Жамият | 23:56 / 01.04.2020
44740
3 дақиқада ўқилади

Мурожаатдан сўнг: минглаб фуқаролар стикер учун берган аризасини қайтариб олди

Давлат хизматлари агентлиги директори Халилилло Тўрахўжаев қинғир йўллар билан махсус рухсатнома олишга уринаётган «уддабурон» шахсларга мурожаат билан чиққан эди. Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг айтишича, бу мурожаат ортидан 9 мингга яқин фуқаро стикер учун аризасини қайтариб олган.

Фото: KUN.UZ

«Кеча ижтимоий тармоқларда агентлик раҳбарининг ҳиссиётли мурожаатини тарқатдик. Шу мурожаатимиз ҳам таъсир қилди. Бугуннинг ўзида 8900та ариза ариза эгалари томонидан қайтариб олинди», – деди Давлетов 1 апрель куни «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, ДХА директори ўз мурожаатида «доставщик» сифатида BMW X7 ва Mercedes каби премиум-класс автомашиналарга рухсат олишга ариза бераётган «уддабурон, учар» тадбиркорларни инсофга чақириб, улар туфайли ҳақиқатан ҳам озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларини етказиб берувчилар тегишли рухсатномасини ўз вақтида ололмаётганини айтганди.

Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг айтишича, махсус рухсатнома учун кунига 20-30 мингтадан ариза келиб тушмоқда.

«Давлат хизматлари марказларида 14та ҳудуд ва Тошкент шаҳрининг 11та туманларида шу хизматлар кўрсатиляпти. 24 соат ишлаш тизимига ўтдик. Бизга келиб тушаётган аризалар сони [кунига] камида 20-30 мингта бўляпти. Бугунги кунга келиб, 102 мингта ариза келиб тушди», – дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг айтишича, электрон тизим такомиллаштирилгани натижасида 1,5 мингта ариза автоматик тарзда рад этилган.

«Электрон тизим шу даражада такомиллаштирилдики, у тадбиркорлик субъектининг кодлари тўғри келмаса, автоматик равишда бекор қилади. Бу дегани бир кунда 20та ходим қиладиган ишни тизимнинг ўзи 5 дақиқада бажаряпти.

Киритилган аризаларнинг 1500таси тизим ёрдамида автоматик равишда рад қилинган», – деди Давлетов.

Русланбек Давлетов

Адлия вазири шахсий транспортдан фойдаланиш чеклови фақат пойтахт шаҳарлар ва вилоят марказларига тааллуқли эканига урғу берди.

«Давлат тилида эълон қилинган хабар интернет ресурсларида русчага таржима қилинганида нотўғри маънода чиққанини кўрдик. Бир нарсани аниқ айтиб қўйишимиз керак: биринчидан, бу – Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри, вилоят маъмурият марказларига тааллуқли.

Бошқа туман, шаҳарларидаги ҳудудларга умуман тааллуқли эмас», – деди Давлетов.

Мавзуга оид