Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«694 нафар бола шифохонада қолмоқда, уларнинг 421 нафарига бугун жавоб берилади» – Нурмат Отабеков
Тошкент вилоятида 963 нафар бола ўткир гастроэнтерит ташхиси билан шифохонага ётқизилган бўлиб, улардан 269 нафарига даволанишдан кейин уйига жавоб берилган. Бугун яна 421 бола соғайгани учун шифохонани тарк этади. 13 бола ўртача оғир аҳволда қоляпти.
Фото: Видеодан кадр
Тошкент вилоятининг қатор мактабгача таълим муассасаларида болалар заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков ахборот берди.
Қатор боғчаларда болалар орасида ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди. Уларнинг соғлиги мурожаатлар келиб тушган илк соатларданоқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинди. Жами 1922 нафар, шу жумладан, бемор болалар билан мулоқотда бўлган болалар ҳам тиббий кўрик билан қамраб олинди.
Улардан 959 нафарида ҳеч қандай клиник белгилар бўлмагани учун дарҳол уйларига жавоб берилди. Мана шу ўтган давр мобайнида яна 269 нафар болага даволанишдан сўнг уйларига жавоб берилди.
Ҳозирги кунда Тошкент вилоятидаги шифохоналарда 694 нафар бола даволанмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, улардан 13 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда деб баҳоланмоқда. Бугун, 2023 йилнинг 27 сентябр куни яна 421 нафар болага аҳволи яхшилангани сабабли уйга жавоб бериш режалаштирилган.
Бемор болаларга малакали, юқори даражадаги маслаҳат, тиббий ёрдамларни кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳридаги 17 та ихтисослаштирилган муассасадан, тиббиёт марказларидан 100 дан ортиқ олим, мутахассис, профессор жалб этилган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан даволаш жараёнлари замонавий стандартларга мувофиқ равишда амалга оширилмоқда.
Вазирликда ташкил этилган штаб хулосасига кўра, бемор болаларга ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилди. Бу касаллик оғир ёки ҳаёт учун хавфли тоифага кирмайди ва асоратсиз ўтиб кетади.
Ҳозирда Тошкент вилоятининг еттита шифохонасида болаларни даволаш ишлари амалга оширилмоқда. Динамикада ижобий натижалар кузатилмоқда ва болалар тез соғаймоқда. Яқин кунларда барча болалар соғайиб, уйларига қайтади.
Вазирлик қошида ташкил этилган махсус штаб ҳар уч соатда видеоконференцалоқа тизими орқали Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида амалга оширилаётган даволаш-профилактика тадбирларини муҳокама қилиб бормоқда. Лозим бўлган жойларда маслаҳат ва кўрсатмалар бериб турилибди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан жойларда эпидемиологик суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Олинган намуналарнинг лаборатория текширувлари давом этмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади.
Ҳозирги пайтда шифохоналарда дори воситаларининг етарли миқдордаги захираси яратилган. Табиийки, мазкур ҳолат юзасидан айбдорларга нисбатан ҳуқуқий баҳо ҳам берилади. Энг асосийси, барча болаларнинг соғлиги давлат назоратида ва вазият барқарорлашмоқда, дейилади ахборотда.
Мавзуга оид
16:18 / 02.12.2025
Хизмат йўқ, лекин тўлов бор: 5 та чиқинди ташиш корхонасининг қонунбузарлиги аниқланди
08:20 / 26.11.2025
Тошкент вилоятида 8,5 гектар ер учун 7,3 млн доллар талаб қилганлар қўлга олинди
15:21 / 25.11.2025
Тошкент вилоятида 12 килограмм гиёҳванд модда мусодара қилинди
20:48 / 24.11.2025