Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Арсенал» таъқибчисига 4 та гол урди, «МЮ» аутсайдерни енголмади
Европанинг аксар чемпионатлари танаффусга чиққан маҳалда, АПЛда навбатдаги тур ўйинлари ўтказилмоқда.
«Арсенал» – «Астон Вилла» 4:1
Голлар: Габриэл 48, Субименди 52, Троссар 69, Жезус 78 – Уоткинс 90+4
«Арсенал»: Райя, Тимбер (Уайт, 83), Салиба, Инкапие, Габриэл Магаляйнс (Люис-Скелли, 77), Субименди, Мерино (Норгар, 73), Эдегор, Сака (Мадуэке, 83), Троссар, Гокереш (Жезус, 77)
«Астон Вилла»: Мартинес, Богар, Конса, Линделёф, Дин, Онана (Макгинн, 46), Тилеманс (Ҳеммингс, 82), Санчо (Мален, 61), Рожерс, Буэндия (Гарсия, 61), Уоткинс
Огоҳлантиришлар: Мерино 45+1, Жезус 80 – Рожерс 45+2
«Астон Вилла» барча турнирлар доирасида 11 ғалабага эришган ва рекорд арафасида турганди. Клубнинг 151 йиллик тарихида 12 ғалабадан иборат серия ҳеч қачон бўлмаганди. Лекин Унаи шогирдлари бу натижага эриша олмади.
Ўйин старти «Арсенал» учун у қадар яхши бошланмади. Ўйиндан олдин меҳмонлар Кэш ва Камара дисквалификацияга учрагани туфайли қийналиши тахмин қилинганди. Аммо ўйиндан олдин мезбонлар сафида ҳам Райс жароҳат туфайли сафдан чиққани маълум бўлди. Ўтган турда ҳам лондонликлар марказдаги асосий футболчисисиз ҳаракат қилишганди (ўшанда «Брайтон»га қарши ўйинда у ўнг қанот ҳимоячиси позициясига ўтказилганди), аммо «Вилла» билан ўйинда унинг марказдаги ўрни яққол билинди.
Тўпни дарвозадан ерлатиб марказ орқали ўйнаш Йокереш осонлик билан тўп йўқотиши ва рақибнинг хавфли қарши ҳужумига олиб келди. Кўп ўтмай Уоткинс навбатдаги қарши ҳужумда жуда яхши позицияда туриб яқин бурчакни аниқ нишонга ололмади. Бу биринчи бўлимдаги асосий ҳайлайт бўлиб қолди.

Ўйиндаги энг муҳим воқеалар эса иккинчи бўлимда рўй берди. «Арсенал» футболчилари танаффусдан бошқача кайфиятда қайтишди ва ўз сўзларини айтишди. Барчаси яна бурчак зарбасидан бошланди. Бу аллақачон анъанага айланиб қолди, жароҳатдан кейин илк бор стартда тушган Габриэл бурчак зарбасидан кейин тўп учун курашда Эмилиано Мартинесдан устун келиб, ҳисобни очди.
Шундан кейин «Арсенал» ўзини жуда эркин ҳис қила бошлади. Бир неча дақиқа ўтиб Эдегор Субимендини яккама-якка вазиятга чиқарди ва ҳисобдаги фарқ иккитага ошди. Кейин эса Троссар учинчи голни уриб, ўйин масаласини амалда ҳал қилди. Белгиялик футболчи сўнгги вақтларда ажойиб спорт формасини намойиш этмоқда ва Йокереш билан биргаликда жамоасининг энг яхши тўпурари (5 тадан) бўлиб турибди.
Ўйин тақдири ҳал бўлганидан кейин майдонга тушган Жезус эса амалда тўпга илк тегинишидаёқ дарвозани ишғол этди – қарийб бир йил сафда бўлмаган футболчи учун бу муҳим гол бўлди.
Бош ҳакам нима учундир саккиз дақиқа вақт қўшиб берди. Бу оралиқда лондонликлар ҳимоячилари диққатни йўқотишди ва «Вилла» битта жавоб голини уришга улгурди. Уоткинс бир метр масофада туриб дарвоза тўрини ишғол этди.
4:1. «Арсенал» биринчи давра якунларига кўра биринчи ўринда қолди.
«МЮ» – «Вулверҳэмптон» 1:1
Голлар: Зиркзее 27 – Крейчи 45
«МЮ»: Ламменс, Далот, Ҳевен (Йоро, 75), Мартинес, Шоу, Каземиро, Угарде (Мантато, 75), Куня, Зиркзее (Флетчер, 46), Доргу, Шешко
«Вулверҳэмптон» Са, Доэрти, Москера, Крейпчи, Чатчуа, Ариас, Гомес, Буэно, Мане, Ҳван (Лопес, 88), Арокодаре (Ларсен, 65)
АПЛнинг 18-тури якунларига кўра «Вулверҳэмптон» бу оралиқда атиги икки очко жамғарган илк клубга айланганди. Opta баҳоларига кўра, ушбу клубнинг чемпионшипга тушиб кетиш эҳтимоли 99,83 фоизга тенг. Лекин «Манчестер Юнайтед» бунгача қаторасига 11 мағлубиятга учраган жамоани мағлуб этолмади.
«МЮ» ўйиннинг кўпроқ вақтида (57 фоиз) тўпга эгалик қилди ва рақиб дарвозасига кўпроқ зарба берди (15:11), бурчак зарбаларида ҳам устунлик қилди (8:4). Ва 26-дақиқада ҳақли равишда ҳисобни очди. Бу ҳужумда Ҳевен марказда тўпни рақибдан олиб қўйди ва олдинга бориб, Зиркзеени тўп билан таъминлади. Жошуа тўпни унга қайтаришга уринди – ўхшамади. Аммо тўп ҳужумчининг ўзида қолди ва у жарима майдони чизиғида туриб зарба йўллади, зарба у қадар хавфли эмасди, аммо тўп рикошет орқали тўрга бориб тушди.
Агар Санинг реакцияси бўлмаганида, Шешко 38-дақиқада «Юнайтед»нинг ҳисобдаги устунлигини оширган бўларди. Шундан кейин биринчи даврадаги ўйин сценарийси такрорланди, «Манчестер» ўшанда ҳимояга ётганди ва бунинг учун тўлов қилганди. Ўшанда биринчи бўлим охирида Беллегард ҳисобни тенглаштирганди, энди эса – Крейчи. Зиркзее «Вулвз» ижросидаги бурчак зарбасидан кейин тўп учун курашда ютиб чиқди, аммо тўп унинг бошидан олис устун олдида турган рақиб футболчисига бориб тушди – 1:1.
Фақат 8 декабр куни «МЮ» иккинчи бўлимда рақибни тор-мор келтирганди (4:1), бу сафар эса таркибдаги муаммолар бунга имкон бермади. Иккинчи бўлим тенг кечи. Аутсайдер кутилган голлар бўйича бироз устунликка ҳам эришди – 0,81 xG га қарши 1,02 xG.
Доргу ўйин охирида Шешконинг зарбасидан кейин қайтган тўпни дарвозага йўналтириб, «Олд Траффорд»да йиғилганларга қисқа муддатлик хурсандчилик тақдим этди. Лекин бу ҳужум давомида офсайд ҳолати бўлгани қайд этилди.
Натижада ҳисоб ўзгармай қолди, «Вулверҳэмптон» эса 19 турдан кейинги очколари сонини учтага етказиб олди. Жамоа ҳамон иложсиз аҳволда, аммо «Манчестер Юнайтед»дан очко тортиб олишни уддалади. Сўнгги 10 ўйинда фақат уч ғалабага эришган манкунианликлар ҳамон кучли тўртликка яқин жойлашган – тўртинчи ўриндаги «Ливерпул» билан орадаги фарқ икки очкони ташкил этмоқда.
