Жаҳон | 16:28 / 04.11.2025
2942
9 дақиқада ўқилади

Украинага келган «Storm Shadow», Ғазода жойлашадиган «мажбурий ижро кучлари» ва Сербияда тўхтаган намойишлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазо учун халқаро кучлар

АҚШ — БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бир неча аъзоларига Ғазо учун камида икки йил давом этадиган халқаро куч тузиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини юборди. Бу ҳақда ҳужжат нусхасига таяниб Оқ уйга яқин Axios нашри ёзмоқда.

«Махсус, лекин махфий эмас» белгиси билан тарқатилган ҳужжат АҚШ ва бошқа иштирокчи давлатларга 2027 йил охиригача Ғазони бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича кенг ваколат беради. Ҳужжатда бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкинлиги қайд этилган.

АҚШ расмийси маълум қилишича, резолюция лойиҳаси келгуси кунларда Хавфсизлик кенгаши аъзолари ўртасидаги музокараларга асос бўлади. Мақсад — яқин ҳафталарда резолюцияни овозга қўйиш ва 2026 йил январига қадар Ғазога дастлабки қўшинларни жойлаштириш.

АҚШ расмийси таъкидлашича, «Халқаро хавфсизлик кучи» бу сафар «тинчликпарвар куч» эмас, балки «мажбурий ижро кучи» бўлади.

ISF бир нечта давлатлар ҳарбийларини ўз ичига олади ва АҚШ президенти Доналд Трамп раислик қиладиган «Тинчлик кенгаши» билан ҳамкорликда ташкил этилади. Лойиҳада Кенгаш камида 2027 йил охиригача фаолият юритиши назарда тутилган.

Резолюция лойиҳасига кўра, халқаро кучлар — Ғазонинг Исроил ва Миср билан чегараларини қўриқлаш, фуқаролар ва ҳуманитар йўлакларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ҳамасни қуролсизлантириш ва Ғазода янги полицияни тайёрлаш каби вазифаларни бажаради.

Axios маълумотига кўра, Индонезия, Озарбойжон, Миср ва Туркия ўз қўшинларини юборишга тайёрлик билдирган. Кучларнинг ташкил этилиши ва фаолияти «Миср ва Исроил билан яқин маслаҳатлашув ҳамда ҳамкорликда» амалга оширилади.

Россия–Украина уруши

Bloomberg манбаларига кўра, шу кунларда Буюк Британия Украинага яна бир нечта «Storm Shadow» ракеталарини топширган. Бу Киевга Россия ҳудудига узоқ масофали зарбалар кампаниясини давом эттириш имконини беради.

Киевга аниқ қанча ракета етказилгани маълум эмас, аммо янги етказиб беришлар Украинани бутун қиш мавсумида таъминлаш учун мўлжалланган. Лондон бу даврда Россия ҳужумларини кучайтиришидан хавотирда.

Буюк Британия илк бор 2023 йилда Киевга ушбу қанотли ракеталарини берганди. Украина уларни Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга қарши илк бор 2024 йил ноябр ойида ишлатган.

Фронтдаги вазиятга келсак. Украина Бош разведка бошқармаси бир неча кун олдин Донецк областининг Россия қўшинлари қамал қилган Покровск шаҳрида ҳарбий операция ўтказаётганини маълум қилди.

Хусусан, Украина махсус кучлари бир неча кун олдин Black Hawk вертолётида «ушбу стратегик шаҳардаги вазиятни барқарорлаштириш учун» Покровскка қўнган.

РФ мудофаа вазирлиги эса 1 ноябр куни «вертолётдан тушган 11 кишининг барчаси йўқ қилинди», дея баёнот берди. Украина ОАВлари эса ҳарбий разведкадаги манбаларига таяниб, «бу баёнот ҳақиқатга тўғри келмаслигини», ҳудудда барқарорлаштириш ҳаракатлари давом этаётганини таъкидлади.

Малдивда ёшлар учун сигарет чекиш тўлиқ тақиқланди

Малдив ороллари дунёда ёш авлод учун сигарет чекишни тўлиқ тақиқлаган биринчи мамлакат бўлди. Малдив ҳукумати 2007 йил 1 январдан кейин туғилган барча фуқаролар, шу жумладан, туристларга ҳам тамаки маҳсулотларини чекиш ва сотишни тақиқлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилган баёнотда айтилишича, эндиликда ёш авлод учун мамлакат ҳудудида тамакидан фойдаланиш, уни сотиб олиш ёки сотиш қонунга хилоф бўлади. Вазирлик бу қарор «ҳукуматнинг ёшларни тамакининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш борасидаги қатъий садоқатини» ифодалаган.

Янги тақиқ «тамаки маҳсулотларининг барча турларига» тааллуқлидир ва чакана сотувчилар ҳар бир харидорнинг ёшини сотишдан олдин текширишга мажбур, дея билдирди маҳаллий соғлиқни сақлаш вазирлиги. Бу чора ЖССТнинг Тамаки билан курашиш бўйича халқаро конвенциясидаги давлат мажбуриятларига мувофиқдир.

Ўтган йили Малдив ороллари ҳар қандай ёшдаги шахслар учун электрон сигареталар ва вайпинг маҳсулотларини импорт қилиш, сотиш, сақлаш, ишлатиш ёки тарқатишни ҳам тақиқлаган эди.

Малдив оролларига ташриф буюрувчи туристлар ҳам янги қонунга риоя қилишлари шарт бўлади. «Одамлар Малдив оролларига чекиш учун келмайди. Улар пляжлар, денгиз, қуёш ва тоза ҳаво учун келади», деган расмийлар.

Исроил фаластинликлар учун ўлим жазосини тикламоқчи

Исроил парламенти терроризм билан боғлиқ қотиллик учун судланган фаластинликларга ўлим жазосини қайтарадиган қонун лойиҳасини илгари сурмоқда. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари огоҳлантиришича, бу чора — ирқий камситиш тизимини мустаҳкамлайди ва халқаро ҳуқуқни бузади.

Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир томонидан таклиф қилинган қонун қабул қилинса, бу 1962 йилдан бери Исроилда биринчи марта ўлим жазоси қўлланиши бўлади ва ўлим жазосига етмиш йиллик мораторий бекор бўлади.

Amnesty International, Adalah ва Human Rights Watch каби инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қонун лойиҳасини фақат фаластинликларга тааллуқли бўлган «ирқий асосланган» деб атамоқда.

Улар 2023 йил октябр ойидан кейин ҳарбий судларда айблов ҳукмлари ва қийноқлар бўйича шикоятларга ишора қилиб, қонун мажбурий иқрорлик асосида ўлим жазосини қонунийлаштиришидан огоҳлантирмоқда.

БМТ ушбу ташаббусни Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва Женева конвенцияларини бузадиган «регрессив қадам» деб атади.

Эрдўғаннинг «Туркия асри»

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарада ўтган ҳукумат йиғилишидан сўнг баёнот бериб, «Туркия асри»ни қуриш бўйича ишлар мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам давом этаётганини айтди.

Унинг айтишича, 28 октябрда очилган зирҳли техника заводи дунёдаги энг яхшиларидан.

«Миллий жанговар танкимиз ALTAY қуролли кучларига топширилди. Мақсадимиз — 6 йил ичида 250 дона танкни армияга етказиш», деди у.

Эрдўған, шунингдек, Европа етакчилари билан бўлган учрашувларда Eurofighter Typhoon қирувчи самолётлари етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганини эслатди.

«Биз маҳаллий лойиҳаларни тезлаштирамиз: миллий жанговар самолётимиз KAAN белгиланган муддатда ҳаво кучлари инвентарига киради. Шунингдек, Испаниянинг 45 та HURJET самолётини сотиб олиши бизнинг амбициямизни исботлади», деди у.

Сербиялик талабалар намойишларни тўхтатди

Сербиялик талабалар деярли бир йил давом этган ҳукуматга қарши намойишларни тўхтатди. Белград, Нови-Сад, Ниш ва Нови-Пазар университетларида дарслар 3 ноябр куни қайта бошланди, деб хабар берди давлат Tanjug ахборот агентлиги.

Талабалар 2024 йил ноябр ойидаги фожиадан сўнг университетлар блокадасини бошлаган эди. Ўшанда 16 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланди.

Нови-Садда 2024 йил 1 ноябр куни яқинда таъмирланган темирйўл вокзалидаги бетон соябон қулаб тушган эди. Натижада 6 ёшдан 74 ёшгача бўлган 16 киши ҳалок бўлди. Фожиадан кейин қурилиш вазири лавозимини эгаллаган Горан Весич истеъфо берди, кейинроқ у ва вокзал реконструкцияси билан боғлиқ яна 12 нафар шахс қўлга олинди. Бироқ ҳозиргача улардан ҳеч бири жавобгарликка тортилмаган.

Вазирнинг истеъфоси ва қўлга олишларга қарамай, мамлакат бўйлаб норозилик тўлқини кучайди. Сербия полицияси намойишчилар билан кескин тўқнашувларга киришди. Намойишчилар Нови-Саддаги фожиага сабаб сифатида коррупцияни, беэътиборликни, қурилишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмасликни ва ҳокимият тепасидаги мансабдорлар ўртасидаги таниш-билишчиликни кўрсатди.

Январ ойида норозиликлар фонида Сербия бош вазири ва Нови-Саднинг собиқ мэри Милош Вучевич лавозимини тарк этишини эълон қилди.

Сербия президенти 2 ноябр куни мамлакатда муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилишини ваъда қилди. Унинг сўзларига кўра, сайловлар ваколат муддати тугамасидан, яъни 2027 йил декабригача бўлиб ўтади, аниқ санани эса «тегишли институтлар» белгилайди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид