Ўзбекистон | 22:38 / 24.08.2019
33388
2 дақиқада ўқилади

«Советлар ҳужум қилган пайтда туғилган бола ҳозир қирққа кириб, урушдан бошқа нарсани кўрмади» — Абдулазиз Комилов Афғонистон муаммоси ҳақида

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Афғонистондаги вазиятга оид фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

«Кўпинча одамлар ҳайрон бўлади: “Ҳозир Афғонистонда уруш бўляпти, сизлар ҳали у, ҳали бу лойиҳа, дейсизлар...” Келажакни инобатга олиб шундай қилинмоқда.

У ерда барибир қачондир тинчлик ўрнатилади. Нега деганда, мана биз ҳукумат билан ҳам, мухолифат билан ҳам, толиблар билан ҳам [алоқа ўрнатганмиз].

Уларнинг ҳаммаси урушдан чарчади. 40 йилдан бери... Ўз пайтида Совет иттифоқи Афғонистонга ҳужум қилган пайтда туғилган болалар ҳозир 40-45га кирган. Умрида урушдан бошқа ҳеч нарсани кўрмаган. Фақат “Калашников”, уруш, ўлдириш, қон... Шунинг учун улар ҳаммаси чарчади.

Ўйлаймизки, бир-бири билан келишиб... Албатта, бу жараён ҳали чўзилади. 40 йил бир-бири билан урушгандан кейин бир кунда ҳал бўлиши жуда қийин. Лекин бунинг бошқа йўли йўқ. Бошқа йўли – яна уруш, қон... Бунақа сиёсатнинг келажаги йўқ.

Ҳозир Америка вакиллари ҳам муҳтарам президентимизнинг минтақада олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаяпти. Айниқса, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича.

Айтишяптики, Ўзбекистон президенти сиёсати туфайли минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит пайдо бўлди. Ўзаро муаммоларнинг кўпи ҳал бўлди.

Тожикистон билан ҳам, Қирғизистон билан ҳам, бошқа давлатлар билан ҳам муаммолар кўп ҳали. Лекин йўл очилди. Ўзаро ишонч пайдо бўлди”, – деди Абдулазиз Комилов. 

Мавзуга оид