«Қизил тугма» босилиши хавфи: Кимда қанча ядро қуроли бор?
Илк ядро қуроли 1945 йилда АҚШда яратилган. Ўша йили Япониянинг иккита шаҳрида, одамлар устига ташланиб тирик жонлар билан синовдан ўтказилган. Ўшандан буён дунёнинг яна бир қанча давлатлари бундай қуролларга эга бўлди.
Инсоният ядро қуроллари қўлланиши қандай оқибатларга олиб келишини илк бор 1945 йил АҚШ Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташлаганида билганди. Ўшанда бу икки шаҳар бутунлай вайронага айланади, 100 минглаб одамлар ҳалок бўлади. Тирик қолганлар эса атом бомбаси портлаши туфайли юзага келган радиация нурлари оқибатида ногирон бўлиб қолади.
Кейинчалик Япониянинг ҳар иккала шаҳри ҳам қайта тикланди. Бугунги кунда уларда миллионлаб одамлар яшаяпти. Аммо ядро қуроли портлаган жойда пайдо бўлган радиация нурлари ҳанузгача одамлар соғлигига зиён келтиришда давом этмоқда.
Хиросима ва Нагасакига атом бомбалари ташланганда фақат АҚШда бундай қуроллар бор эди. Кейинчалик ХХ асрнинг охиригача яна бир қанча давлатлар бундай қуролларга эга бўлди. Бугун ана шу қуроллар сабабли инсоният келажаги жиддий хавф остида қолмоқда.
Атом бомбаси яратилиши ҳақида қисқача
Атом бомбасини илк марта 1943–1944 йилларда иккинчи жаҳон урушида енгилаётган немис олимлари лойиҳалаштира бошлаган. Урушда СССР ва иттифоқчилар армияси Германия қўшинларини икки томондан сиқиб кела бошлагач немислар «даҳшатли қурол» яратиш бўйича олиб бораётган лойиҳасини охирига етказа олмайди.
Шундан сўнг лойиҳа маълумотлари АҚШ разведкаси томонидан ўғирлаб кетилади ва илк ядро қуроллари Америкада яратилади.
1945 йилда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари урушда енгилаётган Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбасини ташлайди ва илк синовни шу тарзда ўтказади. Портлаш натижасида ҳар икки шаҳарда 100 минглаб одам ҳалок бўлади, тирик қолганлар ногирон бўлиб қолади ва узоқ яшамайди.
Шундан кейин дунёдаги асосий рақобатчисидан ортда қолишни хоҳламаган СССР океан ортида ишлаган ўз айғоқчилари ёрдамида АҚШдан ядро қуроли лойиҳасини қўлга киритади. 1949 йилда бу давлатда ҳам илк ядро қуроли синови ўтказилади.
Кейинчалик СССР мутахассислари Хитойда ядро қуроли яратилишида иштирок этади. Франция, Буюк Британия, Ҳиндистон, Покистон ҳамда Шимолий Корея ўз ядро қуролларига эга бўлади. Шунингдек, Эрон ва Исроилда ядро қуроллари бор деб тахмин қилинади. Шу тариқа ХХ аср охиригача дунёнинг 10 та мамлакати ядро қуролларига эга бўлган деб ҳисобланади.
Эрон
Эронда ядро қуроллари борлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Эроннинг ўзи ҳам унинг борлигини инкор қилади. Ғарб давлатлари эса «Эрон аллақачон ядро қуролини синовдан ўтказган ва буни жаҳон ҳамжамиятидан яширяпти» деб даъво қилади.
Эрон ядро қуролининг асосий ёқилғиси бўлган уранга бой мамлакат ҳисобланади. Эрон раҳбарияти мамлакатнинг асосий режаси ядро қуролларини яратиш эмас, балки атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш эканини таъкидлаб келади.
Ғарб давлатлари томонидан Эронда ядро қуроли бор деб тахмин қилинишига асосий сабаб шуки, бу давлат ҳудудида ядро синовлари ўтказиладиган полигонлар, лабораториялар, уранни бойитиш корхоналари ва ядро физикаси соҳасида кучли мутахассислар бор. Шундан келиб чиқилса Эронда ядро қуролини осонгина яратиб олиш учун барча шароит бор.
2020 йил 27 ноябр куни Исроил ва Ғарб давлатлари махсус хизматлари томонидан «Эрон бомбасининг отаси» дея нисбат бериладиган физик олим Муҳсин Фахризода Теҳронда ўлдириб кетилди. У бошчилигидаги мутахассислар Эронда ядро қуролини аллақачон яратиб бўлгани айтилади.
Шимолий Корея
Расмий номи Корея Халқ Демократик Республикаси бўлган Шимолий Кореяда 30 тадан 60 тагача жанговар ядро каллаклари борлиги айтилади.
Бу мамлакат илк ядро синовини 2006 йилда, энг сўнггисини 2018 йилда ўтказган (2021 йилда ҳам синов ўтказилган деб тахмин қилинади).
Шимолий Корея ядро қуролларини яратиш устидаги ишларни ўтган асрнинг 70-йилларида бошлаган. Ўша пайтда мамлакатга раҳбарлик қилган Ким Ир Сен ядро қуроли яратишда СССР ва Хитойдан ёрдам сўрайди. Аммо улар бу сўровни эътиборсиз қолдиришади. Шундан сўнг Шимолий Корея мустақил равишда ядро қуролларини яратиш ишларини бошлаб юборади. Аммо 1991 йилда энг яқин иттифоқчиси бўлган СССРнинг тарқаб кетиши ишларни ортга суриб юборади.
Ниҳоят 2006 йилда Шимолий Корея илк ядро синовини муваффақиятли амалга оширгани ҳақида расман эълон қилади. Турли манбаларга кўра, бугун Шимолий Кореяда 10 тадан 60 тагача ядро қуроли бор. КХДР нафақат ташқи дунё билан, балки халқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик қилмагани учун бу давлатда қанча ядро қуроли борлиги аниқ эмас.
Исроил
Яқин Шарқда жойлашган Исроилда 80-90 та жанговар ядро каллаклари борлиги, бу давлат томонидан илк ядро синови ҳам, сўнггиси ҳам 1979 йилда ўтказилгани айтилади.
Исроил ўзида ядро қуроллари борлигини ҳеч қачон ошкор этмаган. Гарчи Исроилда ядро тадқиқотлари ўтган асрнинг 50-йилларидан бошланган бўлса-да, мамлакатдаги ядро қуроллари мамлакатнинг ўзида тайёрланганми ёки яқин иттифоқчиси АҚШ томонидан берилганми, бу ҳам аниқ эмас.
Аксарият мутахассислар Исроилга ядро қуролларини АҚШ берганини таъкидлайди. Уларга кўра, ҳудуди жуда кичик бўлган Исроилда ядро қуроллари синовини ўтказишнинг иложи йўқ. Қолаверса, мамлакат раҳбарияти ҳам ўз фуқаролари соғлигини хавф остига қўймаса керак.
1979 йилда Атлантика океанининг жанубида бир нечта шубҳали ядро синовлари ўтказилган ва уларни Исроил ёки ЖАР ўтказган деб тахмин қилинади. Исроил «Ядро қуролларини тарқатмаслик ҳақидаги битим»ни имзолашдан бош тортган. Бу ҳам мамлакатда ядро қуроллари борлигининг исботи сифатида кўрилади.
Ҳиндистон
Ҳиндистонда 120-150 та жанговар ядро каллаклари борлиги айтилади. Бу давлатда илк ядро синови 1974 йилда, сўнггиси 1998 йилда ўтказилган.
Ҳиндистон илк ядро синовларини 1974 йилда муваффақиятли ўтказган бўлса-да, фақатгина ХХ асрнинг сўнгига келиб ўзида ядро қуроли борлигини ошкора тан олди.
1998 йилда уч марта ядро синовини ўтказган Ҳиндистон ўшандан кейин синовларини бошқа ўтказмаслик ҳақидаги қарорини эълон қилди.
1947 йилда Британия қўл остидан мустақил бўлган Ҳиндистон ва Покистон ўртасида кейинчалик ҳудудий можаролар юзага келди. Шу сабабли ҳар икки давлат ҳам ўз ядро қуролига эга бўлишга ҳаракат қила бошлади. Шундан сўнг аввал Ҳиндистон, сўнг Покистон ўз ядро қуролини яратди.
Покистон
Покистонда 130-160 та жанговар ядро каллаклари бор дейилади. Бу давлат илк ядро синовини ҳам сўнггисини ҳам 1998 йилда ўтказган.
1974 йилда Ҳиндистон ядро синовини муваффақиятли ўтказганидан сўнг у билан бир неча бор ҳудуд талашиб уришган Покистон ҳам тадқиқотларга зўр беради. Ўшанда Покистон бош вазири бўлган Зулфиқор Али Бхутто «Агар Ҳиндистон ядро қуролининг синовини муваффақиятли ўтказган бўлса, биз оч қолиб ўт-ўлан есак ҳам ўз ядро қуролимизни яратамиз. Бизда бошқа йўл йўқ», деганди.
Зулфиқор Бхутто айтгандай Покистон синовларни муваффақиятли ўтказиб ўз ядро қуролига эга бўлди. Фақат Ҳиндистондан 24 йил кейин. Шу тариқа Покистон жаҳондаги ядро қуроллари бор саноқли давлатлардан бири бўлди.
2021 йил октябр ойида Покистонда ядро қуролларини яратишда раҳбарлик қилган физик олим Абдул Қодир Хон коронавирус туфайли вафот этди. Бу инсон бир пайтлар КХДР ва Эронга ядро қуролларини яратиш дастурини яширинча сотганликда ҳам айбланганди.
Буюк Британия
Буюк Британияда 200 та жанговар ядро каллаклари борлиги айтилади. Бу давлат илк ядро синовини 1952 йилда, сўнггиси 1991 йилда ўтказган.
Гарчи ядро қуролига эга мамлакатларнинг биринчи бешталигига кирса ҳам Буюк Британия ўз ҳудудида ядро синовлари ўтказмаган. Барча синовлар Австралия ва Тинч океанидаги оролларда ўтказилган. 1991 йилда Буюк Британия ядро синовларини ўтказишни тўхтатган.
Хитой
Чин юртида 320 та жанговар ядро каллаклари борлиги айтилади. Хитой илк ядро синовини 1964 йилда, сўнггисини 1996 йилда ўтказган.
Хитойнинг ядро қуролига эга бўлишида СССРнинг ёрдами катта бўлган. Совет иттифоқи бу давлатга тўғридан тўғри ядро қуроли бермаган. Аммо ядро тадқиқотлари учун лабораториялар ташкил этишда, уранни бойитиш заводи ва синов полигонини қуришда, шунингдек, ядро қуроли яратишда иштирок этган физик олимларни тайёрлашда ёрдам берган.
Хитой дунёдаги ядро қуроллари йўқ давлатларга ядро қуроли билан ҳужум ва таҳдид қилмаслик ҳақида қарор чиқарган ягона мамлакат ҳисобланади.
Франция
Францияда 280-300 та жанговар ядро каллаклари борлиги айтилади. Бу давлат илк ядро синовини 1960 йилда, сўнггисини 1995 йилда ўтказган.
Франция илк ядро қуроли синовини 1960 йилда муваффақиятли ўтказган. Ўшандан кейин 1995 йилгача бу давлат умумий ҳисобда 200 дан ортиқ ядро синовларини ўтказган.
Франция ҳам Буюк Британия каби ўз ядро қуроллари синовини мамлакатнинг денгизорти мулкларида ўтказган. Илк синовлар ўша пайтда ҳали Франция мустамлакаси бўлган Жазоирда ўтказилган. Африка шимолидаги бу давлат мустақил бўлгач Франция ўз ядро синовларини Тинч океанидаги Франция Полинезияси оролларида давом эттирган. Франция «Ядро қуролларини тарқатмаслик ҳақидаги битим»га ўтган асрнинг 90-йилларида қўшилган.
АҚШ
АҚШда 5 800 та жанговар ядро каллаклари борлиги айтилади. Аммо 2020 йил 30 сентябрда АҚШ давлат департаменти бу давлатда 3 750 та фаол ва нофаол ядро каллаклари борлигини маълум қилди.
Тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича Стокҳолм халқаро институти (SIPRI) маълумотларига кўра, 2021 йил январ ҳолатига АҚШда 5 550 та ядро каллаклари бор.
Бу давлатда илк ядро синови 1945 йилда, сўнггиси 1992 йилда ўтказилган.
АҚШ ҳарбий соҳага пул сарфлаш бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллайди. Сўнгги йилларда бу давлат ҳарбий харажатлар учун йилига ўртача 700 миллиард доллар атрофида маблағ сарфламоқда.
Шунингдек, АҚШ жанговар ядро каллаклар сони ва ядро синовлари бўйича ҳам дунёда биринчи ўринда туради. Шу пайтгача АҚШда 100 турдан ортиқ 66,5 мингта турли атом қуроллари яратилган.
АҚШнинг асосий ядро каллаклари ҳарбий сувости кемаларига ўрнатилган. АҚШ ҳам 2017 йилда «Ядро қуролларидан бутунлай воз кечиш ҳақидаги янги битим»га қўшилмади.
Россия
Россияда 6 400 та жанговар ядро каллаклари борлиги айтилади. Бу давлат илк ядро синовини 1949 йилда, сўнггисини 1990 йилда ўтказган. СССР тарқаб кетгандан сўнг Россия ядро қуролларини синовдан ўтказгани ҳақида маълумотлар йўқ.
Россия дунёдаги биринчи рақамли ядро қуроллари державаси ҳисобланади. СССР тарқаб кетгач собиқ иттифоқ республикалари ҳудудида бўлган ядро каллакларини Россия олиб чиқиб кетган. СССР ядро қуролларининг бир қисми Қозоғистон, Украина ва Беларусь ҳудудида бўлган. Ўшанда Қозоғистон ва Беларусь уларни ҳеч бир гап-сўзсиз Россияга топширади. Аммо Украина 1994 йилгача ўз хавфсизлиги учун уларни Россияга топширмайди.
1994 йилда Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида АҚШ, Буюк Британия Россия ва Украина томонидан халқаро меморандум имзоланади. Меморандумга кўра Россия ҳеч қачон Украина ҳудудларига даъво қилмасликка, унинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга кафолат беради. Бу меморандум Будапешт меморандуми деб аталади.
2014 йилда Россия ўша меморандум шартларини бузиб Украинага тегишли Қрим яриморолини ўзига қўшиб олди. Бундан ташқари, Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларида бош кўтарган рус айирмачиларини қўллаб-қувватлади.
Гарчи Россия ядро каллаклари сони бўйича дунёда биринчи ўринда бўлса ҳам, жанговар шай бўлган ядро каллаклари сонига кўра АҚШдан кейин иккинчи ўринда турибди.
Аниқ маълумотлар борми?
Бугун ядро қуролига эга давлатларда қанча ядро каллаклари борлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Турли манбаларда улар турлича берилади. Юқорида келтирилган маълумотлар умумлаштирилган.
2020 йил октябр ойида АҚШ давлат департаменти 5 йил ичида биринчи марта мамлакатда нечта ядровий жанговар каллак борлиги ҳақидаги маълумотни ошкор қилди (собиқ президент Дональд Трамп даврида ушбу маълумотни очиқлаш тақиқланганди).
Унга кўра, 2020 йил 30 сентябрь ҳолатига АҚШда 3 750 та фаол ва нофаол ядро каллаклари мавжуд. Бу 2019 йилга нисбатан 55 та, 2017 йилга нисбатан эса 72 тага камроқ.
“Ушбу кўрсаткич АҚШ ядро қуроли собиқ иттифоқ билан 1967 йилда совуқ урушнинг авж палласида энг чўққига етган даврдан бери энг паст кўрсаткичдир. Ўшанда АҚШда 31 мингдан кўпроқ ядро заряди бўлган”, дейилган хабарда.
Шунингдек, яна бир нуфузли тадқиқот маркази Тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича Стокҳолм халқаро институти (SIPRI) маълумотлари АҚШ давлат департаменти томонидан келтирилган рақамлардан фарқ қилади. Жумладан, институт маълумотларига кўра 2021 йил январда АҚШда 5 550 та, Россияда 6 255 та, Хитойда 350 та, Буюк Британияда 225 та, Францияда эса 290 та жанговар ядровий каллаклар бўлган. Ушбу статистика фойдаланишдан чиқарилган каллакларни ҳам ўз ичига олади.
Институт, шунингдек, “ядро клуби”га кирмайдиган давлатлар — Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Кореяда умумий ҳисобда 460 та жанговар ядровий каллак борлигини маълум қилган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Мавзуга оид
19:15 / 15.12.2024
Эрон валютаси рекорд даражада қулади
16:16 / 15.12.2024
Россияда ота-она қарамоғисиз қолган яна бир гуруҳ бола Ўзбекистонга қайтарилди
14:59 / 15.12.2024
КГБни доғда қолдирган аёл – Сталиннинг қизи нега АҚШга қочиб кетганди?
13:53 / 15.12.2024