Ўзбекистон | 13:38 / 27.01.2026
11085
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазири ўринбосари Зуфар Қурбонов танқидга учради

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Президент раислигидаги йиғилишда Тошкент шаҳридаги йирик бозорлар ва гавжум жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича гвардия, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар идораларининг ҳамкорлиги етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Ўтган йили бозорлар ва паркларда 87 та жиноят содир этилган, шаҳарда жами 774 та ёнғин юз берган.

Бозорларни рақамлаштириш жуда сустлиги, ҳозирча фақат «Чорсу» ва «Фарҳод» бозорларида ситуацион марказ ташкил қилингани қайд этилди.

Ички ишлар вазирининг ахборот технологияларига масъул ўринбосари Зуфар Қурбонов тайинлаганига икки йилдан ошгани, лекин тизимни рақамлаштириш бўйича ҳали сезиларли натижа кўринмаётгани танқид қилинди.

Шу ва бошқа тизимли муаммо ҳамда камчиликлар биринчи навбатда раҳбарларнинг айби экани таъкидланди.

Шу боис, бунга масъул вазир ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва республика профилактика бошлиғи Ҳотам Қодиров ишдан олинган эди.

Уч йил олдин Ички ишлар вазирлигида ташкил қилинган кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг иши ҳали кўринмаётгани қайд этилди.

Масалан, ўтган йили пойтахтда кибержиноятлар сони 16 мингдан ортиб, фуқаролар қарийб 2 триллион сўм моддий зарар кўрган бўлса, уларни фош этиш 8 фоизга ҳам бормаяпти.

Жиноятчилар банк тизимидаги бўшлиқдан, аҳолининг ишонувчанлигидан ва технологик билими етишмаслигидан фойдаланмоқда.

«Ички ишлар ва прокуратурага бу йўналишда барча масалаларни ҳал қилиб берганман. Қани натижа? Банк ва тўлов ташкилотларида ҳимоя тизимларини жорий этиш қачон якунланади?» – дея мутасаддилар олдига савол қўйган давлат раҳбари.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид