Жамият | 21:48 / 02.08.2020
3960
2 дақиқада ўқилади

«Захирада 1650 та махсус тест жамламаси бор» – Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси

Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси юққанини аниқлайдиган 1 миллионта тест захираси бор ва у узлуксиз янгиланиб турилади, деб маълум қилди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси.

«18 июлда захирамизда 7580 тест жамламаси мавжуд эди. Жорий йилнинг 2 август куни ҳолатига кўра захирада 1650 та тест жамламаси қолди. Кун давомида 439 нафар одамдан COVID-19га таҳлиллар олиниб, 829 та тест таҳлиллари ўтказилди. Шундан 133 таси мусбат, 696 та манфий чиқди. Айни пайтда 1021 та таҳлиллар текшириш учун лабораторияда сақланмоқда.

Шу пайтгача коронавирус инфекцияси учун тест олинганлар сони 174 339 нафарни ташкил этади. Чартер рейслар ва бошқа йўллар орқали хориждан келганлар карантин зоналарига жойлаштирилмоқда. Карантин мажмуаларида албатта тестларни ўтказамиз. Қолаверса, шифохоналарда даволанаётган беморлардан бир неча марта тест оламиз

Тўрақул Орзиқулов
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Пандемия бошланганган буён Тошкент вилоятида 3511 нафар шахснинг коронавирусга чалингани аниқланган. Шу пайтгача 2527 нафар шахс касалликдан соғайган. Айни пайтда 968 нафар бемор даволанмоқда. Ҳозиргача 16 нафар бемор касаллик асоратлари туфайли вафот этган. 1 август куни 133 та ҳолат аниқланган бўлиб, уларнинг барчаси аҳоли орасидан чиққан», дея вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Орзиқуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, 2020 йил 1 август ҳолатига кўра Тошкент вилоятида касалланганларнинг 15 нафари ўта оғир, 20 нафари оғир, 225 нафари қониқарли аҳволда. Аломатларсиз уй шароитида даволанаётганлар 708  нафарни, пневмония ҳолатидагилар 153 нафарни ташкил этади.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси юққанини аниқлайдиган 1 миллионта тест захираси бор ва у узлуксиз янгиланиб турилганини маълум қилган эди.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид