Спорт | 07:51 / 08.04.2026
8071
9 дақиқада ўқилади

«Реал» Мадридда ютқазди, «Арсенал» ғалаба билан қайтди. Кун ўйинлари

40 ёшли Нойер «Бернабеу»да 9 сейв амалга ошириб, ўйин қаҳрамонига айланди, «Арсенал» бутун ўйин давомида голли вазиятга эга бўлмасдан, якунда ғалабани илиб кетди. 

Нойер оқшом қаҳрамони

«Реал» – «Бавария» 1:2
Голлар:
Л. Диас, 41 (0:1). Кейн, 46 (0:2). Мбаппе, 74 (1:2)
«Реал»: Лунин, Рюдигер, Ҳаусен (Эдер Милитау, 62), Каррерас, Александр-Арнолд, Тшуамени, Питарч (Беллингҳэм, 62), Арда Гулер (Б. Диас, 71), Валверде, Винисиус Жуниор, Мбаппе
«Бавария»: Нойер, Упамекано, Та, Лаймер (Дэйвис, 69), Станишич, Киммиҳ, Павлович (Горецка, 90+3), Гнабри (Мусиала, 69), Л. Диас (Бишоф, 90+3), Олисе, Кейн
Огоҳлантиришлар: Тшуамени, 36 – Та, 71. Л. Диас, 77. Нойер, 82. Мусиала, 86

«Реал» Чемпионлар лигаси чоракфиналидаги илк учрашувда «Бавария»га мағлуб бўлди. Аммо Мадриддаги ўйинда мезбонлар кутилганидан яхшироқ ҳаракат қилишди.

«Бавария» ўйинни жуда кучли бошлади. Венсан Компани жамоаси тажовузкор прессинг эвазига ўйин бошланганига 43 сония бўлганидаёқ илк хавфли вазиятини юзага келтирди. Ўйин стартида мюнхенликлар «Реал» жарима майдони атрофида кетма-кет стандарт вазиятларга эга бўлишди. «Қаймоқранглилар» дарвозасида жароҳатдаги Куртуа ўрнини эгаллаган Лунин тўпга чиқишда хатоларга йўл қўйди. Шунга қарамай, мезбонлар бу оралиқдан гол ўтказмасдан ўтиб олишди. Тўққизинчи дақиқада «Бавария»да суперимконият юзага келди – жамоа жарима зарбасини айёрлик билан ижро этиб, унинг якунида Юпамекано дарвоза қаршисида ёлғиз қолди, аммо у бир неча метр масофадан туриб тўпни тўғри тепа олмади.

Шундан кейин «Реал» ҳам ҳужумга ўта бошлади. Гулер Мбаппени яхши вазиятга чиқарди, аммо Нойер ишончли ҳаракат қилди. 18-дақиқада эса 40 ёшли дарвозабон Винисиуснинг зарбасини ҳам қайтарди. Мезбонлар вақти-вақти билан қарши ҳужумлар уюштиришди, аммо ўйинда меҳмонлар тўлиқ устунлик қилишди. Мюнхенликлар кучли прессингни давом эттиришди, шундай вазиятлардан бирида ёш Питарч тўпни рақибга олдирди, аммо Лунин Гнабрининг зарбасини қайтариб, жамоани муқаррар голдан қутқарди. Жавоб ҳужумида эса Мбаппе ҳисобни очиши мумкин эди, аммо Нойер бунга йўл қўймади.

«Бавария» биринчи бўлимда яхшироқ кўринди ва танаффус арафасида ҳақли равишда ҳисобда олдинга чиқиб олди. Кейн, Гнабри ва Диас иштирокидаги комбинация колумбиялик ҳужумчи яккама-якка вазиятга чиқиб бориши ва дарвозабонни доғда қолдириши билан якунланди. Бу ҳужум майдон марказида Винисиус тўпни йўқотиши билан бошланди, ҳужум якунида эса Трент ўзи қўриқлаши керак бўлган футболчини кўздан қочирди.

«Реал» учун иккинчи бўлим дебюти ҳам муваффақиятсиз кечди. Ҳакам ҳуштаги чалинишидан кўп ўтмай Павлович майдон марказида Каррерасдан тўпни олиб қўйди ва голли ҳужумни бошлаб берди. Ҳужум якунида Олиседан тўпни қабул қилиб олган Ҳарри Кейн ерлатиб аниқ зарба йўллади. Бироз ўтиб франциялик вингернинг ўзи ҳисобни янада йириклаштириши мумкин эди – Лунин яқин бурчагига йўлланган зарбани қайтариб қолди.

Йўқотадиган нарсаси қолмаган «Реал» футболчилари очилишга мажбур бўлишди. Натижада меҳмонларда яна бир қатор вазиятлар юзага келди. 56-дақиқада Олисе олис масофадан хавфли зарба берди, кейин эса Кейн ўз жамоаси жарима майдони олдида тўп йўқотган Валвердени кечирди.

Шунга қарамай, «Реал» ҳам барибир ўз вазиятларига эга бўлди: бўлим ўрталарида Винисиус Упамеканонинг қўпол хатосидан фойдаланиб, дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо Нойер ўз вақтида олдинга чиқиб, бразилиялик ҳужумчини хато зарба йўллашга мажбур қилди.

«Реал» таслим бўлмади. «Қироллик клуби» «Бернабеу»да бундай қила олмасди ҳам. Арбелоа жамоаси ўзига келиб, жипслашди. Аммо Нойер ўзини кўрсатишда давом этди. 66-дақиқада Мбаппе жарима майдонига ёриб кириб, хавфли зарба берди, аммо дарвозабон яна бир бор фантастик сейв ижро этди.

Фақат кейинги ҳужумда, 74-дақиқада Мбаппе уни барибир ожиз қолдира олди – Трент қанотдан узатма берди, француз ҳужумчиси яқин масофадан зарба берди. Бу эпизодда ҳам фахрий дарвозабон тўпга улгурди, аммо бу сафар тўп чизиқни кесиб ўтишга улгурганди.


 
«Реал» шундан кейин ўзига ўхшаб ўйнай бошлади ва ўйиннинг охирги қисми шиддатли кечди. Германия чемпионлари учинчи голни уриши ҳам, испанлар мағлубиятдан қутулиб қолиши ҳам мумкин эди. Мадридликлар зарбалар сони бўйича «Бавария»га тенглашиб ҳам олди – 20:20 (дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар – 9:8). Лекин якунда бошқа гол урилмади ва Компани шогирдлари ҳақли ғалабага эришди, лекин яримфинал тақдири Мюнхенда 15 апрел куни бўлиб ўтадиган учрашувда ҳал бўлади.

«Арсенал» ўз услубида

«Спортинг» – «Арсенал» 0:1
Гол:
Ҳаверц, 90+1 (0:1)
«Спортинг»: Руй Силва, Гонсалу Инасиу, Диоманде, Араухо, Фреснеда, Морита, Симоес (Браганса, 62), Гонсалвеш (Нел, 79), Катаму, Тринкау, Суарес
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Калафиори, Уайт, Субименди, Райс, Эдегор (Ҳаверц, 70), Троссар (Мартинелли, 76), Мадуэке (Доуман, 76), Йокереш
Огоҳлантириш: Морита, 31

«Арсенал» ЕЧЛ 1/4 финали учрашувига ўнг қанотдаги муаммолар билан етиб келди. Ҳимоячи Юрриен Тимбер ва вингер Букайо Сака жароҳат туфайли майдонга туша олмасди. Натижада уларнинг ўринбосарлари – Бен Уайт ва Нони Мадуэке илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилишига тўғри келди. Ва бу майдондаги воқеаларга таъсир кўрсатмай қолмади.

Ўйиннинг олтинчи дақиқасида Максимилиано Араухо айнан Уайтнинг қанотидан «Арсенал» жарима майдонига кириб борди ва кучли зарба йўллади, тўп дарвозабоннинг бармоқларига тегиб ўтган ҳолда тўсинга борди.

Кейин эса «Арсенал» аста-секинлик билан ўйинни ўз дарвозасидан узоқлаштира бошлади. Жамоанинг илк хавфли вазияти кутилганидек бурчак зарбаси орқали юзага келди. 15-дақиқада Мадуэке бурчакдан тўпни тўғридан тўғри дарвоза томон йўллади, фақат тўп бу сафар ҳам тўсиндан қайтди.

Умуман олганда, биринчи бўлим тенг кучлар остида кечди. «Спортинг»да вазиятлар кўп бўлмади, «Арсенал»да ундан ҳам камроқ. Меҳмонлар кўпроқ вақт мобайнида тўпга эгалик қилишди, аммо жамоа мезбонларнинг қарши ҳужумга чиқиб кетишини, шунингдек, ҳали олдинда жавоб ўйини борлигини ҳисобга олган ҳолда вазиятни кескинлаштирмасликни маъқул кўрди.

«Арсенал» фақат иккинчи бўлимда статистикани тўғрилашга ҳаракат қилди ва мезбонлар дарвозаси олдида хавфли вазиятлар юзага кела бошлади. 63-дақиқада эса меҳмонлар дарвозани ишғол этишди ҳам. Аммо VAR ҳужум вақтида Виктор Йокереш офсайдда қолгани туфайли Субимендининг чиройли голини бекор қилди.

Биринчи бўлимни шиддатли ўтказган «Спортинг»да эса куч тугаб қолди ва жамоа тўлиқ ҳимояда ўйнади. Фақат ўйин охирида сўнгги кучларини йиғиб олдинга ўтди, 83-дақиқада эса ҳисобн очишга жуда яқин келди. Ўнг қанотдан тўп узатилганитда Ҳидемаса Катамо яқин масофадан бошда зарба берди, аммо Райя яқин бурчакка кириб кетаётган тўпни тўсишга улгурди. Уч дақиқа ўтиб у япониялик футболчининг яна бир хавфли зарбасини қайтарди.

Шундан кейин ўйин голсиз дурангга қараб кетаётганди, аммо Артетанинг иккинчи бўлимдаги футболчи алмаштиришлари иш берди. 90+1-дақиқада Габриэл Мартинелли чап қанотдан марказга юрди ва ҳимоячилар ортига тўп узатди, Кай Ҳаверц эса тўпга етиб бориб, осонлик билан дарвозани ишғол этди. Бу ғалаба «Арсенал»нинг бутун мавсуми ифодаси бўлди. Жамоа томошабоп ўйин кўрсатмаяпти, лекин ўзига керакли натижага эришмоқда. Энди бир ҳафтадан кейин Лондонда кечадиган жавоб баҳсида жамоани дуранг ҳам қониқтиради.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид