Ўзбекистон | 14:37 / 09.03.2023
10690
2 дақиқада ўқилади

Uzcard ва Humo йил охиригача интеграция қилинади

Humo карталаридан Uzcard банкоматлари орқали ва аксинча тарзда нақд пул ечиб олиш имконияти май ойигача ишга тушиши керак. Йил охиригача эса барча терминаллар ҳар иккала карта турини ҳам қабул қиладиган бўлади. Бу – президент қарорида белгиланди.

Фото: Kun.uz

Президент аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган қарорни имзолади.

Қарорга кўра, “Humo” ва “Uzcard” тўлов тизимлари ўзаро интеграциясини босқичма-босқич, жумладан 2023 йил май ойига қадар банкоматлар ҳамда 2023 йил якунига қадар тўлов терминаллари тизимини интеграция қилиш ишларини якунлаш топширилган.

Шунингдек, 2023 йил 1 майга қадар муддатга Тошкент шаҳрида ҳуқуқий эксперимент тариқасида виртуал касса билан қамраб олинган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида нақд пул ечиш хизматини кўрсатиш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, Ягона ғазна ҳисобварағи орқали ҳисоб-китобларни 24/7 режимида онлайн тартибда амалга ошириш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизими Марказий банкнинг “Тезкор тўловлар” тизимига интеграция қилинади.

  • Uzcard ва Humo тўлов тизимлари интеграция қилиниши ҳақида 2020 йилдан буён айтиб келинади. Бу жараён 2021 йил охиригача якунланиши ҳақида расман эълон қилинган, лекин бу амалга ошмай қолганди.

Мавзуга оид