Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Репортаж: Самарқанднинг умрбоқий қоғози қандай тайёрланади?
Самарқанд ўз қоғози билан қадимий Буюк Ипак йўлида машҳур бўлганини биласизми? Ундан айни пайтда дунёнинг турли давлатларидаги ҳаттотлар ва мусаввирлар фойдаланишаётганини-чи?
Жаҳоннинг кўплаб давлатларида қадимдан қоғоз тайёрлаш технологияси бўлган. Мисрда папирусдан тайёрланган қоғозлар, шарқда хитой ва япон қоғозлари бунга мисол бўла олади. Самарқанд ипак қоғози эса ўзининг умрбоқийлиги, силлиқлиги, ҳар икки томонига ҳам ёзиш мумкин бўлганлиги, сувда ивимаслиги ва айниқса ўзига хос шақирлаши билан шуҳрат қозонган.
Kun.uz ижодий гуруҳи Самарқанд туманидаги Конигил қишлоғида бўлди. Бу ерда Самарқанд қоғози ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Конигил Мерос» ҳунармандчилик корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Унинг раҳбари Зариф Мухторовнинг айтишича, 1994 йилда ЮНЕСКО ташаббуси билан Бухорода ўтган халқаро конференцияда илк бор Самарқанд қоғози ҳақида гап боради. Самарқандда қоғоз ишлаб чиқарилмаётганига қарийб икки аср бўлиб қўйган эди.
Зариф Мухторов қадимий китобларни, энциклопедияларни титади. Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш технологиясини тиклаш бўйича нақ беш йил ўз уйида тажриба ўтказади ва ниҳоят ўз мақсадига эришади.
Самарқанд қоғози ишлаб чиқаришнинг сирли жойи йўқ: бир йиллик тут новдалари кесилади, улар сувда 4 кун ивитилади. Кейин пўстлоғи новдалардан ажратилади. Ажратилган пўстлоқнинг қобиғи пичоқда шилинади. Ички қисми 4 соат давомида қайнатилади. Пўстлоқ юмшоқлашади. Сўнгра у сувда ювилиб, тегирмонда 8-10 соат мобайнида янчилади. Янчилган масса сувга солинади ва қўзғалганда титилиб кетади. Элаксимон формада у тутиб олинади. Тут пўстлоғидаги толалар бири бирининг устига ётиб, тўқима ҳосил қилади. Уни сўнгги сув томчиларидан сириқтириш учун пресс остига қўйилади. Ҳали нам қоғоз тахта сирт ёки дераза ойнасига ёпиштириб, қуритилади.


Сўнгра 2-3 соат давомида агат тоши, денгиз чиғаноғи, қорамол шохи каби воситалар ёрдамида қоғознинг ҳар икки тарафи ҳафсала билан силлиқланади.

Зариф Мухторовнинг айтишича, хорижлик мутахассислар бу ерда тайёрланган қоғознинг структурасини микроскоп остида пухта ўрганиб чиқиб, қадимий Самарқанд қоғози тўлиқ тикланганини таъкидлашган.
Айни пайтда «Конигил Мерос» корхонасида бу машаққатли жараёнлар маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга намойиш этиб берилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Самарқанд қоғози мутлақо чиқитсиз технология ҳисобланади. Тутнинг пўстлоқдан ажратилган новдалари миниатюралар учун рамкалар, турли панжаралар ясаш учун ишлатилади. Қаттиқ қобиқдан картон ишлаб чиқарилади.
Зариф Мухторовнинг айтишича, бугунги кунда корхонада кунига 100–120 дона турли ҳажм, зичлик ва ранглардаги қоғоз ишлаб чиқарилмоқда. Зариф ака қоғоз ишлаб чиқариш бўйича 15 нафарга яқин шогирдлар тайёрлаган, шу қишлоқнинг ёш хотин-қизлари иш билан таъминланган. Улар турли буюмлар ясашади, чизишади, бўяшади. Қадимий ҳунармандчилик корхонасидан туристларнинг қадами узилмайди. Бу ердан улар Самарқанд қоғозидан ясалган турли сувенирларни харид қилишади.
Ушбу қоғозлардан асосан қадимий қўлёзмаларимизни реконструкция қилишда фойдаланилмоқда. «Минг йиллар оша бизга етиб келган қўлёзмалар яна юзлаб йиллар давомида авлодларимизга хизмат қилади», — дейди З.Мухторов.
Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
17:23 / 17.01.2026
Фарғонада 3-, Самарқандда эса 4-синф ўқувчиси B2 сертификатини қўлга киритди
21:43 / 12.01.2026
Самарқанд шаҳри кенгайтирилади ва Самарқанд тумани тугатилади
10:01 / 07.01.2026
Самарқандда шифокорлар бемор қорнидан 200 грамм мих чиқариб олди
11:10 / 30.12.2025