Ўзбекистон | 08:24 / 17.02.2026
5058
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан АҚШга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Доналд Трампнинг таклифига биноан 17–19 феврал кунлари Вашингтон шаҳрида бўлиб, «Тинчлик кенгаши»нинг дастлабки йиғилишида иштирок этиши режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Трампнинг таклифига биноан 17–19 феврал кунлари амалий ташриф билан Вашингтон шаҳрида бўлади.

Ташриф доирасида давлат раҳбари «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи саммитида иштирок этади. Йиғилиш АҚШ Тинчлик институтида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Саммит кун тартибида Ғазо секторини тиклаш, минтақада гуманитар ёрдам кўрсатиш ҳамда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Американинг етакчи компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари иштирокида стратегик лойиҳалар тақдимоти, шунингдек иқтисодий соҳадаги икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ўтказилиши кўзда тутилган.

«Тинчлик кенгаши» АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган. Ўзбекистон жорий йил январ ойида Швейцариянинг Давос шаҳрида мазкур тузилмага таъсисчи давлат сифатида қўшилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид