Ўзбекистон | 10:56 / 02.02.2024
6844
2 дақиқада ўқилади

«Қор эригач йўл таъмирланади» — Сурхондарёда ўқувчиларнинг мактабга лой йўлдан қатнаётгани юзасидан ҳокимлик изоҳ берди

Сариосиё тумани Карш маҳалласида мактаб болалари тошлоқ, лой йўл орқали мактабга қатнамоқда. Вилоят ҳокимияти бу ички йўл ноқонуний қурилишлар сабаб таъмирланмай қолганини, қорлар эригач, таъмирлаш ишлари бошланишини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Тармоқларда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманининг Карш маҳалласидаги болалар тошлоқ, лой бўлиб кетган йўл орқали мактабга қатнаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимияти муносабат билдирди.

Таъкидланишича, Карш маҳалласи Сариосиё тумани марказидан қарийб 70 км узоқликда, тоғли ҳудудда жойлашган. Ҳудудда 487 нафар фуқаро 91 та хонадонда яшайди. Маҳалладаги 80 ўринли мактаб 2018 йилда қурилган ва ҳозирда барча зарур шароитлар билан таъминланган.

2022-2023 йиллар давомида маҳаллага транспорт бориши учун 11 км узунликдаги тоғли ҳудуд орқали янги йўл очилган. Маҳалланинг 5 км ички йўллари тошланиб, таъмирланган. Шунга қарамай, видеодаги ички йўлда ноқонуний қурилмалар сабабли таъмирлаш ишлари бажарилмай қолиб кетган.

Йўллар, маҳаллалардаги инфратузилмани ривожлантириш аввало аҳоли фаровонлигини яхшилаш учун амалга оширилаётган бўлиб, болаларнинг сифатли таълим олиши ҳамда хавфсиз ва қулай йўллардан мактабга боришларини таъминлаш бизнинг вазифамиз.

Бироқ айни ҳозирги кунларда Карш маҳалласига борувчи йўл тўлиқ қор билан қопланганлиги сабабли транспортнинг ҳудудга бориш имконияти йўқ. Вилоят ҳокимининг кўрсатмаси билан Карш маҳалласидаги мактабга борувчи ички йўлни таъмирлаш бўйича туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётган бўлиб, йўлдаги қор қоплами эригач, таъмирлаш ишлари бошланади”,– дейилади расмий изоҳда.

Ҳокимият қилинган ишлар борасида жамоатчиликка қўшимча ахборот берилишини қайд этди.

Мавзуга оид