Иқтисодиёт | 22:05 / 15.05.2024
12291
4 дақиқада ўқилади

Халқаро экспертлар Ўзбекистон иқтисодиёти учун эҳтимолий хатарларни санаб ўтди

Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг хулосасига кўра, Украинадаги урушнинг авж олиши, товарлар нархларининг ўзгарувчанлиги ва жаҳон иқтисодиётидаги стагнация эҳтимоллари Ўзбекистон иқтисодиёти учун ташқи хатарларни ташкил этади. Ички хатарлар қаторида эса давлат харажатларини қисқартириш кечикиши, давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ мажбуриятлар юзага келиши ва бошқалар келтириб ўтилган.

Фото: Kun.uz

Халқаро валюта жамғармаси 2024 йилги маслаҳатлашувлар доирасида Ўзбекистон расмийлари билан Тошкентда бўлиб ўтган муҳокамалар якунлари бўйича ташкилот миссиясининг расмий баёнотини эълон қилди.

Жорий ҳолат

Баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати юқорилигича қолмоқда. Пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилгача бўлган давр трендига қайтган бўлса-да, рағбатлантирувчи фискал сиёсат юритилиши, асосий капиталга инвестицияларнинг кескин ўсиши ва хусусий истеъмолнинг фаоллашуви 2023 йилда ЯИМ реал ҳисобда 6 фоиз ўсишига хизмат қилди. 2024 йилнинг биринчи чорагида ўсиш суръати юқори сақланиб қолиб, йиллик ҳисобда 6,2 фоизни ташкил этди.

Реал даромадларнинг барқарор ўсиши ва 2020 йилдан бери ижтимоий ҳимоя тизими кўламини кенгайтириш борасидаги чоралар камбағаллик даражасини 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизгача пасайишига ёрдам берди. Нисбатан юқори реал асосий ставка ҳамда жаҳон бозорида озиқ-овқат ва энергия нархларининг пасайиши туфайли умумий инфляциянинг 2022 йил охиридаги 12,3 фоиздан 2024 йил март ойида 8 фоизгача пасайди.

Машина ва ускуналар импортининг тез суръатда ўсиши (уларнинг бир қисми вақтинчалик характерга эга), пул ўтказмалари ҳажмининг 2022 йилга нисбатан қисқариши, ташқи қарзлар бўйича фоиз тўловларининг ошиши ва чет эл улуши бор корхоналар даромадларининг репатриация қилиниши каби омиллар таъсирларининг олтин экспортига нисбатан юқори бўлиши тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби тақчиллигининг ЯИМга нисбатан 2020 йилдаги 3,5 фоиздан 2023 йилда 8,6 фоизгача ошишига сабаб бўлди. Халқаро захиралар 2023 йилда 1,2 миллиард АҚШ долларига қисқарган бўлса-да, юқори даражада қолмоқда ва 2024 йил март ойи охирида тахминан 9 ойлик импорт ҳажмини ташкил этган.

Истиқболлар

“Умуман олганда истиқболлар ижобий, аммо ички ва ташқи хатарлар сақланиб қолмоқда. Мамлакат расмий идораларининг ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қатъий саъй-ҳаракатлари, айниқса, энергетика, хусусийлаштириш ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш йўналишидаги, иқтисодий ривожланиш истиқболларини яхшилашга ёрдам берди. ЯИМнинг реал ўсиши юқори бўлиб, ички талабнинг барқарор ўсиши ҳисобига 2024 йилда 5,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда ва 2025 йилда 5,5 фоизгача ошади”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, фискал тўғриланишларнинг давом этиши (фискал тақчилликнинг қисқартирилиши), банк кредитлари ўсишининг мувозанатлашиши ва импортда 2023 йилда кузатилган вақтинчалик омилларнинг камайиши импортнинг ўсишини мақбуллаштириши қайд этилган. Бу эса, жорий ва кейинги йилларда айни пайтдаги ҳисоб тақчиллигининг пасайишига олиб келади.

Прогнозларга кўра, инфляция 2024 йил охирига келиб, энергия нархларининг оширилиши таъсирида бироз ошади, аммо қатъий макроиқтисодий ва макропруденциал сиёсат ҳамда таркибий ислоҳотларнинг давом эттирилиши инфляциянинг кейинчалик Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган мақсад кўрсаткич даражасигача пасайишига олиб келади.

Хатарлар

ХВЖ экспертлари Ўзбекистон учун ташқи шароитлардаги юқори ноаниқликлар сифатида Россиянинг Украинада олиб бораётган уруши авж олишининг геоиқтисодий оқибатлари, товарлар нархларининг ўзгарувчанлиги ва жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларининг кескин пасайиши кабиларни келтириб ўтган.

Ички хатарларга фискал консолидациянинг режалаштирилганидан кўра секинроқ бўлиши, банклар балансларининг заифлашиши, давлат банклари, давлат корхоналари ва давлат-хусусий шериклик (ДХШ) битимлари бўйича шартли мажбуриятларнинг юзага келиши кабилар киритилган. Таркибий ислоҳотларнинг жадаллашиши, даромадлар ва капитал оқимининг кириб келиши ва олтин нархининг ўсиши ижобий омиллар сифатида қайд этилган.

Мавзуга оид