Ўзбекистон | 23:31 / 06.07.2021
24767
2 дақиқада ўқилади

Расман: Давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларациялаш 2022 йил 1 январдан бошланади

Шу санадан бошлаб, давлат хизматчиларига хорижда мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади; хориж банкларида ҳисобрақам очиш ва нақд пул маблағларини сақлаш ман этилади.

“Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Фармонга кўра, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.

Декларацияни беришдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва жавобгарликка сабаб бўлади.

2022 йил 1 январдан давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисобрақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.

“Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида” ва “Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида” қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Мансабдорнинг ўз шахсий манфаати мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади.

Манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш ва олдини олиш бўйича чора кўрмаганлик жавобгарликни келтириб чиқаради.

Фармон асосида:

  • даромадлар ва мол-мулкни декларациялашда аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатилади;
  • Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхати белгиланади;
  • коррупциявий жиноятларга жазо узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтирилади;
  • коррупциявий жиноятлар содир этганларга енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгиланади.

Мавзуга оид