Ўзбекистон | 19:21 / 01.01.2026
16133
3 дақиқада ўқилади

Туман ҳокимлари кенгаш раиси лавозимидан кетди

29-30 декабр кунлари Ўзбекистондаги барча туман (шаҳар)ларда депутатлар орасидан маҳаллий кенгашга раис сайланди. Шу тариқа, 2024 йилда вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жорий этилган ҳокимиятнинг бўлиниш принципи туманлар даражасида ҳам расман қарор топди. Янги сайланган кенгаш раисларидан 15 фоизи – аёллар. 5 нафари эса олий маълумотга эга эмаслиги билан ажралиб туради.

Фото: Kun.uz

29-30 декабр кунлари Ўзбекистондаги 208 та туман (шаҳар)нинг барчасида халқ депутатлари кенгашлари сессиялари ўтказилиб, депутатлар орасидан кенгашларга раислар сайланди.

Шу тариқа, 2026 йил 1 январдан бошлаб кенгашларга ҳокимларнинг раислик қилиши туман (шаҳар) даражасида ҳам барҳам топди.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида бундай амалиётга 2024 йилда барҳам берилган эди.

Сенат ахборотига кўра, 2025 йил 29-30 декабр кунлари халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши раиси этиб сайланганларнинг:

  • 31 нафари аёллар (14,9 фоиз);
  • 18 нафари бошқа миллат вакиллари (8,5 фоиз);
  • 203 нафари олий маълумотли (97,5 фоиз);
  • 21 нафари давлат мукофотлари билан тақдирланган (10 фоиз);
  • 8 нафари илмий даража ва унвонга эга (4 фоиз).

Ҳокимиятнинг бўлиниш принципи

Маҳаллий давлат бошқарувида вакиллик ва ижро органларини бир-биридан ажратиш 2023 йилги Конституция ислоҳотида белгиланган эди.

Бунгача амалда бўлган тартиб, яъни ҳокимлар бир вақтнинг ўзида кенгаш раиси лавозимини ҳам эгаллаши – ҳокимиятнинг бўлиниш ва ҳокимият бўғинларининг ўзаро тийиб туриш принципларига зид эди.

Янги қоидага кўра, бундан буён ҳоким бир вақтнинг ўзида кенгаш раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.

Ваколатлар

2023 йилда янгиланган Конституцияга асосан, халқ депутатлари кенгаши ва ҳоким ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудуддаги барча ташкилотлар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади.

Халқ депутатлари кенгашларининг ваколатлари қуйидагича:

  • тегишли маҳаллий бюджетларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш, уларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  • ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини тасдиқлаш;
  • ҳокимни лавозимга тасдиқлаш, унинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;
  • Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари эса қуйидаги ваколатларга эга:

  • Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларини, Олий Мажлис палаталарининг қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ҳамда фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, юқори турувчи ҳокимларнинг ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини бажариш;
  • ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш;
  • Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Ҳокимнинг ҳам, кенгаш раисининг ҳам ваколат муддати – 5 йил. Иккиси ҳам ўз лавозимида сурункасига икки муддатдан ортиқ ўтириши мумкин эмас.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид