Энди эса, Асад қочиб кетганидан кейин, Россия телевидениеси содир бўлган воқеаларда Сурия армиясини айбламоқда ва Россия улар учун жанг қилишни режалаштирмаганини таъкидламоқда.

BBC Россия телевидениесида Сурия можароси ёритилиши қандай ўзгарганини таҳлил қилди.

«Асад генераллари ўз юртини топширди»

Россия телевидениеси ва ҳукумати Суриянинг собиқ президенти Башар Асадни ўн йилдан ортиқ қўллаб-қувватлади. Бироқ, 2024 йил декабрида унинг режими ағдарилиб, Асад Россияга қочганидан сўнг, Россия пропагандаси асосий эътиборни Сурия армиясининг жавобгарлигига қаратди. Бош тезисга кўра, Россия ҳарбийлари ҳеч қачон Сурия ҳукумати армияси учун жанг қилишни режалаштирмаган.

9 декабр куни Биринчи каналнинг кечки янгиликларида «ҳокимиятнинг тезкор алмашуви кутилмаган ҳол бўлди. Бироқ бу ерда ажаблантиргани — исёнчиларнинг Дамашққа юриши эмас, балки Сурия раҳбарияти ва армиясининг иродасизлиги бўлди. Улар айнан шу вазият ҳақида олдиндан огоҳлантирилган эди», — дейилди.

РЕН-ТВ эфирида шарқшунос Андрей Онтиков Сурия армияси ҳаракатларини «яхши ташкиллаштирилмаган қочиш» сифатида баҳолади ва «Асад армияси ўз юртини топширди», деб таъкидлади.

НТВ янгиликларида «Россия ҳарбийлари Дамашқ ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган, бироқ ҳукумат армияси ўрнига тўлиқ ҳарбий ҳаракатларни олиб боришни режалаштирмаган», — дейилди. Бевосита Асаднинг ўзига нисбатан ҳеч қандай айблов билдирилмади.

«Россия-1» телеканалида депутат Константин Затулин «гуманитар ёндашув» сабабли Владимир Путин Асадга, олдинги йилларда эса Украина президенти Виктор Януковичга сиёсий бошпана берганини таъкидлади. Шундай қилинмаса, шак-шубҳасиз уларнинг ҳаётига хавф туғилган бўлишига урғу берилди.

Асадга қарши курашган кучлар Сирияда тўсатдан ҳужум бошлаганидан сўнг, Россия каналлари уларни деярли якдиллик билан «террористлар» ёки «тақиқланган экстремистик гуруҳ — Жабҳат ун-Нусра жангарилари» деб атаганди. Бироқ, улар ҳокимиятни эгаллагандан кейин аксарият ОАВ уларни «исёнчи мухолифат» деб аташни бошлади. «Россия-1» телеканалида Олга Скабеева 9 декабр куни гуруҳ етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жўланийни «мўътадил, прагматик жиҳодчи» деб атади.

Асад кучлари ва қўзғолончилар ўртасидаги қисқа вақтли тўқнашувлар чоғида Россия телевидениеси Россия ҳаво кучлари Сурия армиясига «жангарилар»ни бомбардимон қилишда қандай ёрдам берганини қайта-қайта кўрсатди. Бомбардимонлар оқибатида тинч аҳоли ўлгани рад этилиб, буни «оқ каскалар» каби Ғарб томонидан молиялаштирилган гуруҳларнинг «фейк»лари деб аталди. НТВ 2 декабр куни «Оқ каскалар»ни «асоссиз видеолар ёрдамида Сурия ҳукуматини обрўсизлантиришга уриниш»да айблади.