Иқтисодиёт | 15:13 / 29.01.2026
7546
4 дақиқада ўқилади

«Лукойл» хориждаги активларини сотяпти. Компания Ўзбекистонда ҳам 13 та йирик конга эгалик қилади

«Лукойл» АҚШнинг Carlyle инвестиция компанияси билан хориждаги активларини сотиш бўйича келишувга эришди. Битим АҚШ Молия вазирлиги томонидан маъқулланиши керак. Қозоғистондаги лойиҳалар бу келишувдан ташқарида. Расмий Астана мамлакатдаги активларни ўз назоратига олишни режалаштиряпти. «Лукойл» Ўзбекистонда ҳам 20 йилдан бери қатор лойиҳаларда иштирок этиб келади. Хусусан, 13 та йирик газ конига эгалик қилади

Фото: Kun.uz

Россия компаниясининг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаси йилига 8,1 миллиард метр куб газни қайта ишлаш қувватига эга Қандим газни қайта ишлаш мажмуасидир. Шунингдек, мамлакатдаги 13 та йирик конга эгалик қилади.

Россиянинг «Лукойл» компанияси АҚШнинг Carlyle инвестиция компанияси билан ўзининг хориждаги бизнеси —Lukoil International’ни сотиш бўйича келишув имзолаганини маълум қилди. Битим АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) томонидан маъқулланиши керак бўлади.  

Carlyle Group —дунёнинг энг йирик ва энг таъсирли глобал инвестиция ва активлар бошқарув компанияларидан бири ҳисобланади. Ташкилотга 1987 йилда Вашингтонда асос солинган ва айни пайтда 474 миллиард долларлик активларни бошқаради. 

 Нега «Лукойл» активларини сотяпти?

2025 йил октябрида АҚШ ҳукумати Россиянинг энг йирик икки нефт компанияси — «Роснефт» ва «Лукойл»га қарши санкциялар жорий қилганди. Шундан кейин «Лукойл» хориждаги активларини сотиш бўйича салоҳиятли харидорлардан тушган таклифларни кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Компания Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбойжон, Молдова, БАА, Ироқ, Камерун, Нигерия, Гана ва бошқа мамлакатларда фаолият юритади, Европада нефтни қайта ишлаш заводлари ва дунёнинг 19 мамлакатида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғига эга.

Дастлаб рус компанияси активларини Gunvor Groupʼга сотиш бўйича келишувга эришганди. Ушбу компания 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, швед тадбиркори Торбиорн Торнквист ва россиялик бизнесмен Геннадий Тимченко томонидан асос солинган. Тимченко Россия президенти Владимир Путиннинг энг яқин одамларидан бири сифатида кўрилади. Шу жиҳатдан АҚШ бу келишувга қарши чиқди.

Bloomberg «Лукойл»нинг хориждаги активлари учун потенциал харидорлар орасида Американинг Exxon ва Chevron компаниялари ҳам борлиги ҳақида ёзганди. Ушбу компаниялар Ироқдаги «Ғарбий Қурна-2» конидаги улушга, Abu Dhabi National Oil эса Ўзбекистондаги газ операцияларига қизиқиш билдирганди.

Қозоғистон томони «Лукойл»нинг мамлакатдаги лойиҳалардаги хорижий активларини ўзи сотиб олиш масаласи бўйича АҚШ расмийларига мурожаат йўллаган. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Эрлан Аққенженов маълум қилди.

«Лукойл» ва Ўзбекистон

«Лукойл»нинг Ўзбекистондаги фаолиятига тўхталадиган бўлсак, компания йигирма йил ичида нефт ва газ саноатига 10 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритиб, республикадаги энг йирик инвесторларидан бирига айланган.

Ҳукумат 2004 йилда мазкур компания билан Бухоро вилоятидаги «Қандим-Ҳаузак-Шоди» ва Қашқадарёдаги «Жануби-Ғарбий Ҳисор» лойиҳалари бўйича маҳсулот тақсимоти тўғрисида битим имзолаган. «Қандим-Ҳаузак-Шоди» бўйича келишув дастлаб 35 йил муддатга тузилган ва 2014 йилда яна 7 йилга – 2046 йилгача узайтирилган. «Жануби-Ғарбий Ҳисор» лойиҳаси бўйича шартнома 2007 йилда кучга кирган ва 36 йилга, 2043 йилгача амал қилади.

«Лукойл»нинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаси йилига 8,1 миллиард метр куб газни қайта ишлаш қувватига эга Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси бўлиб, унинг умумий сармояси 3,5 миллиард долларни ташкил этади. Компания Ўзбекистонда «Ўзбекнефтгаз»дан кейин иккинчи йирик газ ишлаб чиқарувчи ҳисобланиб, 13 та йирик конга эгалик қилади. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, конларда қазиб олинган газнинг 55 фоизи Ўзбекистон, 45 фоизи эса «Лукойл»га тегади.

Аввалроқ Марказий банк раҳбари Тимур Ишметов АҚШнинг «Лукойл» ва «Роснефт»га қарши санкцияларига изоҳ бериб, бу Ўзбекистонга таъсир кўрсатиши мумкинлиги, аммо узоқ муддатли шартномалар ва дипломатик механизмлар эҳтимолий оқибатларни камайтиришга имкон беришини айтганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид