Тоғлар ҳам қулайдими? Қулайди. Тоғлар табиат рамзи. Табиат деганда инсоннинг кўз олдига тоғ ва тоғдан оқиб турган сув манзараси келади. Агар инсоният табиатга етарлича эътибор, меҳр бермаса, шафқатсиз муносабатда бўлса, табиат қулайди, барбод бўлади. Бу эса инсоният бошига тушадиган кулфат демакдир. Табиат ва инсоният бир-бири билан узвий боғланган. Уларни бир-бирисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо сўнгги йилларда инсон табиатга нисбатан муносабатда бироз ҳаддидан ошяпти. Бундай хатти-ҳаракатлар эса жавобсиз қолмаслиги аниқ. Айни шу масала ва муаммоларни Чингиз Айтматов ўзининг «Қулаётган тоғлар» романида акс эттирган.
Сюжет:
Асар Жаабарс лақабли қорқоплонининг сўнгсиз изтироблари билан бошланади. Уни жуфти Барсойим ташлаб кетди. Жаабарсдан ёшроқ, забардастроқ барс билан етаклашиб кетди. Бу эса Жаабарсни адойи тамом қилди. Ҳаётга бўлган иштиёқи ҳам, қизиқиши ҳам қолмади. Яккаланиб, тоғма-тоғ кезадиган одат чиқарди.
Одам боласи Арсен Саманчин ҳам айни шу ҳолатда. Арсен таниқли журналист, бир қанча тилларда бемалол гаплаша оладиган иқтидорли йигит эди. Унинг севгилиси Ойдана машҳур актриса ва бой аёл бўлиш мақсадида ўша даврнинг миллионери Эртош Курчалга маъшуқа бўлиб кетиб қолади. Ваҳоланки, қиз Арсен билан «Мангу қайлиқ» воқеасини саҳналаштиришга ваъдалашганди. «Мангу қайлиқ» неча йиллардан бери халқ оғзида бўлиб, вафо ва садоқатли севги ҳақида куйлар эди...
Кучли изтиробда қолган йигит аввал Эртошни, сўнг ўзини ўлдиришга аҳд қилади. Аммо тўппончани қаердан олишни билмай турган вақтида овулдан унга овчилик билан шуғулланувчи қариндоши Бектур оға телефон қилиб қолади. Унинг «Мерган» номли фирмаси бўлиб, бу фирма овчилик билан шуғулланарди. Бектур оға Арсенга яқинда овулга иккита бой араб қўноқлари келишини, улар тоғларда барс овлаши ва барча ҳаражатларни ўзлари тўлашини айтади. Арсендан таржимонлик қилишини сўрайди.
Тўппонча қидириш муаммоси шу ишда ҳал бўлишини ўйлаб, Арсен таклифга рози бўлади ва овулга қараб йўл олади. У ерда Элес исмли қиз билан танишади ва иккиси бир-бирига кўнгил қўяди. Элес дунёқараши кенг, ақлли ва табиатга куйинчак қиз эди.
Бектур оға овулидан 4-5 та норғул йигитларни барсларни ҳайдаб келиш учун ишга ёллаганди. Уларнинг сардори Арсеннинг синфдоши Тоштан эди. Афғонда жанг қилиб келгани учун ҳамма уни Тоштанафғон деб чақирарди. Тоштанафғон йигитлари билан Арсенни маҳфий жойга олиб боради ва ўзининг режасини билдиради. Режа шундай эдики, ов вақтида Тоштан йигитлари билан араб қўноқларини гаровга олиб, пул талаб қилади. Пулни олгач ҳаммаси узоқ жойларга қочишади. Бу ишда Арсен таржимонлик қилиши лозим эди.
Агар рози бўлмаса ёки бу ҳақида кимгадир айтгудек бўлса Арсенни аяб ўтирмасликларини таъкидлайди. Арсен ниҳоятда қийин вазиятга тушиб қолганди. Арабларни гаровга олиб, улардан пул талаб қилиш халқаро муносабатлар бузилишига олиб келиши мумкин эди.







