Ўзбекистон | 16:37 / 13.03.2021
7760
3 дақиқада ўқилади

Бухорода иккита шамол электр станцияси қурилади

Президент томонидан Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуввати 500 МВт бўлган ҳамда Пешку туманида қуввати 300-500 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш тўғрисидаги қарорлар имзоланди.

Norma’нинг ёзишича, ҳужжатлар билан Ўзбекистон ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «International Company for water and power projects» (Саудия Арабистони) компанияси ва қуйидаги лойиҳа компаниялари ўртасида 2021 йил 24 январда имзоланган инвестиция битимлари тасдиқланди:

инвестор томонидан «Бухоро вилояти Пешку туманида қуввати 300-500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳаси доирасида таъсис этилган «ACWA Power Dzhankeldy Wind» МЧЖ;

инвестор томонидан «Бухоро вилояти Ғиждувон туманида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳаси доирасида таъсис этилган «ACWA Power Bash Wind» МЧЖ.

Инвесторлар ва лойиҳа компаниялари қуйидагилар бўйича мажбуриятларни ўз зиммаларига олди:

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бутун даври мобайнида шамол электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ҳамда эксплуатация қилиш;

ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммаларига олган ҳолда, жами дастлабки баҳолаш бўйича 650 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестиция жалб этиш.

Шунингдек «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва лойиҳа компаниялари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар натижасида имзоланган электр энергияси сотиб олиш тўғрисида битимлар маъқулланди.

Битимларга мувофиқ, лойиҳа компаниялари:

а) ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона харидор бўлган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олади;

б) қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилиши таъминоти сифатида 18 млн АҚШ доллари миқдорида банк кафолати тақдим этади;

инвестор ва лойиҳа компаниялари шамол электр станцияларини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун ҳаво электр узатиш тармоқлари ва бошқа электр иншоотлари қурилишини амалга оширади, ушбу ишлар учун сарфланган харажатлар «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан 10 йил давомида ойлик тўловлар асосида қопланади;

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олади ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга оширади.

Инвестиция битимлари ва электр энергияси сотиб олиш тўғрисидаги битимлар амал қилиш муддати давомида электр энергияси сотиб олиниши чет эл валютасида деноминацияланган қатъий тариф бўйича амалга оширилиши белгиланди.

Мавзуга оид