Иқтисодиёт | 18:26 / 05.09.2025
2414
2 дақиқада ўқилади

ҚҚСни ноллаштиришдан Ўзбекистондаги фермерларнинг қарийб ярми манфаат кўради — вазир

2026 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги субъектлари ўзи етиштирган маҳсулотларни сотишда ҚҚСдан озод этилиши 48 мингдан зиёд фермерга бевосита тааллуқли бўлади. Натижада рентабеллик 5-7 фоиздан 15 фоизгача ошади. ҚҚСдан озод қилинадиган маҳсулотлар рўйхати ҳар йили эълон қилиб борилади, деди қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов.

Фото: Ўзбекистон 24

4 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги йиғилишда 2026 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҚҚСни нол ставкага туширишга қарор қилинди. Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов “Ўзбекистон 24”га берган интервюсида бу қарор республикадаги 100 мингдан ортиқ фермердан 48 минг нафарига тўғридан тўғри манфаатли бўлишини айтди.

“Бу фермерларда солиқ юкини камайтириб, рентабелликни ҳозирги 5-7 фоиздан 15 фоизга оширади. Соядаги иқтисодиётни қисқартиради. Чунки томорқаларда қўшимча қиймат йўқ, лекин саноатлашган боғларда қўшимча қиймат бўлгани учун бу маҳсулот етиштиришда мураккабликлар келтириб чиқарарди. [ҚҚСни ноллаштириш] қишлоқ хўжалигида янги тизимларни рағбатлантириб боради.

Бундан ташқари, қўшимча маблағ кўпроқ қолади ва ўғит, ёқилғи, электр энергиясига сарфлаган маблағлари ҚҚСдан озод қилинганидан кейин, қолган маблағ қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга сарфланади. Бу қишлоқ хўжалигида катта ўзгаришларга олиб келади. Фермерларда манфаатдорлик ошади, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш кенгаяди, давлатнинг йирик солиқ айланмаси пайдо бўлади”, – деди вазир.

Иброҳим Абдураҳмоновга кўра, Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ҳар йили ҚҚС нол бўлган маҳсулотлар эълон қилиб борилади. Шунингдек, бу маҳсулотлар қийматга ўтганидан кейин электрон платформада 3 кун ичида ҚҚС кешбэк сифатида бошқа тармоқларга тўлаб берилади.

Вазир жорий йилги мақсад 517 трлн сўмлик маҳсулот яратиш эканини қўшимча қилди.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид