Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

NASA фазогирлари Ой томон йўл олди

1 апрел куни тўрт нафар фазогир NASA'нинг «Artemis II» миссияси доирасида парвозни бошлади. Бу Ой атрофидаги ўта муҳим саёҳат бўлиб, инсонни Ой юзасига қайтариш йўлидаги энг дадил қадам ҳисобланади.

«Orion» экипаж капсуласи ўрнатилган Space Launch System ракетаси Флоридадаги «Кеннеди» коинот марказидан ўт олди. У ўзининг илк экипажи – уч нафар америкалик ва бир нафар канадалик фазогирни Ер орбитасига олиб чиқди.

Агар миссия режалаштирилганидек давом этса, NASA фазогирлари қарийб 10 кунлик экспедиция давомида Ой атрофида айланиб учади ва ортга қайтади. Бу жараёнда улар инсоният илгари ҳеч қачон етиб бормаган коинот қаърига — қарийб 406 000 км ичкарига боради.

NASA администратори Жаред Айзекман ушбу парвоз муқаддима эканини, бу миссиялар «Ой юзасида доимий мавжудликни» қўллаш ва Ой базасини қуришни ўз ичига олишини айтди.

Ўн йилдан кўпроқ тайёргарликдан сўнг амалга оширилган ушбу дастурда ҳар бир парвознинг қиймати 4 миллиард доллар атрофида бўлиб, у ўсиб борувчи харажатдир.

Ушбу миссия NASAʼнинг Ой юзасига инсонни қўндириши учун ҳал қилувчи «бош репетиция» вазифасини ўтайди. NASA 2028 йилда фазогирларнинг тарихдаги илк бор Ойнинг Жанубий қутбига қўнишини амалга оширмоқчи. Мақсад Хитойнинг 2030 йилда ўша ҳудудга режалаштирилган миссиясини ортда қолдириш.

Фазогирлар охирги марта АҚШ томонидан амалга оширилган 1972 йилдаги «Apollon» миссиясида Ойда бўлганди.

Эндиликда миллиардерлар Илон Маск ва Жефф Безос компаниялари NASA фазогирларини Ой юзасига қўндирадиган модулларни ишлаб чиқиш учун пойгалашмоқда.

Трамп америкаликларга мурожаат қилди

Доналд Трамп чоршанба оқшомида телевидение орқали чиқиш қилиб, АҚШ ҳарбийлари Эрондаги мақсадларига деярли эришганини айтди, аммо урушни тугатиш бўйича аниқ муддатларни келтирмади.

«Ҳамма кузирлар бизнинг қўлимизда, уларда эса ҳеч нарса йўқ», деди Трамп Оқ уйдан туриб халқига қилган мурожаатида. У Эроннинг бойитилган урани мақоми ва Ҳўрмуз бўғози каби ҳал этилмаган масалаларни юзаки тилга олиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, уруш тугагач, бўғоз «табиий равишда» очилади.