Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Эрондаги уруш давом этмоқда
Расмий Вашингтон Теҳрон раҳбарияти билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказиш ва ҳатто келишувга эришилмаган тақдирда ҳам можарони тўхтатиш имкониятларига ишора қилмоқда.
«Менинг қиладиган ягона ишим — Эронни тарк этиш ва биз буни жуда тез орада амалга оширамиз», деди АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда журналистларга. «Биз жуда яқин орада чиқиб кетамиз. Бу жараён балки икки ҳафта, балки уч ҳафта ичида юз бериши мумкин», дея қўшимча қилди у.
АҚШ операциясини тўхтатиши учун муваффақиятли дипломатия шартми, деган саволга Трамп: «Эрон келишув тузишга мажбур эмас, йўқ», деди.
Бундан аввал АҚШ агар Теҳрон 15 банддан иборат режани қабул қилмаса, операцияларни кучайтириш билан таҳдид қилганди. Ушбу режанинг асосий талаблари орасида Эроннинг ядровий қуролга интилмаслик мажбурияти, уранни бойитишни тўлиқ тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ қайта очиш бандлари бор.
Оқ уйнинг билдиришича, Трамп чоршанба куни «Эрон бўйича муҳим янгиликларни етказиш учун» халққа мурожаат қилади.
Марко Рубио эса томонлар ўртасида «қайсидир паллада» учрашув ўтказиш имконияти борлигини ва АҚШ «марра чизиғини кўраётганини» айтди. «Бу бугун эмас, эртага ҳам эмас, лекин у яқинлашмоқда», деди у.
АҚШнинг баёнотларига қарамай, чоршанба куни эрта тонгда ҳар икки томондан ҳужумлар давом этмоқда. Кувайт халқаро аэропортидаги ёқилғи бакларига дронлар зарбаси натижасида кучли ёнғин келиб чиқди. Баҳрайн расмийлари эса Эрон ҳужуми оқибатида номаълум компанияда ёнғин чиққанини маълум қилди.
Эрон давлат матбуоти АҚШ—Исроил ҳаво ҳужумларидан сўнг Теҳроннинг бир неча ҳудудларида портлашлар эшитилгани ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушганини хабар қилди. Шунингдек, Бандар-Аббос портида жойлашган Эроннинг энг йирик йўловчи терминали – Шаҳид Ҳаққоний порти тунда ҳаво ҳужумига учради.
Эрон Инқилобий гвардияси чоршанба кунидан бошлаб минтақадаги АҚШ компанияларига қарши янги таҳдид билан чиқди. Рўйхатга 18 та корхона, жумладан, Microsoft, Google, Apple, Intel, IBM, Tesla ва Boeing киритилган бўлиб, улар яқин вақтлардан бошлаб нишонга олиниши айтилган.
















