Жамият | 19:07 / 01.08.2020
15889
6 дақиқада ўқилади

Хоразмда ҳам фуқаро ўз мулкига эгалик қила олмаяпти. Онлайн аукцион ғолиблари нега йиллаб сарсон бўлмоқда?

«Мен кўчмас мулкни фирибгарлардан эмас, давлатдан сотиб олдим, деб ўйлагандим. Адашганга ўхшайман!» — Хива туманида яшовчи фуқаро «E-IJRO AUKSION» орқали сотиб олган биносига ҳамон эгалик қилолмаяпти. У МИБ ва ИИБ ўртасида «копток» қилинмоқда.

Бундан бир йил олдин Хива туманида онлайн аукцион орқали бино сотиб олиб, бугунга қадар унга эгалик қилолмай келаётган Эргаш Кулиев Kun.uz таҳририятига мурожаат йўллади. У воқеани қуйидагича ҳикоя қилади.

«2019 йил 10 июнь куни «E-IJRO AUKSION» орқали Хива шаҳар Лолазор маҳалласида жойлашган умумий ер майдони ва қурилиш ости майдони 110,88 кв.м., фойдали майдони 94,84 кв.м. бўлган 2та хонадан иборат 1 қаватли дўкон биносини сотиб олган эдим.

Хива шаҳар мажбурий ижро бўлимига борганимда: «Бўлди, дўкон биноси сизники, кадастр қилдираверинг», дейишди ва мен кадастр ҳужжатларини қилдирдим. Ҳамма ҳужжатларни расмийлаштирдим, ҳатто бинонинг 2019 йил учун мулк солиғидан қарзини ҳам тўладим.

Лекин, бинога борганимда, жойнинг олдинги эгаси у ерни бўшатиб беришдан бош тортди. Аукцион қоидасида сотилишидан олдин бино муҳрланган бўлиши ва ижрочилар ғолибга бино муҳрини очиб топшириши керак экан. Амалда эса бундай бўлмади.

Бинони бўшатишлари учун судга даъво ариза киритдим. Икки ой деганда, яъни 2019 йил 13 сентябрь куни суд бинони мажбурий бўшатиш тўғрисида қарор чиқариб берди. Мажбурий ижро ходимлари эса суд қарорини тўлиқ ижро этишдан бўйин товлашмоқда».

Маълум бўлишича Э.Кулиев бу муаммо юзасидан бир нечта идораларга мурожаат қилади.

Жумладан, 2020 йил 23 июнь куни МИБ Хоразм вилояти бошқармаси томонидан Э.Кулиевнинг суд қарори ижроси таъминланмаётганидан норози бўлиб, МИБ «Ишонч телефони»га йўллаган мурожаати юзасидан берилган жавобда ФИБ Боғот туманлараро судининг 2019 йил 13 сентябрдаги жавобгар Б.Ибодуллаев ва М.Ибодуллаевларни Э.Кулиевга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бинодан мажбурий тартибда чиқариш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича Бюронинг Хива шаҳар бўлими томонидан 2019 йил 8 октябрда ижро иши юритиш қўзғатилгани айтилади.

Шунингдек, жавоб хатида мурожаатни кўриб чиқиш давомида давлат ижрочилари томонидан 2020 йил 23 июнда олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида қарздор Б.Ибодуллаев ва М.Ибодуллаевлар Э.Кулиевга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бинодан чиқарилиб, бино муҳрланган ҳолда унга топширилгани ва ижро ҳужжати 2020 йил 23 июнда қонунга асосан тамомланиб, талаби қаноатлантирилгани маълум қилинган.

Аммо, Э.Кулиевнинг айтишича, дўкон биносида автоцех юритаётган аввалги эгаларини чиқартириш учун бир неча бор МИБ ходимлари билан ташриф буюрганида ҳар сафар негадир, улар бу бинода бўлишмаган ва бинога қулфланган ҳолида дуч келаверишган.

Э.Кулиев уларга бу алдамчи вазият эканини, чунки ичкарида уларнинг асбоб-ускуналари турганини, мажбурий чиқаришни тўлиқ амалга оширишни ва уларнинг асбоб-ускуналарини ҳам олиб чиқиб кетиш лозимлигини таъкидлаган. Аммо МИБ ходимлари буюмларни олиб чиқиб кетиш ички ишлар ходимларининг иши эканини айтишган.

Шундан сўнг, Э.Кулиевнинг навбатдаги мурожаати Хива тумани ИИБ томонидан ўрганилиб, мурожаатдаги масала ички ишлар органларига тааллуқли эмаслиги туфайли МИБ Хива шаҳар бўлимига йўналтирилгани тўғрисида маълумот берилади.

МИБ ходимлари дўконда ҳеч ким ишламаётганини иддао қилиб, ижро иши юритишни тамомлаш лозимлиги тўғрисида қарорга келишган. Бироқ, Э.Кулиевнинг айтишича, амалда дўконнинг собиқ эгалари бинода ҳамон фаолият олиб бормоқда, МИБ ходимлари эса ижрони амалга оширмаган, бинони эса аввалдан бўшатиб қўйишмаган.

Шунингдек, бино муҳрлаб кетилганидан сўнг, бинонинг аввалги эгалари муҳрни бузиб кириб олишганида, уларга ҳеч қандай чора кўрилмаган.

«Бу жойни тадбиркорлик қиламан деб олгандим. Бу қандай ўйин ўзи? Қонунда ҳақиқатдан ҳам шундайми? Мен кўчмас мулкни фирибгарлардан эмас, давлатдан олдим, деб ўйлагандим. Адашганга ўхшайман. Бу ишларда айбдор ким? Давлатга ишониб пул тўлаган менми ёки ўз ишини виждонан бажармаётган масъулларми? Нимага пулини олгандан кейин мулкни олиб беришмайди?

Мажбурий чиқариш тўғрисида суд қарори чиққан. Порталга ёзсам, бино ўзингизга топширилган, МИБга ёзсам ижро таъминланган, деган жавоб келади. Ваҳоланки, менга ҳеч ким бинони топширмаган, суд қарори ҳам ижро этилмаган» – дейди ҳафсаласи пир бўлган Э.Кулиев.

Таҳририятга келиб тушаётган шикоятлар мазмунидан шу нарса аён бўлмоқдаки, хивалик Эргаш Кулиев онлайн аукциондан мулк сотиб олиб, бунинг ортидан ўзига битмас-туганмас бошоғриқ орттирганларнинг биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас.

Иштихон машина-трактор паркини ютиб олиб, у ерга кира олмаган Санъат Қодиров, Бўстонлиқ туманидаги «Энергоқурилишиндустрия» унитар корхонасига қарашли бино-иншоотларни ютиб олган-у 900 минг АҚШ доллари ҳавога совурилган «Кавсар мадад» хусусий корхонаси ёки прокурор томонидан синдирилаётган бекободлик ёш тадбиркорлардан ташқари яна ўнлаб шу каби мурожаатлар таҳририятда ўрганиб чиқилишини кутиб ётибди.

Муаммонинг туб илдизи қаерда экани ҳақидаги масалаларга номукаммал бу тизимнинг қусурлари ҳақидаги таҳлилий мақоламизда алоҳида тўхталамиз.

Ҳозирча хивалик фуқаронинг изтироблари юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва бошқа расмий идоралардан жавоб кутиб қоламиз.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид