган ҳамда тайёр видеоматериалларни ўзининг канали орқали тарқатган.

Юқоридаги аризачилар уларни қонун бузишга чорлаган ўзини Олимжон Хайдаров деб таништирган шахсга нисбатан қонун доирасида чора кўришни сўрашган.

Мазкур ҳолат тўлиқ ўрганилиб, фуқароларнинг аризасида келтирилган важлар ва О. Ҳайдаровнинг ҳаракатлари ўз тасдиғини топган.

Шунингдек, О. Ҳайдаров томонидан тарқатилган матнда бошқа заводларда газ ўчирилмагани, бу масалага мансабдор шахсларнинг алоқаси борлиги важ келтириб, ҳақиқатга мос бўлмаган ёлғон ахборот ҳам тарқатилган. Жумладан, «Шўрсув» ҳудудидаги "Knauf" корхонасининг табиий гази узилмаганлиги айтиб ўтилган, бунинг сабаби сифатида уни раҳнамоликка олинганлиги юзасидан асоссиз хабарлар тарқатган, лекин ҳақиқатда “Knauf” корхонаси жорий йилнинг 29 ноябрь кунидан бошлаб табиий газ олмаётганлигини газ корхоналари тасдиқлаган. Ушбу ҳаракати орқали жамоат тартибига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатган”, – дейилади ИИБ ахборотида.

ИИБнинг аввалроқ эълон қилган баёнотида ҳам, “Ҳудудгаз Фарғона”нинг расмий муносабатида “Албус” заводи газдан узилганидан кейин ўзбошимчалик билан қайта уланиб олгани айтилган. Бунинг учун завод мансабдорларига чора кўрилгани ёки йўқлиги очиқланмади.

Мавзуга оид