Ўзбекистон | 15:35 / 14.01.2023
9181
3 дақиқада ўқилади

«Ҳудудий электр тармоқлари» Тошкент шаҳридаги чироқ ўчишлари сабабини изоҳлади

Жамият расмийларининг маълум қилишича, тармоқларда юкламани камайтириш ҳамда энергия ресурсларини биринчи навбатда аҳоли ва тиббиёт муассасаларига етказиб бериш учун йирик саноат корхоналарига газ ва электр энергияси етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилган.

Фото: Kun.uz

Республикамиз бўйлаб аномал совуқ об-ҳаво туфайли хонодонларга берилаётган газ босими ҳамда иссиқлик энергияси ҳароратининг тушиб кетганлиги сабабли асосий юклама электр таъминотига тушиши оқибатида электр етказиб бериш ва таъминотда узилишлар кузатилмоқда. Бунинг натижасида, Тошкент шаҳрининг кўплаб туманларидаги электр тармоқларида носозликлар юзага келиб, таъминотда фавқулодда узилишлар содир бўлмоқда, дейилади АЖ матбуот хизмати тарқатган мурожаатномада.

Шу муносабат билан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида тун-у-кун филиалимиз томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тошкент шаҳар филиали томонидан жойларда юзага келаётган носозликларнинг олдини олиш ҳамда фавқулодда аварияли узилишларни тезлик билан ўз вақтида бартараф этиш мақсадида, кучайтирилган навбатчилик штаби ташкил этилган.

Аномал совуқ кунларида электр энергиясини узлуксиз етказиб, туғуруқхоналар, шифохоналар, мурувват ва меҳрибонлик уйларининг электр таъминотини бериш, тизимда аварияли узилишларни тезкор бартараф этиш, ижтимоий соҳа объектларини алоҳида назоратга олиш ҳамда фавқулодда ҳолатга барча электр қурилмаларини шай ҳолатга келтириш мақсадида, ташкил этилган тезкор чиқиш бригадаларига қўшимча мутахассислар жалб этилган.

Хусусан, 14 январь куни давомида 100дан ортиқ электр қурилмаларида юзага келган носозликлар бартараф этилди. Носозликларни бартараф этиш учун барча корхоналарда 24 соат фаолият юритувчи махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, улар зарур транспорт воситалари, қўшимча электр қурилмалари захиралари билан таъминланган.

Бундан ташқари тармоқларда юкламани камайтириш ҳамда энергия ресурсларини биринчи навбатда аҳоли ва тиббиёт муассасаларига етказиб бериш учун йирик саноат корхоналарига газ ва электр энергияси етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилди. Барча ҳудудлардаги кўча ёритиш чироқларининг бир қисми ўчирилиб, ундан тежалган электр энергияси аҳолига йўналтирилмоқда.

Шу ўринда истеъмолчилардан вазиятни тўғри тушунган ҳолда энергия ресурслардан имкон қадар самарали фойдаланишларини, ностандарт, энергия самарасиз қурилмалардан фойдаланмасликларини илтимос қиламиз. Иқтисод қилинган электр энергияси бошқа хонадонларнинг чироғи ёнишига сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтнинг қатор ҳудудларида бир неча соатлаб чироқ ўчиб қолмоқда. Бу ҳолат Тошкентда олдинги йиллар кузатилмаган.

Мавзуга оид