Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ғазода аҳвол ёмонлашмоқда
Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида икки йиллик Исроил геноциди ортидан кўчирилган оилалар совуқ туфайли ёмон шароитларга дуч келмоқда. Хусусан, пайшанба куни саккиз ойлик чақалоқ кучли совуқдан вафот этгани маълум қилинди.
Ўлимни тасдиқларкан, Ғазо соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари Мунир ал-Бурш ёмғир суви билан тўлган чодирлар ичида яна кўплаб болалар, қариялар ва беморлар ҳалок бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Унинг айтишича, чодирлар ичидаги намлик ва турғун сув – пневмония ва нафас йўллари инфекциялари учун «мукаммал муҳит» яратмоқда. Беморлар эса дори ёки тиббий ёрдам топа олмаяпти.
Ғазо Фуқаро мудофаасининг айтишича, бутун бошли лагерлар ёмғир суви остида қолган, жумладан, Хон Юнусдаги ал-Маваси ҳудуди, Дейр ал-Балаҳдаги майдонлар, Нусейратдаги Марказий бозор ҳудуди ҳам.
Қутқарувчилар сўнгги кунларда бўрон вақтида чодирлари сув босган кўчирилган оилалардан 2 500 дан ортиқ шошилинч мурожаат олган. Жанубдаги ўнлаб чодирлар тўлиқ сув босгани сабабли эвакуация қилинган.
Айни вақтда Ғазо бўйлаб кўчирилганлар лагерларидаги 250 мингдан ортиқ оила эскирган чодирларда совуқ ҳаво ва ёмғир суви хавфи остида қолмоқда.
Донбассда «эркин иқтисодий зона» яратиш таклиф қилинди
Президент Володимир Зеленскийнинг айтишича, Украина урушни тугатиш бўйича АҚШга янгиланган 20 банддан иборат режа тақдим этган. Киевда журналистларга мурожаат қиларкан, Зеленский – АҚШ муросавий вариант сифатида шарқий Донбасс ҳудудларида «эркин иқтисодий зона» яратишни таклиф қилаётганини айтди.
«Улар буни Украина қўшинлари Донецк вилоятидан чиқиб кетиши деб кўришяпти. Муроса гўёки шундан иборатки, Россия қўшинлари Донецк вилоятининг ушбу қисмига кирмайди. Улар бу ҳудудни ким бошқаришини билишмайди», деди у. Унга кўра, Россия буни «демилитаризация қилинган зона» деб атамоқда.
Шу билан бирга, ер масаласида ҳали умумий тушунча йўқ ва украиналиклар ҳар қандай ҳудудий имтиёзлар бўйича референдумда овоз беришлари керак.
Зеленскийнинг билдиришича, Харкив ва Суми вилоятларида, Днепропетровск вилоятларидаги кичик ҳудудлардан Россиянинг чиқиб кетиши ҳам муҳокама қилинмоқда.









