Ўзбекистон | 15:24 / 12.10.2022
19306
5 дақиқада ўқилади

«Музей, очиқ кутубхона ва анжуманлар зали» – Ислом цивилизацияси маркази қачон битади ва унда нималар бўлади?     

Ислом цивилизацияси маркази биносининг қурилишига президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 15 июнь куни тамал тоши қўйган эди. Хўш, ушбу марказдаги қурилиш жараёнлари қачон якунланади? Марказда нималар бўлади? Kun.uz мухбири репортажида танишинг.

Марказ директори Шоазим Миноваровнинг маълум қилишича, бугунги кунда 70 фоиз қурилиш жараёнлари ниҳоясига етган. Қурилиш жараёнларини 2023 йил охиригача битириш ҳамда 2024 йилнинг 2-чорагидан зиёратчиларни қабул қилиш режалаштирилган.

Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази 7 гектар майдонни эгаллайди. Уч қаватдан иборат бинонинг узунлиги 161 метр, эни эса 118 метр, марказий гумбаз баландлиги 67 метрни ташкил этади. Бинонинг жами фойдаланиш ҳудуди 4 гектардан ошади.

Кўп тармоқли илмий-маърифий маскан бўлиши кутилаётган марказда Ислом цивилизацияси тарихи музейи, кутубхона, қадимий ёзма манбалар ва тарихий ашёларни реставрация қилиш лабораториялари, қўлёзмалар ва архив ҳужжатлари фондлари, анжуманлар зали ҳамда илмий-тадқиқот бўлимлари бўлади.

Музейга киришдаги фойе

Марказнинг асосий атрибутларидан бири – Ислом цивилизацияси тарихи музейи Франция компаниялари билан ҳамкорликда режалаштирилган бўлиб, замонавий технологиялар асосида намойиш этиладиган, ислом оламининг бебаҳо меросига оид турли ноёб экспонатларни ўз ичига олади.

Шоазим Миноваров, Ислом цивилизацияси маркази директори

«Бинони қуриб қўйиш битта иш бўлса, уни тўлдириб, давлат раҳбари ўйлаганидек бутун тарихимизни битта жойга тўплаш анча вақт олади. Музейга киришдаги фойеда 2,80х7 метр ҳажмдаги 12 та равоқ бор. У ерда алломалар фаолияти тошлар ёрдамида миниатюралаштирилади.

Фойеда гумбаз остидаги жуда катта зал – Қуръон зали бор. Залнинг ўртасидан Усмон Мусҳафи жой олади. Президентимиз бошидан айтганки, «Ўртада Қуръон бўлади, чунки ҳамма нарса Қуръондан бошланган». Унинг атрофида ўзимизда бошқа нодир мусҳафлар, қадимий Қуръон китоблари жойлашади. У ерда қўлёзмаларнинг тарихи ҳақида маълумотлар бўлади», – дейди Шоазим Миноваров.

Музейнинг Қуръон зали ва гумбаз. Қурилиш ишлари давом этмоқда.

Қуръони карим зали атрофида Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё, Марказий Осиёга Исломнинг ёйилиши, Таълим, Илм-фан, Меъморлик ва шаҳарсозлик, Санъат ва бадиий ҳунармандлик, Анъаналар, Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон бўлимлари ўрин олган.

Бундан ташқари, марказ биноси ҳудудида Халқаро ислом академияси магистр ва илмий изланувчилари учун ўқув заллари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва марказ маъмурияти, йирик халқаро тадбирларга мезбонлик қила оладиган 550 ўринга мўлжалланган анжуманлар зали жойлашади.

«Тўғриси, кадрлар етарли эмас, лекин тайёрлаяпмиз. Бунақа марказни қуриш, фойдаланиш тажрибаси ҳеч қаерда йўқ. шунинг учун бошқарувдан тортиб, илмий ходимларгача ишга оляпмиз. Лекин соҳа мураккаб, замон илгарилаб кетяпти. Кадрлар масаласи нафақат бизда балки, бутун дунёда ўзига яраша…

Бизга хаттотлар, китоблар бўйича мутахассислар ва таржимонлар керак. Қўлёзма китобларимизни реестр қилиш масаласи жуда мушкул иш эканлигини ўзимиз тўқнаш келганимизда тушундик. Ҳозир кадрларга қўяётган талабимиз камида битта хорижий тилни мукаммал билиш ва ўзбек тилида юмшоқ қилиб айтганда саводли бўлиш», – дейди марказ директори.

Анжуманлар залида қурилиш жараёни

Учинчи қаватда ислом тамаддунига оид 100 мингга яқин қадимий қўлёзма ва тошбосма манбаларни қамраб олган, шунингдек, барча турдаги замонавий даврий нашр манбаларига эга бўлган 224 ўринли кутубхона жойлашади.

Ўрта асрлар Марказий Осиё меъморчилиги услубида лойиҳалаштирилган бинонинг тўртта дарвозаси тўрт буюк уламолар: Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Ал-Хоразмий ва имом Термизийлар номига қўйилган. Ҳозирча бу номлар якуний тўхтам эмас, яъни ўзгариши ҳам мумкин.

Шунингдек, бино тўрт томонидан илмга тарғиб қилувчи, бағрикенглик ва инсонпарварлик мазмунидаги оят ва ҳадислар, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан иборат хаттотлик ёзувлари билан безатилади.

Марказдаги йирик кутубхона ҳам жамоатчилик учун очиқ бўлади. Шунингдек, бинонинг атрофи кўкаламзорлаштирилиб, Ҳазрати Имом мажмуасида жойлашган Мўйи Муборак, Бароқхон мадрасалари, Қаффол Шоший мақбараси, Ҳазрати Имом масжидлари билан бирга ягона мажмуани ташкил этади.

«Биз очиқ бўламиз, нафақат кутубхона ва музейларимиз, балки марказнинг атрофида ҳам яшил ҳудудлар қилинади. У ерда тарихий-маданий муҳит яратилади. Атрофидаги эски шаҳар уйларига ҳам тегилмайди, энди.

Одамларимиз орасида ҳар хил гаплар юради, кимдир қуриб бераркан, деган маънода. Тўғри ҳомийларимиз ҳам бор, ватанпарварлик нуқтайи назаридан ёрдам беради. Лекин бу учун бюджетдан ҳам маблағлар сарфланяпти. Чунки бу маскан халқимиз маърифати учун, унинг келажаги учун инвестиция”, – дейди Шоазим Минаваров.

2020 йилда эълон қилинган инвестиция дастурида Алишер Усмоновга тегишли компания Ислом цивилизацияси марказига 119 миллион доллар инвестиция киритиши ҳақида ёзилган эди. 2021 йил охирида лойиҳа қурувчиси Трест-12 билан тузилган шартнома қиймати 1 триллион 723 миллиард сўмга ўзгартирилган. Бу ўша вақтдаги Марказий банки курси бўйича 161 миллион доллардан ошади.

Мавзуга оид