Ўзбекистон | 22:52 / 17.10.2024
8046
5 дақиқада ўқилади

АИ-80 бензини биржада бир йил ичида салкам 40 фоизга қимматлади. Сабаб нима?

Биржа савдоларида АИ-80 бензинининг бир тоннаси 10 млн сўмдан ҳам ошиб кетди. Таклифнинг қисқариб бораётгани фонида хусусий АЁҚШларда нархлар 9000 сўмгача етиши мумкин. Глобал бозорларда нефт нархи арзонлашаётган бир пайтда, Ўзбекистонда юқори сифатли 1 литр бензин нархи АҚШдаги нархларни ҳам ортда қолдирмоқда. Бу борада қўшни Туркманистон ва Қозоғистон билан 2 баробардан кўпроқ фарқ юзага келган.

Фото: Kun.uz

Сўнгги кунларда бензин нархи ёқилғи қуйиш шохобчаларида сезиларли даражада қимматлашди. Бу биржада нархлар ошгани фонида рўй беряпти.

16 октябр ҳолатига, АИ-80 бензинининг 1 тоннаси 10 млн 32 минг сўмгача қимматлашди. Бу рекорд кўрсаткичдир. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида ўтказилган савдоларда ушбу маркадаги бензиннинг ҳар тоннаси 7 млн 293 минг сўмдан сотилган. Бир йил давомида биржа нархлари 37,5 фоизга ошди.

2023 йилнинг 1 октябридан 2024 йилнинг 16 октябригача бўлган даврда биржада АИ-80 бензини ўртача нархлари динамикаси

Биржада таклиф кескин камайган

16 октябр кунги савдоларда биржага 1768 тонна АИ-80 бензини қўйилган. Солиштириш учун, бир йил аввал шу куни биржага 3180 тонна бензин чиқарилган. Нархларнинг ошиши ушбу маҳсулотнинг савдога қўйилиш ва сотиш ҳажми динамикаси билан бевосита боғлиқлиги кўринади, яъни таклиф қисқаргани ортидан нархлар ошмоқда.

Ваҳоланки, расмий рақамлар шуни кўрсатадики, ўтган йилга нисбатан ишлаб чиқариш ҳам, импорт ҳажми ҳам кўпайган. Хусусан, 2024 йилнинг 1 сентябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 896 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда (2023 йилнинг январ-август ойларида 892 минг тонна) 4 минг тоннага кўпроқ.

Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки 8 ойида Ўзбекистонга нефт ва нефт маҳсулотларининг импорти 29,5 фоизга кўпайиб, 1 млрд 422 млн долларни ташкил қилган.

Kun.uz билан суҳбатлашган хусусий АЁҚШлар тармоғи эгасининг таъкидлашича, айни пайтда уларга биржадан олинган бензиннинг 1 литри 7900 сўмга айланмоқда. Шунингдек, бунга солиқлар, ташиш ва сақлаш билан боғлиқ харажатлар ҳам қўшилади. Натижада таннархнинг ўзи 8500 сўмгача етиши мумкин.

“Нархларнинг ошишига ҳамма учун бир хил қоидалар ишламаётгани, биржага чиқарилаётган бензин ҳажмининг кескин қисқартирилгани асосий сабаб бўлди. Хабарингиз бўлса, Ўзбекистонга K2 тоифага киритиладиган бензинни импорт қилиш тақиқланди. АИ-80 шу тоифага киради. Шунинг учун четдан импорт қилиш ҳам тўхтаб қолди, биз учун ягона ечим биржага қўйиладиган миқдорни кўпайтириш. Айни пайтда ҳар бир МЧЖга кунлик савдоларда 4 тонналик лимит ҳам қўйилган. Шуни ҳам 10 тоннагача ошириш керак”, деди у.

Айрим “хусусий” АЁҚШларга эксклюзив имтиёзлар берилганми?

2020 йил 1 майдан бошлаб АИ-80 маркали автомобил бензинининг чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинганди. Бу “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида кўзда тутилган.

Қарорда АИ-80 бензинини сотиш нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган.

Жорий йил бошида “Ўзбекнефтегаз”га тегишли бўлган UNG Petro бензин шохобчалари тармоғи “Petroleum Technology Group” МЧЖ эгалигига ўтгани маълум бўлди. Яъни давлатга тегишли бўлган, мамлакатдаги энг йирик бензин шохобчалари тармоғи ҳалигача аниқлаштирилмаган шартлар асосида хусусий компанияга берилди. Айни пайтда фақатгина UNG Petro бренди остидаги заправкаларда АИ-80 бензини биржадаги жорий нархлардан ҳам анча арзон, 6900 сўмдан сотиляпти. Бу – UNG Petro хусусий қўлларга ўтганидан кейин ҳам аввалги имтиёзларидан фойдаланиб келаётганини кўрсатиши мумкин. Яъни компания бошқа бензин шохобчаларидан фарқли равишда, бензинни биржадан эмас, нефтни қайта ишлаш заводларидан тўғридан тўғри харид қилаётган бўлиши мумкин.

Жаҳон бозорида нефт нархи тушмоқда

Ўзбекистонда энергетика маъсуллари бензин нархи ошишини қатор ҳолатларда жаҳон бозоридаги нархлар билан изоҳлайди. Аммо глобал бозорларда нефт нархи тушса, бу Ўзбекистондаги нархларда мутаносиб акс этмайди.

Масалан, нефтнинг Brent маркасининг 1 баррели ўтган йилнинг 19 октябр куни 90,9 доллардан сотилган бўлса, айни пайтда нархлар 74,5 долларгача арзонлашган. Сентябр ойида нархлар 68 долларгача пасайди.

Қўшни мамлакатларда нархлар қандай?

Globalpetrolprices.com сайти маълумотларига кўра, 14 октябр ҳолати бўйича юқори сифатли 1 литр бензин нархи сўмга тақрибан олганда Туркманистонда 5480 сўм, Қозоғистонда 6420 сўм, Россияда 7760 сўм, Озарбойжонда 8280 сўм, Қирғизистонда 11080 сўм, Афғонистонда 11480 сўмни ташкил этган.

Тожикистондаги нархлар бўйича маълумотлар берилмаган. Ўзбекистонда эса 12590 сўм экани қайд этилган.

Нархларни солиштирганда кўриш мумкинки, Ўзбекистонда бензин нархи Туркманистон ва Қозоғистонга нисбатан 2 баробар қимматроқ. Мамлакатда бензин нархи АҚШдаги нархдан (11880 сўм) ҳам юқори.

Охирги йилларда Ўзбекистон ички бозордаги тақчилликни қоплаш учун четдан бензин импорт қилишни кўпайтирди. Ушбу маҳсулот асосан Россиядан харид қилиняпти. Нархлар нисбатан арзонроқ, географик жиҳатдан ҳам яқинроқ қўшни Туркманистон ва Қозоғистондан эса бензин импорти умумий импорт таркибида катта улушга эга эмас.

Мавзуга оид