Ўзбекистон | 11:00 / 30.10.2023
7635
6 дақиқада ўқилади

“Чиқиш йўли — қабристонда”. “Яхшиям, сен борсан” ҳикояси ҳақида

Биз одамлар дунёни бозорга ўхшатамиз. Баъзан “бозор дунё эканда”, деб қўямиз. Бундоқ олиб қаралса, чиндан ҳам бозор билан дунё бир-бирига жудаям ўхшаш. Дунё бозор сингари кишини ўзига жалб қилади. Турли хил неъматлари билан кишини мафтун этади. Бор зийнатларини кўз-кўзлаб чорлайди. 

Дунёда одамзод бозордаги каби алдайди, алданади, ўғирлайди, ўғирлатади, олади, беради, сотади, сотиб олади... Бозорга кириб қолган киши вақт ўтганини билмай қолади. Киришга киради-ю чиққиси келмайди. Кезган сари кезгиси, айлангиси, имкони бўлса қолгиси келаверади.

Замонавий ўзбек адабиёти вакили Улуғбек Ҳамдамнинг “Яхшиям сен борсан” ҳикояси қаҳрамонлари Юсуф ва Зулайҳо ҳам кириши бор, чиқиши йўқ “бозор” чангалига тушиб қолади…

Сюжет:

Икки севишган учрашаркан Зулайҳо бирров бозорга кириб-чиқишни илтимос қилади. Иккиси етаклашиб бозор айланади. Бироз муддатдан сўнг қиз зерика бошлайди ва кетишни истайди. Аммо шу излашса-да чиқишни топишолмайди. Ҳамма жойда кириш. Чиқиш эса йўқ.

Излайвериб чарчаб кетган икки ёш бир қаҳвахонага кириб нафас ростлашади. Юсуф чойчи амакидан чиқиш йўлини сўрайди. Аммо чойчи буни айтишни истамай, йигитнинг гапини эшитмаганликка олади. Юсуф эса айтмагунича кетмаслигини айтиб, ўтириб олади. Ахийри чойчи амаки чиқиш йўли кунчиқар томондаги кўҳна қабристонда эканини айтади.

Йигит ва қиз йўлга тушади. Юриш қийин эди. Одамлар кўп. Улар туртина-суртина илгарилаб боришаётган чоғ Юсуфнинг оёқ кийими ипи ечилиб кетади. Боғични боғлаш учун Зулайҳони бир зумгинага қўйиб юборади. Ишини битиргач атрофга қараб севгилисини тополмай излашга тушади. Аммо қиз ён-атрофда кўринмасди. Сўнгра уни заргарлар растаси ёнида учратади. 

Зулайҳони олтин тужжорлари ўраб олганди. Улар чиройли зеб-зийнатларига қизни маҳлиё қилиб тинмай мақташарди. Юсуф бир муддат нима қиларини билмай серрайиб қолди. Агар ҳозир қизни бу тузоқдан қутқармаса, Зулайҳо бир умр бозорда қолиб кетишини ичдан ҳис қилиб, унинг олдига бориб, кетдик дейди. Аммо қиз кетишни истамайди. Зулайҳо юравермагач шарт кўтариб кета бошлайди. Бир муддатдан сўнг қиз ҳушини йиғиб олади...

Улар юра-юра яна ўша қаҳвахона ёнига келиб қолади. Ҳафсалалари пир бўлганча бир дам нафас ростлаган бўлиб яна йўлга тушишади. Иккаласи расталар оралаб бораркан пештоқига “Бошқарма” деб ёзилган идорага дуч келишади. У ердан барзангилар чиқиб, Юсуфни олиб кириб кетади. Бир муддатдан сўнг йигит башанг кийинганча тўртта қўриқчиси билан чиқиб келади. У ўзига қараб турган Зулайҳони кўрмасликка олиб ўтиб кетади. Қиз қайта-қайта чақирса-да қайрилиб ҳам қарамайди. Юсуфни шунчаки қайтариб бўлмаслигини тушунган Зулайҳо пичоқ билан икки юзини тилиб юборади ва: 

– Сен қарамайдиган бўлсанг, бу гўзаллик менга керакмас, – дейди. 

Шундагина йигит ҳушини йиғиб Зулайҳо томон югуради. Башанг кийимларини ечиб ташлаб, жодудан халос бўлади. Иккиси етаклашиб йўлда давом этади, тез орада қабристондаги чиқиш йўлига етиб боришади. Бир-бирисиз бу ғала-ғовур бозорда қолиб кетишлари мумкинлигини ҳис қилишиб, иккиси ҳам:

– Яхшиям сен борсан!.. – дейди...

Таҳлил:

Асарда айтилаётган бозор чиндан ҳам дунё рамзи эди. Бозорга кирдикми, яъни дунёга келдикми расталарни айланамиз, турфа хил нарса-буюмларни, яхши-ёмон одамларни кўрамиз. Икки севишган каби уларнинг жим-жимасига алданамиз. Оқибатдан чиқиш йўлини излаётганимизни, асл мақсадимиз нима эканини буткул унутамиз. 

Асарда Зулайҳо бекорга зеб-зийнат, Юсуф эса бошқарманинг қутқусига учмади. Аёл киши чиройли ялтир-юлтур нарсага, асосан, тилла буюмларга ўч бўлади. Бундай нарсага ҳавасланмайдиган, кўзи куймайдиган аёл бўлмаса керак. Эркаклар эса бошқарувга, юксак мавқега, қудратга ишқибоз. Эркакни айни шу омиллар билан маҳлиё қилиш осон эди. Шу сабабдан ҳам йигит ва қизни йўлдан оздириш учун айни шу нарсалар йўлиқтирилди. 

Инсон яшашда давом этар экан, у турли синов-имтиҳонларга дуч келади. Ёнида ақлли ва доно, бирозгина жасоратли яқин инсони бўлса, бундай синовлардан ўтиши осон кечади. Оёғи чалишиб, боши айланиб йиқилиб қолмайди. Юсуф ва Зулайҳо бир-бири учун ана шундай инсон вазифасини ўтади. 

Эркак ва аёл турмуш қураркан, ўзига муносиб жуфт қидиради. Фақат аҳмоқларгина шунчаки эр ёки хотин қиляпман деб ўйлайди. Фаросатли инсон эса бутун ҳаёт йўли учун муносиб йўлдош, болалари учун ўрнак бўлишга арзирли ота (она), оғир кунларида суянчиқ бўлишга қодир тоғ излайди.

Ҳикоядаги чиқиш йўли қабристон орқали ўтилиши ҳам бежиз эмас. Инсон бу дунё ғалваларидан ўлгандан сўнг қутулади. Фақат қандай виждон билан, қандай яхши-ёмон амаллар билан чиқиб кета олиши унинг танловига боғлиқ. Зулайҳо ўткинчи ҳавасларга берилиб, Юсуф кибр-ҳавога йўлиқиб қолишлари ҳам мумкин эди. Аммо иккиси ҳам бир-бирига қўлдош бўлиб бундай хавфдан қутулиб қолди ва тоза виждон билан ўз йўлларини топиб борди...

Нима бўлганда ҳам, нима бизни йўлдан чалғитса ҳам мақсадимиздан қайтмаслигимиз, йўлимизни йўқотмаслигимиз жуда муҳим. Бу дунёда яхши амалларимиз ва жонкуяр яқинларимиз бизни турли хавф ва хатарлардан ҳимоялаб туради…

Гуласал Қодирова, китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид