Ўзбекистон | 15:16 / 27.08.2025
29899
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топширди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди.

Тошкент шаҳрида 27 август куни ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди. Давлат раҳбари барчани, аввало, Мустақиллик байрами билан табриклади. Мамлакатда эришилаётган натижаларнинг асоси, саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳақида алоҳида тўхталди.

– Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларимиз қандай улкан натижалар бераётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ўтган саккиз йилда ялпи ички маҳсулотимиз шиддат билан ўсиб, 115 миллиард долларга етди. Бугун битта рақамни биринчи марта айтмоқчиман: Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, бу йил иқтисодиётимиз ҳажми 130 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Яъни, илгари бундай ўсиш, бундай юксак эътироф ҳеч қачон бўлмаган, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мукофотланганларга фахрий унвон, орден ва медалларни тантанали равишда топширди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан тақдирланди.

Президент администрацияси департамент бошлиғи Гаянэ Умерова «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор Сирожиддин Саид «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.

Ўзбекистон давлат сатира театри директори, қизиқчи Мирзабек Холмедов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

Адлия вазири Акбар Тошқулов «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони билан тақдирланди. 
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони билан тақдирланди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга 2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси махсус унвони берилди.
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга генерал-лейтенант махсус унвони берилди.
Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедовга генерал-лейтенант ҳарбий унвони берилди.
Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Баҳром Асилович Рашидовга генерал-майор унвони берилди.

Мукофотлаш тўғрисидаги президент фармонлари:

  • фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият каби соҳалар вакиллари;
  • давлат хизматчилари ва турли соҳа ходимлари;
  • ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари.
Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид