Жаҳон | 14:06 / 18.12.2025
6253
8 дақиқада ўқилади

Европалик сиёсатчиларни ҳақорат қилган Путин, Исроил-Миср газ келишуви ва АҚШнинг рекорд даражадаги мудофаа бюджети – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Путин европалик сиёсатчиларни ҳақорат қилди

Мудофаа вазирлигининг йиллик йиғилишида нутқ сўзлаган Россия президенти Владимир Путин яна Киев ва Европага таҳдид қилди.

«Агар қарши томон ва уларнинг хориждаги ҳомийлари мазмунли музокараларга киришишни рад этса, Россия ўзининг тарихий ерларини ҳарбий йўл билан озод қилади», — деди у.

Путин – АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден маъмурияти Россияни йўқ қилишга уринганини, европалик сиёсатчилар ҳам худди шу мақсадни кўзлаганини айтди. «Европанинг чўчқачалари дарҳол АҚШнинг аввалги маъмурияти ишига қўшилди. Улар мамлакатимизнинг тез фурсатда қулашидан умид қилган», деди Путин.

У европаликларни «Россия бир кун келиб НАТО давлатлардан бирига ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантиришлар бериш» орқали «истерика»ни атайлаб кучайтираётганликда айблади.

«Мен бир неча бор айтганман: бу ёлғон, бемаънилик, Европа давлатларига нисбатан қандайдир хаёлий Россия таҳдиди ҳақидаги мутлақо бемаъни гаплар. Аммо бу атайлаб қилинмоқда», — деди Путин.

Россия ҳозирда Украинанинг қарийб 19 фоиз ҳудудини назорат қилаётганини айтади. Бунга 2014 йилда аннексия қилинган Қрим яримороли, Донбасс минтақасининг катта қисми ва бир қанча вилоятларнинг тўлиқ бўлмаган ҳудудлари киради.

Мудофаа вазири Андрей Белоусов 2026 йилга мўлжалланган вазифалардан бири Россия ҳужумларининг суръатини ошириш эканини айтди. У кўрсатган слайдда Россия 2025 йилда урушга ЯИМнинг 5,1 фоизини сарфлаётгани қайд этилган.

Венесуэла атрофидаги вазият таранглашмоқда

17 декабр куни Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Венесуэла ташқи ишлар вазири Иван Гил билан телефон суҳбати ўтказди. АҚШнинг Венесуэлага босими кучаяётган бир пайтда, Хитой ушбу мамлакат суверенитетини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Вазир — «Пекин бир томонлама зўравонликнинг барча шаклларига қарши чиқишини ва барча мамлакатларнинг ўз суверенитетини ҳимоя қилишини қўллаб-қувватлашини» айтган.

Шунингдек, у халқаро ҳамжамият – Венесуэланинг ўз қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги позициясини қўллаб-қувватлайди, деб ишонмоқда.

Бундан ташқари, Николас Мадуро Колумбияга шошилинч мурожаат билан чиқиб, ушбу давлат қуролли кучларини Венесуэла билан бир сафда туришга чақирди.

«Мен Колумбия халқига, унинг ижтимоий ҳаракатларига ва мен жуда яхши биладиган Колумбия ҳарбийларига мурожаат қиламан. Мамлакатларимиз суверенитетига ҳеч ким журъат этиб қўл теккизмаслиги учун Венесуэла билан бирликка чақираман», деди у.

Сўнгги тўрт ой давомида АҚШ кучлари Кариб денгизида сезиларли ва тобора кенгайиб бораётган ҳарбий иштирокни сақлаб келмоқда. Улар гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланаётган кемаларга қарши зарбалар берган. Трамп, шунингдек, АҚШ ҳарбийлари яқин орада Венесуэла ҳудудида қуруқликдан ҳам операциялар бошлаши мумкинлигини айтган.

Ўтган ҳафта қарама-қаршилик янада кескинлашди: АҚШ ҳарбийлари нефт танкерларидан бирини мусодара қилди. Cанкция остидаги бошқа танкерларнинг Венесуэладан чиқиши ва унга киришининг «тўлиқ ва мутлақ блокада»си эълон қилинди.

Исроил Миср билан йирик газ келишувини эълон қилди

17 декабр куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат тарихидаги «энг йирик газ келишуви»ни маъқуллаганини маълум қилди. Унга кўра, 37 миллиард долларлик битим доирасида Chevron ва бошқа энергетика компанияларига Мисрга газ етказиб беришни кенгайтиришга рухсат берувчи экспорт лицензияси берилди.

Нетаняҳу келишувни олқишлаб, у Исроилнинг минтақадаги мавқейини мустаҳкамлашини, вақт ўтиши билан қарийб 18 миллиард доллар солиқ ва бошқа даромадлар келтиришини айтди.

Аслида август ойида Исроилдаги йирик газ кони эгаси ҳисобланган Chevron компанияси Миср билан битимга эришилганини маълум қилганди. Лекин Исроил ҳукумати буни энди тасдиқлаши – компаниялар билан орасида келишмовчилик чиққанидан далолатдир.

Reutersʼнинг ёзишича, Исроил — битим амалга ошиши учун Трамп маъмурияти томонидан ҳам, компаниялар томонидан ҳам босимга дуч келди. Октябр ойида Исроил энергетика вазири экспорт лицензиясига рози бўлмагач, АҚШ энергетика вазири Исроилга режалаштирган ташрифини бекор қилди.

Газ Исроил иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга, унинг ортиқча гази асосан Мисрга сотилади. Исроил ва Миср уруш гирдобидаги Ғазога кириш-чиқишни назорат қилади. Октябр ойида Трамп маъмурияти Миср кўмагида Исроил ва Ҳамас ўртасида сулҳга воситачилик қилганди.

АҚШнинг рекорд даражадаги мудофаа бюджети

17 декабр куни АҚШ Сенати Пентагон сиёсатини белгиловчи улкан ҳужжатни тасдиқлаб, Оқ уйга юборди.

АҚШда 2026-молия йили учун йиллик ҳарбий харажатлари 901 миллиард долларга етган. Қонун лойиҳасининг рекорд миқдордаги қиймати – Трамп сўраганидан ҳам 8 миллиард долларга кўп.

Бунинг ичида АҚШ ҳарбий хизматчилари учун 4 фоизлик маош оширилиши ҳам назарда тутилган. Шунингдек, у ҳарбий техникани харид қилиш тизимини ислоҳ қилиш, Хитой ҳамда Россия билан рақобатбардошликни кучайтиришга қаратилган чораларни ўз ичига олади.

Мудофаа бюджети 2026 молиявий йилда Украинага 800 миллион доллар ажратишни назарда тутади. У АҚШ компанияларидан Украина армияси учун қурол-яроғ сотиб олиш учун берилади.

Шунингдек, Латвия, Литва ҳамда Эстония мудофаасини қўллаб-қувватлаш учун 175 миллион доллар ажратилган. Қонун — Европадаги АҚШ қўшинлари сонини 76 мингдан камга тушириш имкониятини чеклайди.

Шунингдек, унда Мудофаа вазири Пит Ҳегсет Кариб денгизидаги қайиқларга берилган ҳарбий зарбалар бўйича таҳрирсиз видеоларни Конгрессга тақдим этмаса, унинг сафар бюджети бир қисми ушлаб қолинишини назарда тутувчи банд ҳам бор.

Конгресс Мудофаа вазирлиги номини Уруш вазирлиги деб ўзгартириш учун маблағ ажратишга рози бўлмаган.

Шу билан бирга, мудофаа бюджетига доир қонун — Трампнинг Пентагонда «инклюзив дастурлар»ни тугатиш фармонларини мустаҳкамлаган.

Ушбу бюджетномадан ташқари, Трамп маъмурияти чоршанба куни Тайванга қиймати жами 11 миллиард доллардан ошадиган саккизта янги қурол-яроғ пакетини эълон қилди.

Давлат департаменти томонидан маъқулланган савдолар орасида ўзиюрар гаубицалар, HIMARS кўп марталик ракета учириш тизими, ATACMS ва бошқа ракеталар, дронлар, ўқ-дорилар ва тактик дастурий таъминот тизимлари бор. Бу қарор Хитой билан кескинликни кучайтириши кутилмоқда.

Евроиттифоқ ўз сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқди

Европа Иттифоқи яна бир бор ўзининг сунъий йўлдошларини Европа ракетасида орбитага чиқарди.

2018 йилдан бери илк марта икки дона Galileo сунъий йўлдоши Европага тегишли ракета ёрдамида космосга чиқарилди. Ariane 6 ракетаси чоршанбага ўтар кечаси Франциянинг Куру космодромидан учирилди.

Бугунга келиб, орбитадаги Galileo сунъий йўлдошлари сони 24 тага етди.

«Сунъий йўлдошлар Ер сатҳидан 23,2 минг километр баландликдаги ўрта Ер орбитасидаги гуруҳга қўшилади», — дея маълум қилди расмийлар. Ҳар иккала сунъий йўлдош ҳам Германия компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.

Бир марталик фойдаланиладиган Ariane 6 ракетаси фақат ўтган йили эксплуатацияга киритилган. Унгача Европа Иттифоқи Россия ва АҚШ ракеталарига қарам бўлиб келган.

Галилео дастурининг ўзи ҳам глобал навигация сунъий йўлдош тизими бўлиб, Европанинг – АҚШ GPS тизимига боғлиқлигини камайтиришга қаратилган.

Аввалги Galileo учирилиши 2024 йил сентябрь ойида Флоридада SpaceXʼнинг Falcon 9 ракеталари орқали бажарилган эди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид