Жаҳон | 14:07 / 06.08.2025
5857
11 дақиқада ўқилади

«Ғазодаги урушни тўхтатинг!» – истеъфодаги 600 нафар исроиллик ҳарбий Трампга хат йўллади

Исроил хавфсизлик кучларининг истеъфодаги 600 нафар юқори мартабали ходими, жумладан, махсус хизматларнинг собиқ раҳбарлари АҚШ президенти Доналд Трампга йўллаган очиқ мактубида уни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга босим ўтказиш ва Ғазодаги урушни тўхтатишга чақирди.

Фото: EPA

«Бизнинг профессионал баҳоларимизга кўра, Ҳамас энди Исроил учун стратегик хавф туғдирмайди», – дейилади мактубда.

«Исроилликларнинг аксарият кўпчилигининг сизга бўлган ишончи бош вазир Нетаняҳу ва унинг ҳукуматини тўғри йўналишга йўналтиришга ёрдам беради: урушни тугатиш, гаровга олинганларни қайтариш, азоб-уқубатларни тўхтатиш», – дейилади «Исроил хавфсизлиги учун қўмондонлар» (CIS) ташкилоти мурожаатида. Уни имзолаганлар орасида собиқ бош вазир Эхуд Барак, «Моссад»нинг собиқ раҳбари Тамир Пардо, аксилразведка хизматининг собиқ раҳбари Шин-бет Ами Аялон, собиқ мудофаа вазири Моше Яалон бор.

Ғарб етакчилари гаровга олинган исроилликлар акс этган видео намойиш этилишини қораламоқда

Ғарб етакчилари ўтган ҳафта Ғазода гаровда ушлаб турилган ва ҳолдан тойган исроилликлар акс этган видеоларни қоралаб чиқди. Ҳамас, агар Исроил маълум шартларни бажарса, гаровга олинганларга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

Дам олиш кунлари Тел-Авивда гаровга олинганларни зудлик билан озод қилишни талаб қилган намойишчилар кўчага чиқди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми «тарғибот мақсадида намойиш этилган кадрлар нафрат уйғотиши» ва гаровга олинганларни «ҳеч қандай шартларсиз» озод қилиш кераклигини таъкидлаган.

Германия канцлери Фридрих Мерц ушбу кадрлардан «ҳайратда қолгани»ни айтиб, гаровга олинганларнинг барчасини озод қилиш Исроил ва Ҳамас ўртасидаги ўт очишни тўхтатишнинг мажбурий шарти эканини қўшимча қилди.

Франция президенти Эммануэл Макрон Ҳамасни «ўта шафқатсизлик тимсоли» деб атади ва Франция гаровга олинганларни озод қилиш, ўт очишни тўхтатишни тиклаш ва Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказилишини таъминлаш устида тинимсиз ишлашда давом этаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бу саъй-ҳаракатлар «Исроил ва Фаластин тинчликда ёнма-ён яшайдиган» икки давлат тузиш тўғрисидаги қарорни кўзда тутувчи сиёсий келишув билан бирга олиб борилиши керак. Франция яқинда Канада ва Буюк Британия билан бир қаторда Фаластин давлатини маълум шартлар асосида тан олишини эълон қилганди. Исроил бу қадамларни кескин қоралади.

Бу баёнотлар пайшанба куни Фаластиндаги «Исломий жиҳод» гуруҳи озиб кетган ва йиғлаётган Ром Браславски акс этган видеони, шанба куни эса Ҳамас асирликда озиб кетган Эвиатар Давид кўрсатилган кадрларни эълон қилганидан кейин янгради.

Видеолардан бирида Браславски йиғлаб, овқат ва суви тугагани, ўша куни атиги учта «палафелла» еганини айтади. У ўрнидан туролмаслиги, юролмаслиги ва «ўлим ёқасида тургани»ни билдирган.

Иккинчи видеода Давид шундай дейди: «Мен бир неча кун овқат емадим... Ичимлик сувини зўрға топдим». У ўзига қабр қазиётганини айтади.

Исроил Ҳамасни гаровдагиларни очликдан ўлдиришда айблади. Гуруҳ гаровга олинганлар ўз жангчилари ва очликдан азият чекаётган Ғазо аҳолиси билан бир хил овқатланишини айтиб, айбловни рад этмоқда.

21 ёшли Браславский ва 24 ёшли Давид 2023 йил 7 октябрда Ҳамас ҳужуми пайтида Nova мусиқа фестивалида ўғирлаб кетилган.

Исроил маълумотларига кўра, Ҳамас ҳужуми пайтида қўлга олинган 251 кишидан 49 нафари Ғазода гаровда қолмоқда. Уларнинг камида 27 нафари аллақачон вафот этгани тахмин қилинмоқда. Ҳамас ҳалигача гуманитар ташкилотларни гаровга олинганлар олдига қўймайди, яқинлари эса уларнинг аҳволи ҳақида деярли маълумотга эга эмас.

«Ислом жиҳоди» гуруҳи эълон қилган видеода йиғлаётган Ром Браславски кўрсатилган

Видеолар эълон қилинганидан сўнг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу гаровга олинган икки кишининг оила аъзолари билан суҳбатлашиб, «чуқур шок»ни бошдан кечирганини айтди ва барча гаровга олинганларни қайтариш бўйича саъй-ҳаракатлар «доимий ва тинимсиз давом этиши»га ишонтирди.

Якшанба куни Нетаняҳу Қизил Хочнинг минтақадаги бўлими раҳбари билан ҳам гаплашиб, ундан гаровга олинганларни озиқ-овқат ва тиббий ёрдам билан таъминлашда зудлик билан иштирок этишни сўради.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси «гаровга олинганлар сақланаётган ҳаёт учун хавфли шароитлардан яққол далолат берувчи» видеоёзувлардан «ҳайратда қолгани»ни айтди.

Қўмита яна бир бор гаровга олинганларнинг аҳволини баҳолаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг оилалари билан алоқани осонлаштириш учун уларнинг олдига боришга рухсат беришга чақирди.

Исроил Қизил Хочни, хусусан, Ғазода гаровга олинганларга ёрдам бермагани учун кескин танқид қилди. Қўмита бунга жавобан можаро ҳудудларида ишлаш учун урушаётган томонларнинг хайрихоҳлигига таянишини тушунтирди.

Ўтган дам олиш кунлари Тел-Авивда намойишчилар ва гаровга олинганларнинг қариндошлари яна тўпланиб, Исроил ҳукуматини гаровга олинганларни озод қилишни таъминлашга чақирди.

Давид ва Браславски оилалари шанба куни бўлиб ўтган митингда «ҳамма бу дўзахдан иложи борича тезроқ чиқиб кетиши кераклиги»ни айтишди.

Браславскилар оиласи «улар Ромни синдиришгани»ни айтиб, Исроил ва АҚШ раҳбарларидан ўғлини уйга қайтаришни сўраган.

Давиднинг оиласи у «Ғазодаги Ҳамас туннелларида атайлаб ва сурбетларча оч қолдирилаётгани - у тириклайин кўмилган тирик скелет» эканини айтишган.

Ҳамас томонидан эълон қилинган видеода гаровдаги Эвиатар Давид жуда озиб кетгани кўринган

Ғазодаги очарчилик

Ҳамаснинг «Ал-Қассам бригадалари» қуролли қаноти Қизил Хочнинг маҳбусларга озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш бўйича ҳар қандай сўровига, агар Ғазога мунтазам ва доимий равишда гуманитар йўлаклар очилса ва ёрдам етказиб бериш вақтида ҳаво ҳужумлари тўхтатилса, «ижобий муносабатда бўлиши»ни билдирди.

Бу вақтда БМТ агентликлари Ғазода «ҳозирда очарчиликнинг энг ёмон сценарийси ривожланаётгани» ҳақида огоҳлантирмоқда. Анклавдан ҳар куни тўйиб овқатланмаслик оқибатида вафот этганлар ҳақида хабарлар келиб тушмоқда.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги якшанба куни уруш бошланганидан бери тўйиб овқатланмаслик оқибатида 175 киши, жумладан 93 нафар бола вафот этганини маълум қилди.

Дам олиш кунлари Исроил қўшинлари тақсимлаш пунктларида гуманитар ёрдам олишга уринаётган фаластинликларни ўққа тутгани ҳақида навбатдаги хабарлар пайдо бўлди. Ғазодаги шифохоналар маълумотларига кўра, камида 27 фаластинлик ўлдирилган.

Миср ва Ғазо ўртасидаги «​​​​​Рафаҳ» чегара пункти орқали Ғазога гуманитар ёрдам юк машинаси кириб келиши

БМТ, гуманитар ташкилотлар ва Исроилнинг баъзи иттифоқчилари озиқ-овқат инқирозида Исроилнинг гуманитар ёрдамни олиб кириш ва етказиб беришга қўйган чекловларини айбламоқда. Исроил бу айбловларни рад этиб, жавобгарликни Ҳамасга юкламоқда.

Шунга қарамай, халқаро миқёсда кўтарилаётган шов-шувга жавобан Исроил ўтган ҳафта аҳолига ёрдам ҳажмини ошириш, жумладан, баъзи ҳудудларда куннинг маълум қисмида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, юкларни ҳаводан туширишга рухсат бериш ва гуманитар ёрдам конвойлари учун хавфсиз йўналишларни эълон қилиш чораларини эълон қилди.

Исроилнинг Ғазога ёрдам етказиш билан шуғулланувчи COGAT ҳарбий агентлиги маълумотларига кўра, сўнгги ҳафтада анклавга 1200 та юк машинасида 23 минг тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам етказилган, бироқ БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ёрдам тарқатиш марказларига юзлаб машиналар ҳали етиб келмаган.

Ғазодаги ҳукумат матбуот хизмати якшанба куни Исроил июл ойи охирида чекловларни юмшатганидан бери секторга гуманитар ёрдам билан 1600 га яқин юк машинаси келганини маълум қилди. Бироқ, гувоҳлар ва Ҳамасдаги манбалар таъкидлашича, ушбу юк машиналарининг аксарияти умидсиз қочқинлар ва қуролли тўдалар томонидан талон-торож қилинган, дейилади Reuters хабарида.

«Ҳамас энди хавф туғдирмайди»

600 га яқин истеъфодаги исроиллик амалдорлар гуруҳи, жумладан, махсус хизматларнинг собиқ раҳбарлари АҚШ президенти Доналд Трампга мактуб йўллаб, Исроилни Ғазо секторидаги урушни зудлик билан тўхтатиш учун босим ўтказишга чақирди.

«Бизнинг профессионал фикримизча, Ҳамас энди Исроил учун стратегик хавф туғдирмайди, – дейилади мактубда. – Исроилликларнинг мутлақ кўпчилиги орасидаги обрў-эътиборингиз бош вазир Нетаняҳу ва унинг ҳукуматини урушни тўхтатиш, гаровга олинганларни қайтариш, азоб-уқубатларга чек қўйиш каби тўғри йўналишга йўналтириш имкониятингизни кучайтиради».

Мактубни «Моссад»нинг собиқ раҳбари Тамир Пардо, «Шин-Бет»нинг собиқ раҳбари Ами Аялон, собиқ бош вазир Эхуд Барак, собиқ мудофаа вазири Моше Яалон ва бошқалар имзолаган.

«Аввалига бу уруш адолатли, мудофаа уруши эди, аммо биз барча ҳарбий мақсадларга эришганимизда, у адолатли уруш бўлишни тўхтатди», – деди Аялон.

Собиқ юқори мартабали раҳбарлар илгари бир неча бор ҳукуматни гаровга олинганларни қайтаришга эътибор қаратишга чақирган «Исроил хавфсизлик қўмондонлари» (CIS) гуруҳини бошқаради.

«Ғазодаги урушни тўхтатинг! Исроил мудофаа кучларининг собиқ генераллари ва уларга тенглаштирилган „Моссад“, „Шин-Бет“, полиция ва дипломатик корпус ходимларининг энг йирик ташкилоти бўлган CIS номидан Ғазодаги урушга чек қўйишга чақирамиз. Сиз буни Ливанда қилдингиз. Буни Ғазода амалга ошириш вақти келди», – дея Доналд Трампга мурожаат қилган мактуб муаллифлари.

Шу билан бирга, Исроил матбуотида Нетаняҳу Ҳамас билан ўт очишни тўхтатиш бўйича тўғридан тўғри бўлмаган музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани сабабли Ғазода ҳарбий амалиётларни кенгайтиришни талаб қилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг иқтибос келтирилган Исроил расмийсининг сўзларига кўра, Нетаняҳу «Ҳамасни ҳарбий мағлубиятга учратиш» орқали гаровга олинганларни озод қилиш устида ишламоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид