«Бир вақтлар Сергелига метро келади деса, ҳеч ким ишонмасди» – президент Сергели метросида бўлди
Тошкент ўз метросига эга оз сонли шаҳарлардан биридир. 1977 йилда ишга тушган бу тизим ўзига хос янгилик, шаҳар тараққиётида муҳим қадам бўлган. Аммо Тошкент метрополитени узоқ вақт турғунлик даврини бошдан кечирди, ривожланмади, йўловчилар сони мунтазам камайиб борган йиллар бўлди.
Тошкент метросини ўзгартириш борасида янги режалар эълон қилиниб, унинг Юнусобод, Қўйлиқ, Сергели массивларигача тўлақонли етиб бориши ҳақида гапирилганида, кўпчилик ишонмагани бор гап. Аммо қатъий ирода, туну-кун меҳнат, зарур маблағ ва пойтахт ҳаётига дахлдорлик ҳисси ўз самарасини берди. Кечагина Юнусобод ва Қўйлиқни забт этган метро поездлари бугун Сергелига ҳам равон бориб келаяпти.
Умуман, метро ҳақида гап кетганда аксариятимиз қулай, арзон, экологик тоза транспортни тушунамиз ва унинг автомобил йўлларидаги тирбандликларни камайтиришини эътироф этамиз. Пойтахтликлар ва меҳмонлар жуда яхши биладиларки, айнан тирбандлик масаласи Сергелида сўнгги йилларда ниҳоятда кескинлашди. Шаҳар билан боғловчи 4-5 километрли йўлга бир соатлаб вақт сарфлаш (яъни амалда пиёда тезлигида юриш) одатий ҳолга айландики, бу ҳайдовчиларнинг асабий фикрларига, асосли эътирозларига сабаб бўлди.
26 декабр куни расман ишга тушган ва дастлабки поездда фаоллар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари ҳамроҳлигида шахсан президентнинг ўзи ташриф буюрган Сергели йўналиши ҳудуд ривожида алоҳида аҳамиятга эга.
Албатта, метро ишга тушиши билан тирбандликлар бир онда йўқолиб қолмайди. Аҳолида бу транспортдан кенгроқ фойдаланиш маданияти шаклланиши, автомобилларга қарамликдан қутилиш, маълум масофа пиёда ёки велосипедда юриш талаб этилади. Аммо метронинг ишга тушмаслиги тирбандликларнинг мунтазам ошиб боришини, ривожланиш ҳозирги суръатда давом этса, узоғи билан 3-5 йилда ҳудудда транспорт коллапси юзага келиши мумкин эди.
Метрополитеннинг янги йўналиши билан танишаётган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эришилган ютуқлар билан тўхтаб қолмаслик зарурлигини таъкидлади:
«Бир вақтлар Сергелига метро келади, деса ҳеч ким ишонмасди. Мана, шукрки шу кунларга ҳам етиб келдик. Метрополитен имкониятлари ҳақида гапирганда 200-250 минг йўловчи ҳақида гап бораяпти. Режани катта олиш керак. Менинг мақсадим кунига 1 миллион йўловчи даражасига чиқариш. Бошқа шаҳарларда бунга эришяптилар-ку, нега биз қила олмаймиз?
Барча имкониятлар яратилади, хорижга бориб ўрганиб келинглар, таклифлар киритинглар, эришган ютуқлар ўзимизники, янги ва юксак марраларни кўзлаш лозим», деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, бекатларни кўздан кечирган Шавкат Мирзиёев парламент раҳбарларига юзланди:
«Танзила Камаловна, эсингиздами, хорижга борсак, баланд эстакадалар устида поездлар юрганини кўриб, ҳавас қилардик. Мана, ўзимиз ҳам шундай ишларни амалга оширдик. Хитойда 2-3 қаватли ер усти йўлларини ҳам кўрганмиз, насиб қилса биз ҳам ана шундай йўллар қурамиз», деди президент.
Бош вазир раҳбарлигидаги комплекс олдига Тошкент метрополитенининг янги йўналишлари бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш вазифалари қўйилди.
«Ҳозир «Буюк ипак йўли» метро бекатидан ТТЗга қадар йўналиш бўйича иш олиб бориляпти. Сифат ва яна бир марта сифатга эътибор беринглар. Харажатлар ҳам синчиклаб ўрганилсин. У йўналиш ер устидан бўладими, ер остиданми, яхшилаб ўрганиб бир хулосага келинглар ва таклиф беринглар. Барчаси тайёр бўлганидан кейин маблағ ажратиш масаласи ҳал қилинади. Яна бир ниҳоятда муҳим жиҳат – хавфсизлик. Буни унутмаслигимиз лозим. Энг муҳими – тинчлик, одамларимиз соғ саломатлиги. Бу борада ҳам алоҳида қарор қабул қилинсин.
Ҳозир ҳеч ким Тошкентнинг эски шаҳар қисми, Қорақамиш массиви ҳақида ўйламаяпти. Ҳолбуки Қорақамишдаги аҳоли транспортдан қийналяпти. «Беруний» метросидан Шифокорлар шаҳарчасига бўлган йўналишни ҳам унутиб қўйдик. Йўл тор, олдинги трамвайлар йўқ, тирбандлик жуда юқори. Ўша шаҳарчадаги зиёлиларнинг кўпчилиги марказда ишлайди, кўп вақти ва пули транспортга сарфланяпти. Ибн Сино массивига транспорт қатновини яхшилаш зарур. Биз 5-10 йил олдинни ўйлашимиз керак», деди президент.
Ойбек Худойқулов, Тошкент метрополитени раҳбари:
– Ҳозир метрополитеннинг «Олмазор» бекатидан Сергели йўналиши бўйлаб узлуксиз йўл бўйича ҳаракатландик. Бу йўналишдаги ҳар бир бекатда йўловчилар учун қулайликлар яратилган. Бекатлар шунчаки метрога кириш йўлаги бўлмай, уларнинг атрофидаги инфраструктура ҳам ўйланган. Яъни, бошқа транспортларда келувчилар учун тураргоҳлар, велосипед қолдириш жойи, эскалатор, лифт ҳаммаси метрополитендан фойдаланувчилар учун хизмат қилади.
Тошкент метрополитени Сергели йўналиши факт ва рақамларда:
- Лойиҳа 2017-2020 йилларда амалга оширилган;
- Яратиладиган иш ўрни – 214 та;
- Умумий узунлиги 7 км темир йўл ҳамда 5 та бекат («Чоштепа», «Тошкент халқа йўли», «Сергели», «Афросиёб» ва «Қипчоқ») қурилган;
- Лойиҳа қиймати 82,66 миллион доллар, шундан:
- Давлат бюджети маблағлари – 47,56 миллион доллар;
- Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағи – 35,1 миллион доллар;
- Бугунги кунга қадар 70,3 миллион доллар, шундан давлат бюджетидан 46,3 миллион доллар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 30 миллион доллар сарфланган;
- Қурилиш ишларига 1 200 нафар ишчи-мутахассислар ва 80 дан ортиқ қурилиш техникалари жалб қилинган;
- Мазкур ер усти метроси фойдаланишга топширилгандан сўнг кунига 35 минг, йилига 11,5 миллион йўловчи ташиши кутилмоқда.
Аброр Зоҳидов, тасвирчи Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
09:53 / 03.11.2024
Тошкентда Spark билан тўқнашган Matiz ағдарилиб кетди
10:35 / 03.10.2024
9 ёшли қизнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда — Тошкент шаҳар ИИББ
14:28 / 20.09.2024
Сергелида BYD уриб юборган ўқувчи қиз вафот этди
09:27 / 10.07.2024