Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лозим даражада эҳтиёткорлик нима? — ДСҚ масъули шарҳ берди
«Обналчилар» можароси атрофида «Лозим даражада эҳтиёт бўлиш» тушунчасининг кенглиги ва ноаниқлиги кўплаб муаммоларни юзага келтирди. ДСҚ масъулига кўра, тегишли тавсиялардан ташқари, ҳар бир ташкилот ўз фаолиятидан келиб чиқиб контрагентини текшириш тизимини ишлаб чиқиши керак.
Фото: buxgalter.uz
ДСҚ Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Aзиз Ҳошимовнинг buxgalter.uz’га маълум қилишича, тадбиркорлик субъектларига шартнома тузишдан олдин контрагентда битим бўйича мажбуриятларни ижро этиш учун имконият ва ресурслар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш тавсия этилади.
«Фақатгина 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон қарорнинг 10-банди талаб қилганидек контрагентнинг ҳисобга қўйилганлигини текшириш билан чекланиш мумкин эмас. Кўп бухгалтерлар шу банд билан чекланадилар ва эҳтиёткорликни намоён қилдик, деб ҳисоблашади.
Лозим даражада эҳтиёткорлик қилиш катта даражада ташкилот раҳбарияти ёки битим тузишга ваколатли шахслардан чиқиши керак. Бу – бутун комплекс чора-тадбирлар ва компаниянинг мансабдор шахсларининг изчил ҳаракатлари. Контрагентни текшириш етарлича ва оқилона бўлиши керак», – дейди у.
Азиз Ҳошимовнинг сўзларига кўра, ҳар бир ташкилот контрагентларни текшириш юзасидан ўз тизимини ўз фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда ишлаб чиқиши керак.
Таъкидланишича, қуйидагилар ҳамкорнинг ишончлилиги ва тадбиркорлик субъектининг эҳтиёткорлик қилганлигидан далолат беради:
- етказиб бериш шартларини муҳокама қилиш ва шартномаларни имзолашда етказиб берувчи компания ва сотиб олувчи компания раҳбариятининг шахсан боғланиши;
- компания-контрагент раҳбарининг ҳужжат билан тасдиқланган ваколати ва унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхасининг мавжудлиги;
- контрагентнинг, унинг омбор, ишлаб чиқариш ёки савдо майдонларининг жойлашган жойи тўғрисида ахборот;
- контрагентларни излаш ва танлашни қайд этиш: сайтларга ҳаволалар ёки босма материаллар, айнан ўхшаш (ўхшаш) товарлар ва хизматлар бозори иштирокчилари, шу жумладан - уларни анча арзон нархларда таклиф қилувчилар тўғрисида фойдаланиш имконияти бўлган ахборот мавжуд бўлганда контрагент тўғрисидаги маълумотларни олиш усули тўғрисида ҳужжатларнинг мавжудлиги;
• контрагентда шартнома мажбуриятларини бажариш учун ресурсларнинг мавжудлиги (ишлаб чиқариш қувватлари, ускуналар, малакали ходимлар).
ДСҚ бошқарма бошлиғининг таъкидлашича, «обналчилар» масаласи юзасидан мурожаатлар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ кўриб чиқилмоқда.
Унга кўра, зарурат бўлганда солиқ органи ўз ваколати доирасида вазиятни аниқлаштириш учун етишмаётган маълумотларни қўшимча равишда талаб қилиб олади.
«Битимни қонуний ва ўзи билан қўшимча солиқ оқибатларини, шу жумладан – ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга олиб келмайди, деб эътироф этиш учун, у қуйидаги мезонларга тўғри келиши керак:
- ҳақиқий, амалда бажарилган бўлиши;
- битимни ёки бевосита контрагент ёхуд унинг пудратчиси бажариши керак;
- битимда шунчаки солиқларда ноқонуний тежаш вазифаси эмас, балки ишбилармонлик мақсади бўлиши керак.
Тегишинча, солиқ тўловчи битимнинг ҳақиқийлиги ва қонунийлигини исботловчи барча нарсани тақдим этиши зарур», – дейди ДСҚ масъули.
Аввалроқ, ДСҚ ҚҚС тўлашдан қочиш «схема»сига қарши бошлаган курашни «фақат гумон ва мутлақо қуруқ гап» ёки «бариси ҳеч қандай исбот билан тасдиқланмаган фараз», деб атаган экспертлар фикрлари асоссиз, дея баёнот берган эди.
Маълумот учун, давлат солиқ қўмитаси «нақдлаштирувчи корхоналар» фаолиятини чеклаш механизмини ишга тушириб, дастлаб 396та корхонани шубҳали корхоналар рўйхатига киритганди. Натижада улар билан ҳамкорлик қилган 10мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бекор қилинганди.
Мавзуга оид
13:50 / 16.08.2022
Тадбиркорлик субъектларининг айланмаси 650 трлн сўмдан ошиб, аввалги йилга нисбатан 127,8 фоизга ўсди
12:36 / 01.07.2022
Бекор бўлаётган имтиёзлар, янги субсидиялар – 1 июлдан солиқ маъмурчилигида нималар ўзгарди?
15:30 / 30.06.2022
Шерзод Қудбиев ёш солиқчилар билан учрашувда ДСҚда ишлаш истагини билдирган қизни ишга олди
17:39 / 07.05.2022