Иқтисодиёт | 16:23
1296
3 дақиқада ўқилади

Гўшт, транспорт воситаларини суғурталаш, метан. Нархи кескин ошган маҳсулотлар ва хизматлар

Марказий банк маълумотларига кўра, йиллик нисбатда суякли мол гўшти 23,8 фоиз, суяксиз мол гўшти 25 фоиз, қўй гўшти 27,2 фоизга қимматлашди. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибида никоҳ узуги (+32,6 фоиз) ва метан (+30,2 фоиз) нархларида кескин ошиш кузатилган. Хизматлар секторида эса шахсий транспорт воситаларини суғурталаш (+281,8 фоиз) ҳамда ички авиарейслар (+55,9 нархларида катта ўсиш қайд этилган.

Марказий банк 2026 йилнинг январ ойи ҳолатига инфляция кўрсаткичларини эълон қилди.

Умумий йиллик инфляция 2022 йилда 12,3 фоиз бўлган, 2023 йилда 8,8 фоиз, 2024 йилда бироз ошиб, 9,8 фоиз, 2025 йилда эса 7,3 фоизга тушганди. 2026 йилнинг январ ойи ҳолатига бу кўрсаткич 7,2 фоизгача пасайди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Инфографикага кўра, баъзи озиқ-овқатлар нархи сезиларли даражада пасайган, бошқалари эса кескин ошган:

Йиллик ҳисобда қовоқ (-57,9 фоиз), бақлажон (-30,5 фоиз), тарвуз (-27,9 фоиз), шафтоли (-24,5 фоиз) ва саримсоқ (-21,1 фоиз) нархлари сезиларли даражада пасайди.

Ҳисобот даврида қуйидаги маҳсулотлар нархлари кескин қимматлаган:

  • Лимон (+90,8 фоиз);
  • Карам (+27,9 фоиз);
  • Қўй гўшти (+27,2 фоиз);
  • Суяксиз мол гўшти (+25 фоиз);
  • Суякли мол гўшти (+23,8 фоиз).

Истеъмол нархлари индекси саватидаги умумий 167 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан 147 тасининг (88 фоиз) йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлган.

Аввалроқ президент бошчилигидаги йиғилишда январ ойида инфляциянинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса 13 фоизи гўшт ҳисобидан бўлганига урғу берилиб, гўштда импортга қарамликни қисқартириш учун озуқа масаласини ҳал қилиш кераклиги таъкидлаб ўтилганди.

Ноозиқ-овқат товарлар

Ноозиқ-овқат маҳсулотларидан йирик ошхона приборлари (-2,9 фоиз), кичик маиший приборлар (-1 фоиз), А4 қоғоз (-0,9 фоиз) арзонлаган.

Олтин нархлари глобал бозорда рекорд даражада қимматлаши заргарлик буюмларида ҳам акс этган – никоҳ узуги 32,6 фоизга қимматлаган.

Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибида метан (+30,2 фоиз), газета (+17,5 фоиз), пропан (+12,3 фоиз), цемент (12,2 фоиз) нархларида кескин ошиш кузатилган.

Истеъмол нархлари индексидаги 252 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотларининг 232 таси (92 фоиз) бўйича йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан кам бўлган.

Хизматлар

Йиллик ҳисобда пул ўтказмалари учун ҳақ тўлаш нархлари 7,5 фоизга, нодавлат ОТМда ўқиш 0,5 фоизга арзонлаган.

Нархи энг кўп қимматлаган хизмат шахсий транспорт воситаларини суғурталаш бўлди – ҳисобот даврида бу хизмат нархи 281,8 фоизга ошган. Шунингдек, троллейбусда йўл ҳақи (+100 фоиз), ички йўловчи ҳаво транспорти (+55,9 фоиз), ҳайдовчилик курслари (+48,5 фоиз), тармоқ газ (+39,2 фоиз) нархларида ҳам кескин қимматлашиш кузатилган.

Истеъмол нархлари индексидаги 98 турдаги хизматларнинг 66 таси (67 фоиз) бўйича йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлган.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров

Мавзуга оид